Sevimli

Тўти Юсупова: “Энди қариликни бўйнимга олдим”

ШОУ-БИЗНЕС 28.12.2021, 09:50
Тўти Юсупова: “Энди қариликни бўйнимга олдим”

Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупованинг узоқ йиллик ижодий фаолияти давомидаги аксарият роллари она образи. Унинг кинода, театр саҳнасида, “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувларида яратган барча оналари мухлислар қалбидан алоҳида ўрин олган. Саҳнада актрисага илк муваффақият келтирган рол ҳам айнан она тимсоли эди.  Миллий театрнинг Янги мавсум очилиши маросимида Тўтихон аяни саҳнадошлари ёнида кўрган театр мухлисларининг қалблари қувончга тўлди.

“Исмимнинг тарихи бор”

— Онам томондан бувам “Шу қиз тўтиқушдек сайраб юрсин”, деб менга шу исмни қўйган эканлар. Ўқишга ҳавасманд қиз эдим. Зеҳним шу даражада эканки, мактабда тушгача учинчи, тушдан кейин тўртинчи синфда ўқиб, биратўла иккала синфни тугатганман.  Оилада тўрт фарзанд эдик. Мактабни битирганимдан кейин отамнинг васиятига кўра онам мени Самрақанддаги Хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга олиб борди. У ерда ўқиб юрган кезларим Самарқанд мусиқали драма театрида “Бой ила хизматчи” спектаклини кўриб, санъатга меҳрим тушиб қолди. 3-курсга ўтдим-у, аммо қулоғимга дарс кирмасди. Фикри-зикрим театрда. Дарслар тугагач,  театрга чопардим. Бир куни ана шундай термулиб ўтиришларимга кўзи тушган театрнинг режиссёри Асрор Жўраев “Анави қиз эшик тагида нима қилиб ўтирибди, чақиринглар-чи?” деб қолган. Олиб киришди, қизиқишларимни билишгач, ўша заҳотиёқ 50 сўм маош билан оммавий саҳналарда ўйнайдиган актёр штатига  ишга олишган.

“Вой артистликкаям ўқирканми?”

— Концертларда ялла айтиб, роль беришса қўлдан келганча ижро этиб юраверганман. Биринчи ролим “Шоҳи сўзана”даги Ҳафиза бўлган. Устозим Тошхўжа Хўжаев мени театрда кўриб, “Қизим, Тошкентда санъат мактаби бор. Агар кириб ўқисангиз, яхши актриса бўлишингиз мумкин” деган гапларини эшитиб хайрон бўлганман. Соддалик қилиб “Вой, артистликкаям ўқирканми?” дебман. У киши кулиб ўқишга боришнинг  йўл-йўриқларини тушунтирганлар. Тошхўжа Хўжаевнинг шу  гаплари билан билим юртини ташлаб, Тошкентга йўл олганман. Оиламизда санъаткорлар йўқ эди. Оила аъзоларим мени бу аҳдимдан қайтаришга кўп уринишган. Онам раҳматли “Менинг артист қизим йўқ” деганлар. Қариндошлардан биттаси “Тошкентга келиб, Тўтини сўйиб кетмасам, отимни бошқа қўяман”, деб қасд ҳам қилган. Мен  эса ўз сўзимда қатъий туриб олганман. Этюднинг ўрнига шеър ўқиб бериб, тарихдан кейинчалик курсдошим бўлган Турғун Азизов, рус тилидаги диктантни (бўлғуси турмуш ўртоғим) Мирғиёс акадан кўчириб институтга кирганман.  Ҳаёт йўлим, касбимни тўғри танлаганимни исбот қилганимдан кейин яқинларим қаршилик қилганларидан афсусланишган. Олий маълумотли бўлганим, турмуш қурганимни кўрганларидан сўнг “яраш-яраш” қилганмиз.  

“Дастурхондаги тарвузлар музлаб қолган...”

— Катта саҳнага биринчи марта 1953 йилда Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асари асосида саҳналаштирилган спектаклдаги оммавий саҳнада чиққанман. У пайтларда актёр аввал оммавий саҳналарда обдон пишитилиб, кейин катта роль бериларди. Ҳозирги ёшлар оммавий саҳналарни ёқтиришмайди. Дарров бош қаҳрамон роли берилса-ю, ўйнай қолишса. Илк бора саҳнага чиққанимда Шукур Бурхонов, Яйра Абдуллаева, Саъдихон Табибуллаев каби улуғ актёр ва актрисаларимизнинг салобатини ҳис қилганман. Турмуш ўртоғим Мирғиёс ака билан бирга ўқиганмиз. Учинчи курсдалигимизда турмуш қуришга қарор қилганмиз. Устозим Тошхўжа Хўжаев ва курсдошларим биргалашиб, тўйимизга бир-бирига интилаётган кийиклар тасвири туширилган соат совға қилишганди. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Тўйимиз куни қалин қор ёққанди, дастурхонга қўйилган тарвузлар музлаб қолган.

“Мени машҳур қилган роль”

Машҳур эмас, элга танитган десак тўғрироқ бўлади.                                                                               1965 йилда театримизда Роблеснинг “Ўлимдан кучли” асари саҳналаштирилди. Ўшанда мен ўттиз ёшда эдим, ёш она ролини беришган. Асар испанлар ҳаётидан олинганди. Қаҳрамонимни ўлдирмоқчи бўлганларидан нола қиладиган  саҳнам бор эди. Унда  чуқур изтироб билан “Мени ўлдирманглар! Уйда, бири икки ёш, бири ўн ойлик болаларим бор. Улар ҳозир ўз жажжи қўлчаларини чўзиб мени излаётган бўлсалар керак.

Қаранг, кўкракларим сутга тўлиб кетди...” дейдиган сўзлари бор эди. Ана шу сўзларни айтиб фарёд чекканимда залда томошабинларнинг “пиқ-пиқ” йиғлаган овозлари эшитиларди. Ҳатто бир сафар томошабин аёлни дард тутиб қолиб, томоша залидан туғруқхонага олиб кетишганди. Шу ролимдан кейин “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олганман.

“Сотти образи учун  “курашганман”...

Мени элга танитган иккинчи ролим шу бўлади. “Келинлар қўғолони” спектаклини 18 йил аншлаг билан ўйнаганмиз. Ўзи  жиддий одамман, бировни кулдиришга ҳаракат табиатимда йўқ. Сотти образи Эркли Маликбоева билан менга топширилди. Ўшанда роль фақат ўзимники бўлишини ҳоҳлаб, жаҳл билан қасдма-қасдликка тинимсиз ишлай бошлаганман. Саҳнада Зайнаб опадан руҳланиб, улар нима қилсалар, муносиб жавоб беришга интилганман. Катта кавуш топиб кийиб, рўмолга қисқичлар сотиб олиб қадаганман. Болаларнинг ўйинчоғидан осилиб турадиган зираклар ясаб олганман. Хуллас, Сотти кийиши керак бўлган нарсаларни ўзим яратганман. Кўйлакларни ҳам ўзим тикканман.  Чеварлик қўлимдан келарди, одамлар менга кўйлак тиктириш учун 15 кунлаб навбатда туришарди. Шу ҳунарим ҳам қўл келган.                                                                      Кўча-кўйда қизларнинг кавш қайтариб сақич чайнашларига ғашим келарди. Ибрат бўлсин деб, саҳнада шуниям қўллаганман. Сақич билан гапирганингизда, оғзингиздан чиқиб кетиши мумкин. Шунда уни қаерга қўйиш керак, деб ўйлаб қолдим. Кейин бирдан хаёлимга келди-ю, оғиздан олиб пешонамга ёпиштириб қўя қолдим. Шу қилиқ ҳаммага ёққанди...                                                                    Микрофонга кулиш ҳам кўчадаги баъзи қиз-жувонларимизнинг овозларининг борича кулишларига ўхшатиб ишланган.                                                                                                                   “Келинлар қўзғолони” фильмидаги Турсунхоним Жаъфарова ижросидаги Фармонбибига Зайнаб опани кўз олдимга келтириб овоз берганман.

“У ёқдан бу ёққа юриб беринг...”

Кинода иш  ҳамиша фототанлов, киносиновдан бошланарди. Лекин менинг “Абдуллажон” га келишим бошқача бўлган. Сурат ҳам олишмаган, синов ҳам ўтказилмаган,  студияга таклиф этиб, “У ёқдан бу ёққа юриб берсангиз, бўлди” дейишганди. Айтганларини бажарганман. Маъқул топишган шекилли-да, ролга тасдиқлашган. Фильмни суратга олиш кунларининг ҳаммаси завқли ўтгани эсимда. Одатда режиссёр билан актёрларнинг фикрлари бир жойдан чиққанда шундай бўлади. Режиссёрнинг гапларини айтганидан ҳам зиёда қилиб бажариб берардик. Менга “Мана бу жойини бундай қиласиз...” деса дарров илиб олиб, ўйлаганидан ҳам тузукроқ ўйнаб беришга ҳаракат қилардим. Образимда ўзбек оналарига хос миллийлик, оналик меҳрини кўрсатиб беришга интилганман.

“Театрда фидойилар ишлайди”

Миллий театримиз саҳнасида қанча  йилдан бери ижод қилаётган бўлсам, дам олиш нималигини билмай қишнинг қаҳратони, ёзнинг жазирамасига чидаб  бутун мамлакатимизни айланиб чиқдик. Бугунги кунда санъаткор бўлиш орзусидаги ёшларимиз кўпайиб бораётгани яхши.  Уларда санъатга қизиқиш, муҳаббат борлиги хурсанд қилса, фидойилик етишмаётгани  ташвишга солади. Санъаткорлик эса фидойиликни талаб қиладиган касблардан. Афсуски, аксарият ёшларда сабр-тоқат йўқ. Ота-боболаримиз “Сабр таги сариқ олтин”, деб бежизга айтишмаган! Шахсан ўзим сабр қилмаганимда, тинимсиз ижод ва санъатга муҳаббатни ҳамма нарсадан устун қўймаганимда  ҳалқимизнинг бугунги ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмасдим, деб ўйлайман. Ёшларимиз шошилишади. Ҳамма нарсага тез эришишни исташади. Лекин нима бўлганда ҳам ўрнимизни босадиганлар борлигига шукр.

“Фарзанд, неваралар ўз йўлига экан...”

— Умр оқар дарё, бирпасда оқиб ўтиб кетаркан. Турмуш ўртоғим Мирғиёс Соатов 88 ёшда бу ёруғ оламни тарк этдилар. 67 йиллик турмушимиз давомида бошимиздан кўп яхши-ёмон кунлар ўтди. Сабр қилдик, бир-биримизни юпатиб, бир-биримизга суяниб яшадик. Ўғил, қиз, келин, неваралар ўз йўлига экан. Ёнингдаги ҳамроҳинг, таянчингни йўқотиш жуда оғир бўларкан.

Буни қабул қилишим қийин кечди. Атрофимдагиларга сездирмасликка ҳаракат қилсам-да, ичим йиғлади. Қон босимим кўтарилиб кетавериб, кўп азият  чекдим. Вақт ҳамма нарсага даво, деганлари рост экан. Вақт ўтиб, Яратганнинг ўзи кўниктирди. Энди қариликни бўйнимга олдим. Яқинларим, шогирдларим, саҳнадошларим тез-тез йўқлаб туришибди. Ҳаммаларидан миннатдорман.

Туҳфа НАЗАРОВА  ёзиб олди

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+18.97° очиқ ҳаво
Валюта курси
10922.03
USD 17.74
11289.01
EUR 136.1
180.31
RUB 0
1