Андижон туманида тормоз тизимида техник носозлик юзага келган юк машинаси светофорда тўхтаб турган 5 та автомобиль билан тўқнашди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида фуқаролар жароҳатланмаган. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 27 сентябрь куни соат 14:45 ларда Андижон туманидаги “ЧЙМ” МФЙ ҳудудидан ўтувчи А-373 “Тошкент–Ўш” автомобиль йўлининг 334-километрида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 1976 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги “ГАЗ-53” русумли юк автомашинаси “Боғишамол” ҳудудидан “Аэропорт” йўналишида ҳаракатланган. Ҳайдовчи тормоз тизимидаги техник носозлик сабабли оралиқ масофани сақлай олмаган.
Натижада тартибга солинган чорраҳада светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида тўхтаб турган “Damas”, “Nexia-2”, “Matiz”, “Spark” ва “Labo” русумли автомобилларга бориб урилган.
Ҳодиса оқибатида фуқаролар тан жароҳати олмаган. Транспорт воситаларига техник шикаст етган.
Ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






