АсосийСИЁСАТ

Саида Мирзиёева: “Мен жуда кучли аёлман, ҳамма нарсани уддалайман, лекин осон эмас”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг иш фаолияти, хорижий сафарлари, масъулияти ва оилавий ҳаёти акс этган видеолавҳа эълон қилинди.

'Саида Мирзиёева: “Мен жуда кучли аёлман, ҳамма нарсани уддалайман, лекин осон эмас”'ning rasmi

Видеода Саида Мирзиёева ҳар бир хорижий ташриф ортида катта тайёргарлик ва машаққатли меҳнат туришини таъкидлаган. Унинг айтишича, хорижий давлат раҳбарлари, президентлар, қироллар ва амирлар билан учрашувларга пухта тайёргарлик кўриш, улар билан мулоқот қилиш йўлларини топиш талаб этилади.

Ҳар битта ташрифдан олдин мен ҳамма нарсани ўрганишим шарт. Фақат машаққатли меҳнат, нимани қилишим керак, қандай эришишимиз керак — шу ҳақда ўйлайман. Масалалар кўп, масъулият катта, — дейди у.

Суҳбат давомида Саида Мирзиёева доимо ўзи билан олиб юрадиган қизил блокнот ҳақида ҳам гапирган. Унинг таъкидлашича, блокнотда қайд этилган ҳар бир фикр ва вазифа кейинчалик ҳал қилиниши керак бўлган масалани англатади.

Менга бу ишлаш учун сигнал. Бирор фикрни қайд этдимми, демак, уни албатта кейин ҳал қилишим керак, — дейди Администрация раҳбари.

У видеода давлат ва жамият олдидаги вазифалар ҳақида ҳам фикр билдирган. Халқнинг фаровонлиги унинг асосий мақсади эканини таъкидлаган.

Халқимиз бахтлироқ бўлса, биз ҳам ўша куни бахтли бўламиз. Халқимиз бойроқ бўлса, биз ҳам хурсанд бўламиз. Чунки раҳбаримизнинг ниятларини биласиз, фақат халқ, халқ, халқ, — дейди Саида Мирзиёева.

Видеода унинг Туркияга ташрифи, Президент Режеп Таййип Эрдоған билан учрашуви ва турк бизнес вакиллари билан ҳамкорлик масалаларига оид лавҳалар ҳам ўрин олган. Шунингдек, таълим муассасаларига ташриф, ҳудудлардаги муаммолар, мактаблар инфратузилмаси ва инвестиция лойиҳалари муҳокамаси акс этган.

Хусусан, у энергетика соҳасидаги инвесторлар билан ишлаш, лойиҳаларни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш ва масъулиятни ҳис қилиш муҳимлигини қайд этган. Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 16 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Саида Мирзиёева ёқилғи-энергетика соҳасидаги Инвесторлар кенгашига раҳбарлик қилишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, видеода Саида Мирзиёеванинг кундалик ҳаёти, спорт билан шуғулланиши, йога машғулотлари ва оиласи билан муносабатлари ҳам кўрсатилган.

Мен жуда кучли аёлман, ҳамма нарсани уддалайман, лекин осон эмас, — дейди у.

Суҳбатнинг оилага бағишланган қисмида эса фарзандлар тарбияси, уларга вақт ажратиш ва яқинлари билан бирга бўлиш муҳимлигини таъкидлаган.

Энг муҳим қадрият — оила мен учун", — дея қайд этган Саида Мирзиёева.

    Бошқа янгиликлар