АсосийJamiyat

Давлат хизматчиларининг ягона одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилди

'Давлат хизматчиларининг ягона одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилди'ning rasmi

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси 6 та боб ва 53 та моддадан иборат. Унда давлат хизматчиларининг ўзлари, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш мажбуриятлари белгиланмоқда. Шунингдек, лойиҳа иш жараёнидаги меҳмондўстлик белгилари, совғалар, маҳаллийчилик, ходимни таъқиб қилиш, таниш-билишчилик, фаворитизм каби тушунчаларни ҳам қамраб олган. 

Кодексда биринчи бор давлат хизматчиси тушунчасига таъриф берилмоқда. Кодекс билан давлат хизмати уч турга бўлинмоқда:давлат сиёсий хизмати,давлат фуқаролик хизмати, давлат махсус хизмати.

Лойиҳада қуйидаги муҳим масалалар қамараб олинган: 

давлат хизматчиси фаолиятига қўйиладиган чекловлар; 

сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш тартиби;

давлат хизматчисининг тадбиркорлик билан шуғулланишига, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилишига тақиқ;

раҳбар ходимларнинг одоб-ахлоқ мажбуриятлари;

хизматдан ташқарида бўлган одоб-ахлоқ нормалари;

ташқи кўринишига оид талаблар;

чет эл ва ҳудудий хизмат сафарларида ўзини тутиши;

касбий фаолият давомида ўзига маълум бўлган ахборот ва шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

давлат хизматчисининг ОАВ билан муносабати;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этган давлат хизматчиларини лавозимдан четлаштириш ва бошқалар.

Хусусан, иш вақтидан ташқарида давлат хизматчиси умум эътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига амал қилиши, ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этмаслиги, тегишли хизматларни қабул қилишда ўзининг мансаб мавқеидан фойдаланмаслиги белгиланмоқда. 

Шунингдек, давлат ташкилотида сиёсий партиялар ва диний ташкилотларнинг ташкилий тузилмалари ташкил этилишига ҳамда фаолият юритилишига йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Давлат хизматчиларининг кийиниш одобига доир қуйидаги талаблар белгиланмоқда:

“Давлат ташкилотларида барча ходимларга иш жойида бир хилда уларнинг сиёсий ва мафкуравий қарашларини ёки динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш ёки белгиларни тақиб юриш тақиқланади.

Давлат ташкилотларининг ходимлари ташқи кўриниши ва кийиниш услубига оид намунавий талаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади”.

Давлат хизматчиларининг интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари ҳам тартибга солинмоқда:

“Давлат хизматчилари Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлардан шахсий мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бироқ, давлат ташкилотларининг нуфузига ёки бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказувчи маълумотларни тарқатмаслиги керак”.

Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган давлат хизматчилари қилмишининг оғир-енгиллигига қараб интизомий ва қонунчиликда белгиланган бошқа жавобгарликка тортилади.

Мазкур одоб-ахлоқ қоидалари Адлия вазирлиги томонидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурининг 2-банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилди. Бунда хорижий давлатларнинг (АҚШ, Болгария, Аргентина, Молдова, Россия, Қозоғистон) тажрибаси ўрганилди. Ҳужжат билан барча давлат хизматчилари учун мажбурий бўлган одоб-ахлоқ қоидаларининг ягона стандарти жорий қилинмоқда. Лойиҳа қабул қилинса, барча давлат ташкилотларидаги ички одоб-ахлоқ қоидалари мазкур ҳужжат асосида қайта ишлаб чиқилади ҳамда жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади.

Лойиҳани кўриш ва муҳокамада иштирок этиш учун ҳавола:

▫️ https://regulation.gov.uz/oz/d/51956

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар