Sevimli

“Ўзбекнефтгаз” Бошқаруви раиси бошчилигида Устюрт, Қашқадарё, Бухородаги геология-қидирув ишлари ва углеводород хомашё захираларини ўстириш масалалари ўрганилди

ИҚТИСОДИЁТ 14.01.2022, 10:29
“Ўзбекнефтгаз” Бошқаруви раиси бошчилигида Устюрт, Қашқадарё, Бухородаги геология-қидирув ишлари ва углеводород хомашё захираларини ўстириш масалалари ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводига ташриф давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Қашқадарёдаги “Шўртан” кони штабида сайёр йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилда бажарилган геология-қидирув ишлари, уларнинг натижалари ҳамда 2022 йилда геологик тадбирларни амалга оширишни жадаллаштириш, заҳираларни ўстириш, янги майдонларни аниқлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар, уларнинг келгуси истиқболли йўналишларини аниқлашга бўйича ишлар муҳокама қилинди.

Қашқадарё вилоятида жойлашган “Шўртан” кони штабида ўтказилган йиғилишда “ЎзЛИТИНЕФТГАЗ” АЖ, Давлат геология қўмитаси, “Ўзбекгеофизика” АЖ, “ИГИРНИГМ” ДМ каби корхоналарнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, илмий ходимлари, шунингдек ҳудудларда геофизик тадқиқотларни олиб бориш, қудуқларни бурғилаш ва табиий газ қазиб чиқариш бўйича фаолият юритаётган мутахассислар, муҳандислар, геолог ва геофизиклар иштирок этишди.

Даставвал, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилнинг январь-август ойларида бажарилган ишлар, эришилган натижалар, мавжуд муаммоли масалалар ҳамда уларнинг ечимларига доир таклифларнинг муҳокамаси ўтказилди.

2021 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 1410 кв.км 3D сейсмик ишлар бажарилди, 22 та янги майдонлар бурғилашга киритилди, 139 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилди, 5 та – яъни, “Ижобат”, “Ғарбий Қуйи Сургил” ва “Раззоқбобо”, “Қуйи Шарқий Бердах” ва “Четқум” янги газ конлари очилди, 42 млн. тонна шартли ёқилғи миқдорида углеводород заҳиралари кўпайтирилди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнларида йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилиб, тегишли раҳбар ва ходимларга уларни тезкорлик билан бартараф этиш ҳамда барча тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича тезкор чораларни кўриш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, 2022 йилда Давлат геология қўмитаси томонидан тайёрланган 20 та янги майдонларда геология-қидирув ишларини қисқа муддатларда ташкиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Барча тадбирларни зарур материал-техник ресурслар билан ўз вақтида таъминлаш ҳамда уларни мақсадли ташкил этиш орқали бурғилашни сифатли амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Тегишли раҳбар ва мутахассисларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 2022 йилда 35 млрд. куб метрдан ортиқ табиий газ ва 1,0 млн тонна суюқ углеводород заҳираларини ўстириш йўлида барча зарур чораларни кўриш ҳамда мавжуд ресурсларни тўлиқ сафарбар этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу билан бир қаторда, 2022 йилда амалга ошириладиган геология-қидирув ишларининг асосий истиқболли йўналишлари аниқлаб олиниб бу борада ишлаб чиқилган тавсияларни амалиётга тадбиқ этиш масалалари муҳокама этилди. Бу борада Давлат геология қўмитаси томонидан яна 20 та янги истиқболли структураларни тайёрлаш орқали истиқболли майдонлар дефицитини ечиш масаласи алоҳида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари , 2022-2026 йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 10 минг 200 кв.км.дан ортиқ 3D сейсмик ишларни бажариш, 100 дан ортиқ янги майдонларни бурғилашга киритиш, 965 минг метр бурғилаш ишларини бажариш, 310 та қудуқларни қурилиш билан тугатиш режа қилиб олинди.

Ушбу тадбирлар натижасида 177,6 млрд.куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 6,5 млн. тонна суюқ углеводород заҳираларини ўстиришни таъминлаш белгиланди.

Юқоридаги тадбирларни амалга ошириш жараёнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси, “ЎЗЛИТИНЕФТГАЗ”АЖ, “Ўзбекгеофизика” АЖ мутахассислари ва “ИГИРНИГМ” ДМ ўртасида яқин ҳамкорлик қилиш белгилаб олинди.

Ўз навбатида, соҳада фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида, тармоқ ўқишларини ташкил этиш, тажриба алмашиш амалиётини такомиллаштириш, зарур ҳолларда эса ушбу тадбирларга юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш лозимлиги таъкидланди.

Соҳани ривожлантиришга энг илғор, замонавий ва инновацион ечимларини тадбиқ этиш, тармоқни рақамлаштириш ҳамда барча жараёнларни комплекс моделлаштириш ишларини жадаллаштириш кўрсатиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республиканинг Устюрт, Қашқадарё ва Бухоро минтақаларида янги майдонларни ўзлаштириш, янги заҳираларини аниқлаш ҳамда углеводородларни қазиб чиқаришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилмоқда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+18.97° очиқ ҳаво
Валюта курси
10922.03
USD 17.74
11289.01
EUR 136.1
180.31
RUB 0
1