АсосийMadaniyat

Актёрлик касбига доғ туширмаган актриса Марям Ихтиёровани бирга хотирлаймиз

'Актёрлик касбига доғ туширмаган актриса Марям Ихтиёровани бирга хотирлаймиз'ning rasmi

Ўзбек санъати яна бир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ артисти, “Шуҳрат” медали соҳиби Марям Ихтиёрова 22 март куни 83 ёшида вафот этди. Узоқ йиллар давомида Муқимий номидаги мусиқали драма театрида ижод қилган халқимизнинг севимли санъаткори комик ва драматик роллар устаси эди. Унинг ижодидан ўрин олган ижобий ва салбий қаҳрамонлар бир-бирига ўхшамасди. Шунингдек, актриса кўп йиллар “Ўзбекистон” радиосининг “Табассум” радиожурналида ҳам самарали ижод қилди. У ижро қилган ҳажвий қаҳрамонлар халқнинг дилидан мустаҳкам ўрин эгаллаганди.

“ҚИЗИМ МЕНДАН КЕЙИН ЁЛҒИЗЛАНИБ ҚОЛАДИ...”

Малика ­ҚАЮМОВА, ­Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Санъат инс­титутини эндигина битириб “Ёшлар” театрига қадам қўйганимда Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров устозлик қилиб саҳна сирларини ўргатган бўлсалар, Муқимий номидаги мусиқали драма театрига ишга ўтганимдан сўнг Марям Ихтиёровадек иқтидорли актрисага шогирд бўлдим. Мен бу икки инсондан то умримнинг охиригача миннатдорман. Марям опа ижро этган ҳамма ролларига дублёр эдим. Ўзларидан “Ролингизга ким дублёр бўлсин?” деб сўрашса, “Малика ўйнасин” дердилар.

Марям опанинг 80 йиллик юбилейлари нимадир сабаб билан қолдирилганди. Шунга қизғин тайёргарлик ишлари кетаётганди. Охирги марта театрда кўришганимизда анча ўзларини олдириб қўйганлари сезилганди. “Негадир ҳолим йўқ, Малика...” дегандилар. Кичик ўғиллари вафот этган, катта ўғилларининг ҳам саломатлиги яхши эмасди, шунга “Хумора қизим мендан кейин ёлғизланиб қолади...” деб ташвиш қилардилар. Бунга жавобан “Мениям Нигора қизим ёлғиз, иккаласи опа-сингил тутинишади. Худо хоҳласа, бир-бирларини қўллашади, хавотир олманг” деган гапимдан кўнгиллари кўтарилганди. “Шунақа бўлсин, ёлғизлатиб қўйманглар...”, дея қайта-қайта айтгандилар. Кўнгиллари сезгандай, қуюқ хайрлашгандик, рози-ризолик сўрашга ҳам улгургандик. Илоҳим, жойлари жаннатларда бўлсин.

“ХАБАРНИ ЭШИТИБ, ТЕАТР ЖАМОАСИ БИР ҚАЛҚИБ ТУШДИ”

Баҳодир НАЗАРОВ, режиссёр, “Меҳнат шуҳрати”, “Ёшлар мураб­бийси” орденлари соҳиби:

— Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова билан кўплаб спектаклларда бирга ишладик. Улардан бири, ҳамма томошабинлар жуда яхши биладиган “Жайдари келин”даги қайнона роли санъаткорнинг ташриф қоғозига айланди. Уларни “Жайдари келин”даги қайнона” деб чақиришганига кўп гувоҳ бўлганман. Драматург Нурилла Аббосхоннинг “Ой онам, қайнонам” спектаклидаги она роли билан эса бола-чақа ташвиши учун керак бўлса, ўзидан ҳам  кечадиган онанинг ёрқин тимсолини яратиб бера олдилар. Бу спектаклни Марям опанинг 70 йиллик юбилейларига бағишлаб саҳнага қўйгандик. Томошабинлар билан кўп учрашувлар ўтказилганди. Биринчиси кучли зиддиятлар қуршовидаги мушфиқ она, иккинчиси эса ҳозирги куннинг қайнонаси. Актрисанинг бу икки қаҳрамони ҳам мукаммал даражада тўлақонли образ даражасига кўтарилгани боис ҳам театр мухлислари қалбидан жой олишга муваффақ бўлди.

Жамоамиз аъзолари Марям Ихтиёровани устоз деб ҳурмат қилишарди. Самимий инсон эдилар, кўнглидаги гапларни айтиб дардлашишни яхши кўрардилар. Саҳна ортидаги узоқ-узоқ суҳбатларимиз юрагимда қолди. Бошларидан кўп яхши ва синовли кунларни ўтказдилар. Лекин уларнинг ҳаммасини матонат билан енгишнинг уддасидан чиқдилар.

Мусиқали драма театри актрисаси сифатида босиб ўтган ижодий йўллари ёшларга ибрат бўлса, арзийди. Вафотлари ҳақидаги хабарни эшитган театр жамоаси бир қалқиб тушди. Чунки Марям Ихтиёрова театримизнинг катта устунларидан бири эди. Жойлари жаннатларда бўлсин.

