Бироз аввал Сурхондарё вилоят ҳокимлиги 2 дона Skoda Kodiaq русумли автомашиналар ҳарид қилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бу автомашиналарга эҳтиёжнинг бор-йўқлиги ва давлат ҳокимияти органлари масъуллари учун бу турдаги автомашиналарнинг ҳарид қилиниши нормаларга тўғри келиш-келмаслиги юзасидан суриштирув олиб бордик.
Сурхондарё вилояти ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Заҳириддин Тўраевнинг "Даракчи"га маълум қилишича, вилоят ҳокимлигига олиниши режалаштирилаётган 2 дона транспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 258-сонли қарори талабларидан чиқмаган ҳолда вилоят ҳокимининг хизмат автомашинаси билан таъминланиши лозим бўлган, аммо хизмат автомашинаси мавжуд бўлмаган янги ўринбосари ва маслаҳатчиси учун харид қилинмоқда.
Олдинги хизмат машиналари нима бўлади?
Масъулнинг айтишича, аввал харид қилиган машиналар бошқа ўринбосарларга хизмат автомашинаси сифатида бириктирилган.
Машиналар ҳарид нархлари нормаларга мосми?
Вазирлар Маҳкамасининг 258-сонли қарори билан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари белгилаб қўйилган. Унда вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари учун 1 дона энг юқори нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 000 бараваригача (490 млн. сўм) 1 дона, раҳбар ўринбосари учун энг юқори нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 бараваригача (367,5 млн. сўм) нархдаги 1 дона автомашина ҳарид қилиш мумкин – жами 857 млн. 500 минг сўм. Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳарид қилаётган автомашиналарнинг умумий нархи эса 694 млн. сўм.
Демак, ҳарид қилинаётган хизмат автомашиналарининг нархлари нормаларга мувофиқ тарзда ҳарид қилинмоқда.
Сардорбек Раҳмонқулов






