Унда мамлакат ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларини замон талабларига мослаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Қуролли Кучлар таркибида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими изчил ислоҳ қилиниб, қўшинлар замонавий авиация техникалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминланмоқда. Шунингдек, амалий парвоз машғулотлари ҳажми кенгайтирилиб, авиация бўлинмаларининг жанговар шайлиги оширилмоқда.
Тақдимотда ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш ва авиация бўлинмаларини қайта ташкил қилишга қаратилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Таъкидланишича, бу ўзгаришлар Ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар қобилиятини ошириш, қўшинларнинг тезкорлиги ва ҳаракатчанлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳарбий авиация учун миллий кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, Қарши шаҳрида жойлашган Ҳарбий авиация институтининг ўқув-моддий базаси халқаро стандартлар асосида модернизация қилинган. Институтда замонавий тренажёрлар ва симуляция технологиялари жорий этилган бўлиб, курсантлар амалиётни «Хонобод» аэродромида тажрибали мутахассислар раҳбарлигида ўтамоқда.
Тақдимотда ҳарбий тиббиёт соҳасида Туркия билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу борада икки давлат ўртасида имзоланган битим доирасида ҳарбий шифокорлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, магистратура ва аспирантура дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, тиббиёт соҳасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ва машғулотлар ташкил этиш, талабалар ҳамда мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш таклиф этилган.
Тақдимотда чақирилувчиларни қайд этиш, тиббий ва чақирув комиссиялари фаолиятини рақамлаштириш бўйича ташаббуслар ҳам кўриб чиқилди. Мазкур жараёнларнинг шаффофлиги ва тезкорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Шунингдек, мудофаа ишлари органлари фуқаро ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириш, ҳарбий хизматчиларга Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида уй-жой ижараси учун тўланадиган ойлик компенсация миқдорини кўпайтириш таклифлари билдирилди.
Йиғилиш якунида Президент Шавкат Мирзиёев қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини янада ошириш, ҳарбий бошқарув ҳамда таълим тизимига илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.






