Бугунги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимлар захираси деярли буткул тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага юз тутган, боз устига аҳоли нуфуси ўсиб бораётган, иқтисодий тараққиётга эҳтиёж кун сайин ортаётган вазиятда атроф муҳитни сақлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа саналади.
Ушбу мақолада атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган ҳуқуқий асослар халқаро, минтақавий ва миллий стандартлар асосида кўриб чиқилди.
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг халқаро стандартлари.
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишда халқаро доирада қўйилган биринчи қадам 1913 йилда Берн (Швецария)да 18 та давлат иштирокида "Табиатни муҳофаза қилиш" бўйича халқаро конференция ўтказиш бўлди. 1923 йилда эса Парижда биринчи халқаро табиатни муҳофаза қилиш конгресси бўлиб ўтди. 1928 йилда Брюссел (Белгия)да "Табиатни ҳимоя қилиш халқаро бюроси" очилди. Ушбу халқаро тадбирлар доирасида Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишга эътибор бир мунча кучайди.
1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилиши муносабати билан атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ушбу халқаро ташкилот фаолиятининг муҳим таркибий қисми сифатида ривожлана бошлади. БМТ дастлаб 1948 йилда "Табиатни ҳимоя қилиш халқаро бюроси" "Табиатни муҳофазалаш халқаро иттифоқи" га айлантирди. Ҳозирги кунга келиб ушбу иттифоқ фаолиятида дунёнинг 118 мамлакатидан 636 тадан зиёд давлат ва жамоатчилик ташкилотлари иштирок этмоқдалар.
Шунингдек, бугунги кунда БМТнинг мавжуд 14 та ихтисослашган ташкилотларидан 6 таси атроф-муҳит муҳофазасига алоқадор масалалар билан шуғулланади. Хусусан:
- ЮНЕСКО - таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидан бири атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида маориф ва кадрлар тайёрлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ижобий тажрибаларни оммалаштириш, илмий тадқиқотлар ўтказишга қаратилган.
- ФАО - озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилот. У ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонлардан комплекс фойдаланиш, уларнинг унумдорлигини ошириш муаммолари билан шуғулланади.
- ЖСТ - халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти. Атроф-муҳит муҳофазасининг санитар гигиеник масалалари билан шуғулланади.
- ХМТ - халқаро метеорологик ташкилот. Иқлимдаги умум сайёравий ўзгаришлар билан шуғулланади.
- ДМТ - денгизлар бўйича давлатлараро маслаҳат ташкилоти. Бу ташкилот дунё денгиз ва океанларидан фойдаланишнинг экологик жиҳатлари билан шуғулланади.
Юқоридагилардан ташқари БМТнинг ижтимоий ва иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи кенгаши - ЭКОСОС фаолиятида ҳам атроф-муҳит муҳофазасига жиддий эътибор берилади.
Халқаро атроф-табиий муҳитни муҳофазалаш куни
1972 йилда Стокголм (Швеция)да 113 мамлакат, турли давлатлараро ва нодавлат ташкилотлари иштирокида БМТнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича конференцияси ўтказилди. Унинг натижалари асосида "Атроф-муҳит тўғрисида декларация" қабул қилинди.
Стокголм конференцияси қарорлари БМТнинг 32 -Бош Ассамблеясида кўриб чиқилди ва улар асосида 11 та резолюция қабул қилинди. Бу резолюцияларда БМТнинг атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги тадбирларининг ташкилий маъмурий ва ҳуқуқий асослари ёритиб берилди.
Атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига дунё жамоатчилиги эътиборини янада кучайтириш мақсадида 1972 йил БМТнинг 1-жаҳон конгрессида ҳар йили 5 июнни "Халқаро табиатни муҳофазалаш куни" деб эълон қилинди. Шу йили БМТ Бош Ассамблеясининг 27-сессиясида давлатлараро ҳамкорликнинг ташкилий ва молиявий тадбирларини белгиловчи "Ташқи муҳит бўйича БМТнинг иш дастури" (ЮНЕП) ва уни бошқарувчилари Кенгаши таъсис этилди. 1973 йил (Стокголм) мазкур кенгашнинг 1-сессиясида "Атроф-муҳит соҳасидаги ҳаракат дастури" муҳокама қилиниб, унда ХЭҲнинг 7 та энг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
1982 йилда БМТ "Умумжаҳон табиат Ҳартия"сини тасдиқлади. Уни инсоннинг табиатга муносабатини белгиловчи ўзига хос кодекси дейиш мумкин.
Шунингдек, БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор Ривожланиш соҳасидаги 17 та миллий мақсад ва вазифаларнинг 13, 14, 15 мақсадлари бевосита атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги вазифаларни ва йўналишларни белгилаб берган.
Бунда:
- 13-мақсад: Иқлим ўзгаришига қарши кураш – Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни кўриш;
- 14-мақсад: Денгиз экотизимларини асраш – Барқарор тараққиёт йўлида океанлар, денгиз ва денгиз ресурсларини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш;
- 15-мақсад: Ер экотизимларини асраш – Ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, қумланишга қарши кураш, ерларнинг таназзулга учраши жараёнини тўхтатиб, ерларни қайта тиклаш, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб кетишини тўхтатиш.
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг миллий стандартлари
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ўз аксини топган. Конституциянинг 50, 54, 55 ва 100-моддаларида фуқароларинг ушбу соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, атроф-муҳитга муносабат ва бошқарув тизими бўғинларининг фаолияти белгиланган. Жумладан, 50-моддада "Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдир"лар дейилади. 100-моддада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маҳаллий ҳокимлик органлари вазифасига кириши таъкидланган.
Шунингдек, 1996 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган. Қонун 30 та моддадан иборат бўлиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар, ҳаво муҳитига зарар етказганлик учун жавобгарлик каби моддалар мавжуд.
1994 йил 23 сентабрда Ўзбекистон Республикасининг "Ерости бойликлари тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган. Қонун 10 та бўлим ва 51 та моддадан иборат.
1993 йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувлардан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.
1999 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикасининг "Ўрмон тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.
2000 - йилда Ўзбекистон Республикасининг "Экологик экспертиза тўғрисида" ги қонуни қабул қилинган.
2001 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Чиқиндилар тўғрисида” ги қонуни қабул қилинган.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлик
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик меъёрларида белгиланган. Маъмурий кодексда жиноят турига қараб турли миқдорда жарималар тўлаш ва маълум ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг
4-бўлими "Экология соҳасидаги жиноятлар" деб юритилади. Жиноят кодексида Экология соҳасидаги турли жиноятлар учун жарима тўлаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мол-мулкни мусодара қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ ва озодликдан маҳрум қилиш чоралари белгиланган.
Иқболбек Абдумажидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими