Ҳар йили 4 январь санаси Брайл алифбоси куни сифатида нишонланади. У БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2018 йилда эълон қилинган. 2019 йилдан буён кўзи ожизлар алифбосини яратган Луи Брайл туғилган кунида ушбу сана махсус кун сифатида ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, бу кўзи ожизлар ва заиф кўрувчиларнинг инсон ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишга қаратилган дастур бўлиб хизмат қилмоқда.
Маълумот учун, Луи Брайл 1809 йил 4 январда Кувр шаҳри(Франция)да туғилган. У уч ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли кўр бўлиб қолади. Ўзининг ажойиб хотираси туфайли мактабда ўқиш имконияти пайдо бўлади ва 1819 йилда Париждаги кўр болалар қироллик институтида таълим олади.
Бу орада, 1821 йилда француз Шарль Барбье рельеф ёзишни ўргатишнинг янги версиясини таклиф қилади. Ушбу шрифт Институтда чизиқли рельеф тизими билан параллель равишда ўқитиш учун қабул қилингани айтилади. Маълумотларга кўра, Барбье шрифти фонетик скрипт бўлиб, унда ҳар бир товуш иккита вертикал устунда гуруҳланган 12 нуқта бирикмасидан ҳосил бўлган белги билан ифодаланади. Ушбу тизимнинг катта камчиликлари шундаки, ҳар бир алоҳида белги, кўп сонли нуқталар туфайли, бармоқ ёстиғи остига сиғмайди. Ҳар бир белги бармоқни юқоридан пастга силжитиш орқали ўқилиши керак эди.
1828 йилда Луи Брайл институтни тугатгандан сўнг, у эрда география, алгебра, кейин эса мусиқадан дарс бера бошлайди ва бир вақтнинг ўзида Париж черковида органист бўлиб ишлайди.
Шу билан бирга, у ўзининг бўртма-нуқта ёзиш тизими устида иш олиб боради. 1829 йилда Брайлнинг «Нуқталар ёрдамида сўз, мусиқа ва қўшиқ ёзиш усули» асари Парижда алоҳида рисола сифатида нашр этилган. Унинг иккинчи нашри 1837 йилда чиқади. Брайл алифбо ва рақамли белгиларнинг тегиниш билан ифодаланиши бўлиб, барча ҳарфлар ва рақамларни, ҳатто мусиқий, математик ва илмий белгиларни етказиш учун олти нуқтадан фойдаланади. Олти нуқта тахминан олти миллиметр баландликда, нуқталар орасидаги масофа икки миллиметрга тенг. Тизим 64 та мумкин бўлган комбинацияни тақдим этади. Битта олти нуқта битта белгига мос келади.






