1

“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” ХХ халқаро кўргазмаси очилди

ЖАМИЯТ 19.05.2016, 09:25
“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” ХХ халқаро кўргазмаси очилди

Мазкур кўргазма  “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси ва “ITE” компаниялар гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири. Ўзбекистон газ қазиб олиш бўйича дунёда етакчи мамлакатлар қаторида туради. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз газ, полиэтилен ва қайта ишланган нефть маҳсулотларининг йирик экспортчисига айланди. 

Ҳар йили ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” халқаро кўргазмаси мамлакатимиз нефть-газ саноатининг улкан салоҳиятини намоён этиш баробарида соҳага хориж сармоясини кенг жалб этиш, чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қулай замин яратмоқда. Йигирманчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро форумда Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Чехия, Норвегия, Австрия, Швейцария, Россия, Болгария, Польша, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Умон, Индонезия, Мальта каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

“OGU-2016” кўргазмаси мутахассисларга нефть ва газ қазиб олиш, углеводородларни ташиш, қайта ишлаш борасида миллий ва хорижий компаниялар эришган энг сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма павильонларидан нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлашни жадаллаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар жой олган. Жаҳоннинг етакчи нефть-газ компаниялари нефть ва газни ташиш технологиялари, нефть-газ конларини қидириш ва ўзлаштириш, геодинамика, геофизика ҳамда углеводород салоҳиятига оид ишланмалар бўйича ўзлари эришган энг сўнгги ютуқларни намойиш этмоқда. 

Халқаро кўргазмада нефть ва газ қазиб олиш (технологиялар ва ускуналар), нефть ва газ қудуқлари: қуриш ва фойдаланиш, нефть ва газни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш, нефть кимёси, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноати иншоотларини лойиҳалаштириш ва барпо этиш, геология, геофизика, сейсмик ускуналар ва хизматлар, қувурлар, газ турбиналари, ихтисослаштирилган материаллар ва ускуналар, назорат-ўлчов асбоблари, техника хавфсизлиги ҳамда ёнғиндан ҳимоя, экологик хавфсизлик, муқобил энергетика, саноат автоматизацияси, хизматлар, алоқа ва телекоммуникациялар каби бўлимлар ишлаб турибди. 

“OGU-2016” кўргазмаси доирасида “Uz-Prista Recycling” Ўзбекистон – Болгария қўшма корхонасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. “Ангрен” махсус индустриал зонасида барпо этилган мазкур корхона мотор, тишли ғилдирак ва редукторлар учун мойлар, гидравлика суюқликлари ва битум ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Завод йилига 43 минг тонна ишлатилган техник мойни қайта ишлаш орқали 30 минг тоннагача мой ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотнинг қарийб 40 фоизи экспортга мўлжалланмоқда. 
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов, Болгария Республикаси Бош вазири Б.Борисов сўзга чиқди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1