“45 ЙИЛ БИРГА ИЖОД ҚИЛДИК...”

Боир ­ХОЛМИРЗАЕВ, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист:

— Устозим ­Марям Ихтиёрова ҳақида жуда кўп гапиришим мумкин.  У ҳаётини театр санъатига тиккан, куйиб-ёниб, соғлигини ҳам аямай қилган меҳнати эвазига томошабинлар қалбидан жой олган актриса эди. Ролларни ўзига хос маҳорат билан ижро қиларди ва шуниси билан ажралиб турарди. Театрда салкам 45 йил бирга ижод қилдик. Мен бу инсонни ўз касбини бениҳоя севган ва актёрлик касбига доғ туширмаган актриса деб биламан.

Ўқимишли ижодкор эдилар, каттами-кичикми ҳар бир ролга киришишдан аввал пухта тайёргарлик кўрардилар. Театргами ёки бирор даврагами кириб келишларидаям ўзига яраша салобат бор эди. Ҳар бир даврада — учрашув бўладими, концерт бўладими, мухлислар, томошабинлар давраси бўладими айтишга сўз топа оладиган, ҳаммани ўзига қарата оладиган даражадаги кучли, истарали ва чиройли гапирадиган инсон эди. Айтган ҳар бир сўзларининг тагида катта маъно ётарди. Суҳбатларини мароқ билан эшитардик. Бирор фильмми ёки дубляжми, ҳатто ижро этган кичкина ролимни ҳам эринмай, синчковлик билан таҳлил қилиб мотивация берардилар. Мен бирга ишлаганимда эътибор ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилардим. Чунки улар билан партнёр бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган бахт эди. Ижро этаётган ролингни Марям опанинг даражасига етказиб ижро қилиш ҳаммагаям эмасди. Улар билан бирга радио, телевидениеда ҳам кўп ишлар қилдик. Мен Марям опага “Юраги филдек катта ўзбек аёли образини ярата олган актриса”, деб таъриф берган бўлардим. Бу йўқотиш нафақат биз шогирдлари, ҳамкасблари, балки ўзбек театр санъати учун катта жудолик эканлигини алоҳида таъкидлаб айтишимиз керак.

“ТЕАТРГА ҚИМТИНИБ КИРИБ КЕЛГАНИМДА МЕНИ ҚЎЛЛАБ- ҚУВВАТЛАГАН”

Муножат ­АЛИМБОЕВА, ­актриса:

— Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова театрга қисиниб-қимтиниб кириб келган пайт­ларим мени қўллаб-қувватлаган. Томошабинларга “Жайдари келин” спектаклидаги келин роли билан танилган бўлсам, бунгаям устозим сабабчи бўлган. У роль аслида меники эмасди. Бу ролни театрнинг олди актрисалари Зулайҳо Бойхонова, Норпошша Ҳасановалар ўйнашлари керак эди. Уни ижро эта олишимни ҳатто хаёлимгаям келтирмаганман. Асарни “читка” қилаётган пайтимизда кузатиб ўтирган Марям опам “Шу роль сенда жуда зўр чиқади. Яхшилаб ҳаракат қилсанг, бўлди...” деб далда бериб, ўзимга нисбатан ишонч уйғотганлар. У кишининг шу гаплари билан ишлаб-ишлаб ролни ўзимники қилиб олганман. Ҳозир шу ролим менинг ташриф қоғозимга айланган. Қаерга борсам, шу ролимни эслашади, бир парча ўйнаб беришимни сўрашади, мақташади, яхши кўришади. Бундай эътиборга Марям опанинг ишончлари туфайли эришганман.

Ёш актёрлар орасида менга меҳрлари бошқача эдими, халқ артистларининг гримхонасидан фойдаланишга фақат менга рухсат бергандилар. Театрга доим спектакль бошланишидан икки соат аввал келардилар, дилдан гаплашиб ўтирардик. Оптимистликларига ҳавасим келарди. Нимадандир хафа бўлиб гапирсам, “Ҳеч сиқилма! Бошингни мағрур кўтар! Мен бунақа вазиятлардан ўйнаб-кулиб чиқиб кетардим”, дердилар.

Кучли инсон эдилар, бировдан ранжиб, хафа бўлиб юрмасдилар. Атрофдаги ҳамма нарсага позитив қарардилар. Ҳар қандай вазиятда ҳам нолимасдилар, ҳеч кимни айбламасдилар. “Мана шу хислатларингиз менда ҳам бўлишини хоҳлайман”, дердим доим. Чиройларига қараб тўймасдим, “Марям опа, ёшингиз катта бўлса ҳам, шунақа чиройлисиз. Мен ҳам шу ёшда шунақа бўлармиканман?” десам, “Бўласан, албатта!” дердилар-да, хандон отиб кулардилар. Таъзияларига бордим, ҳамма чин юракдан йиғлаяпти. Йиғилган қариндошлардан кўра шогирдлар кўплиги бизга берган меҳрларининг натижаси, деб ўйладим. Ҳаммамизнинг қалбимизда, кўзимизда ёш...

Туҳфа НАЗАРОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар