АсосийЖАМИЯТ

Оҳангаронда 3 ёшли бола боғча ошхонасида ҳашаротларга қарши воситани ичиб, вафот этди

Ҳолат юзасидан тергов ва суриштирув ишлари давом этмоқда.

'Оҳангаронда 3 ёшли бола боғча ошхонасида ҳашаротларга қарши воситани ичиб, вафот этди'ning rasmi

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида 3 ёшли тарбияланувчи ҳашаротларга қарши ишлатиладиган кимёвий воситани ичиб қўйиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Оҳангарон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими маълум қилди.

Расмий муносабатда қайд этилишича, воқеа 2026 йил 28 август куни содир бўлган. 2023 йилда туғилган тарбияланувчи ошхонада ҳашаротларга қарши ишлатиладиган БСМ воситасини ичиб қўйган.

Бола зудлик билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Мавжуд маълумотларга кўра, боланинг бувиси мазкур ташкилот ошхонасида аутсорсинг ташкилоти ходими — ошпаз сифатида ишлаган. Ҳодиса тарбияланувчи бувисининг ёнига, ошхонага кирган вақтида содир бўлгани айтилмоқда.

Айни пайтда боланинг ошхонага қандай киргани, хавфли восита унинг қўли етадиган жойда нима сабабдан тургани ва уни сақлаш учун ким масъул бўлгани ваколатли органлар томонидан ўрганилмоқда.

Ҳолат юзасидан тергов ва суриштирув ишлари давом этмоқда. Ҳодиса бўйича якуний хулоса ваколатли органлар томонидан тергов натижаларига кўра берилади.

Айбдорлиги аниқланган шахсларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилиши маълум қилинган.

    Бошқа янгиликлар

    Оҳангаронда 3 ёшли бола боғча ошхонасида ҳашаротларга қарши воситани ичиб, вафот этди - Darakchi.uz