Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Фарғона вилояти Ижтимоий ҳимоя бошқармаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 28 сентябрь куни Риштон туманида яшовчи, 2012 йилда туғилган қиз Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган.
Эртаси куни шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми "а" банди (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи ушланган ва 30 сентябрь куни унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тегишли экспертизалар тайинланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ижтимоий ҳимоя бошқармаси маълумотига кўра, жабрланувчи вояга етмаган қизга зарур ёрдам кўрсатиш, унинг психологик ҳолатини тиклаш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида психолог ва юристлар бириктирилган. Ҳолат масъул ходимлар назоратига олинган.






