1

Беҳзод Муҳаммадкаримов: “Амир Темур роли сабаб омад борлигига яна бир бор амин бўлганман”

МАДАНИЯТ 11.04.2022, 10:05
Беҳзод Муҳаммадкаримов: “Амир Темур роли сабаб омад борлигига яна бир бор амин бўлганман”

1996 йили соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллик юбилейи кенг нишонланган. Ўша йили “Ўзбеккино” киностудиясида “Буюк Амир Темур” фильми суратга олинган. Унда бош ролни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бекзод Муҳаммадкаримов гавдалантирган ва бу актёрнинг муваффақиятли ижроларидан бири бўлган. 9 апрель – Амир Темур туғилган куни олдидан мазкур фильм ва унинг тарихи тўғрисида актёр билан суҳбатлашишга қарор қилдик.

                      “Ўзимга қўйган катта баҳо менга ишонч берган”

— Мустақилликнинг илк йилларида режиссёр Али Ҳамроев Соҳибқирон ҳақида италиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда фильм олишни режалаштириб, жараёнларни ҳам бошлаб юборган эди. Амир Темурнинг ёшлигини гавдалантириш орзусида фотосиновда иштирок этгандим. Аммо нимадир бўлди-ю, жараён тўхтаб қолди. Бунинг аниқ сабаби менга ҳам қоронғу.

Бир неча йил ўтиб, яъни 1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан буюк сиймо ҳақида икки қисмли фильм суратга олинадиган бўлди. Биринчи қисмда ёшлиги, иккинчисида 34 ёшидан то умрининг охиригача бўлган давр ёритилиши, фильмга Бақо Содиқов ва Исамат Эргашевлар режиссёрлик қилиши оммага маълум бўлди.

Ўша пайтда 32 ёшда бўлганим учун Соҳибқироннинг ёшлигини ўйнаш мақсадида кўплаб актёрлар қатори фототанловда қатнашдим ва киностудияда Бақо Содиқовни учратиб қолдим. Улар қўлимга сценарийни тутқазиб, “Шуни бир ўқиб чиқ, кейин ёқмаган жойлари бўйича фикр ва таклифларингни айтарсан”, деди.

Дадам адабиётшунос бўлгани боис Амир Темур ҳақида кўп гапириб берарди, Соҳибқирон фаолияти ва шахсияти ёзилган турли китобларни ҳам мутолаа қилганман. Эшитган ва ўқиганларимдан келиб чиқиб, сценарий бўйича бир қанча таклифларимни айтдим. Аниқроғи, Амир Темурнинг оддий одам бўлмаганлигини кўрсатиб берадиган саҳналарни кўпайтириш ва уларнинг қатъиятли саркарда сифатида экранга олиб чиқиш лозимлигини, сценарийда драматургия қоидалари пухта эмаслигини таъкидладим. Лекин Бақо Содиқовнинг юз-кўзидан сценарийга нисбатан муносабатим ёқмаганлигини пайқадим.

Шундан кейин синовдан ўта олмаганлигим, бош ролга бошқа актёр тасдиқлангани маълум бўлди. Бу эса менга руҳан қаттиқ таъсир қилган, ичимдан нималар ўтганини фақат ўзим биламан. Чунки ўшанда ҳар томонлама энг кучга тўлган пайтим эди. Тажрибам, билимим етарли, ҳам руҳан, ҳам жисмонан шу ролга тайёрман, деб ўйлардим. Қолаверса, унгача кино ва театрда ҳам яхши ролларни ўйнаб қўйгандим. Қисқаси, ўзимга қўйган катта баҳо менга ишонч берган, орзу қилган ролимга эришиш арафасидаман, деб чексиз қувонганман.

                  “Ўшанда аросатда қолганман”

— Режиссёрлар Амир Темур ролига бошқа бир ҳамкасбимни тасдиқлашгач, суратга олиш ишлари бошланганига ўн кун ҳам бўлмай, у актёр нима сабабдандир ролни охиригача ўйнамаган. Кейин бир спортчини шу ролга тасдиқлашган. Лекин у ҳам негадир ролини ўйнамай, лойиҳадан кетиб қолган.

Орадан маълум вақт ўтиб, съёмка майдончасига боришим кераклигини айтишди. Ишонсангиз, ўша пайтда жуда ҳам аросатда қолганман. Негаки, ролни ўйнай десам, сценарий менга ёқмаган, пухта эмас, суратга олиш майдончасига бормай десам, илк бор Амир Темур қиёфасини гавдалантириш бахтидан қуруқ қоламан. У пайтда отам тенги режиссёр ва продюсерга гапимни ўтказа оладиган даражадаги актёр эмас эдим. Шу боис ўзимга ёқмаган сценарий бўйича роль ижро этишга қарор қилганман.

Бироқ, съёмка бошланганидан кейин барибир айрим жойларда таклифларимни айтиб, кичик бўлса-да, ўзгартиришлар киритганман. Тасвирга олиш жараёнида албатта, жудаям ҳаяжонланганман ва озгина чўчиганман. Чунки, бу образ оддий бир касб эгасининг роли эмасди-да.

                      “Гонораримдан “Жигули” олганман”

— Пойтахтдан Хоразмга, яъни суратга олиш жараёнига айнан Соҳибқирон таваллуд топган куни йўл олганман. Фильм съёмкалари Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида, Иссиқкўлнинг бир қанча ҳудудларида бўлиб ўтган. Айрим саҳналар Непалда суратга олинган.

Тасвирга тушириш ишлари 1996 йилнинг апрель ойида бошланган бўлса, ноябрда премьера қилинган. Плёнкада олинган, оломонли саҳналари ва декорацияси кўп бўлган, уч соатли тарихий фильм учун бу вақт жуда кичик муддат ҳисобланади.

Ролим учун қанча гонорар олганим аниқ эсимда йўқ. Аммо биринчи машинамни, яъни ВАЗ-2106 “Жигули”ни ўша пулдан харид қилганман.

     “Бу фикрларни тинглаб, ғалати ҳиссиёт пайдо бўлган”

— Фильмни суратга олиш ишлари бошланмасидан аввал учинчи фарзандим туғилган. Ўшанда раҳматли отам “Бу йил Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи кенг нишонланади, у ҳақида фильм яратилади ва унда сен бош ролни ўйнайсан. Шу боис ўғлингга Темур деб исм қўямиз”, деган. Уларнинг гапига рози бўлгач, икки ой ўтиб, Соҳибқирон ролини ижро этиш насиб қилган.

Фильм учун ўтказилган фотосиновда иштирок этиш арафасида юрган пайтларим театримиздаги икки нафар таниқли актриса бир ҳафта ичида деярли ўхшаш туш кўрганини айтган. “Тушимда бир чавандоз оқ отда чўққидан чўққига сакраб юрибди. У ким экан, деб қарасам, сиз экансиз”, деган гапни кетма-кет эшитганман. Бу фикрларни тинглаб, менда ғалати ҳиссиёт пайдо бўлган.

Юқорида Амир Темур ролини ўйнаш учун мендан аввал бир актёр ва бир спортчи тасдиқланиб, улар бир ҳафтадан суратга олиш ишларида қатнашганини айтдим. Ўша вақтларда ҳар иккиси иштирокидаги саҳналарда биттадан камералар бузилиб қолган экан. У пайтларда Германияда ишлаб чиқарилган камералар кам бўларди, операторлар кўз қорачиғидек асраб-авайларди. Тасвирга олиш майдонига борган илк кунларимда ижодий жамоа мен қатнашган саҳналарда ҳам камера бузилишидан хавотирланиб юрганини эшитганман. Аммо уч ҳафта ўтса ҳамки, камера ишдан чиқмаяпти. Шундан кейин жамоадагиларнинг “Ишимиз энди юришиб кетди”, дея кайфияти ўзгарган.

Бу ҳолатларнинг барчаси факт, кўрганларимни айтдим. Булар тасодифми ёки қандайдир илоҳий ҳолатми, рости билмайман. Лекин Амир Темур роли сабаб омад борлигига яна бир марта амин бўлганман. Омад келиш бор, омадни ушлаб қолиш ҳам бор. Омадни ушлаб қолиш учун эса одам ҳар томонлама тайёр бўлиши керак экан.

                            “Айрим оммавий саҳналар танқидга учраган”

— Фильм катта экранларга чиққач, суратга олиш пайтидаги баъзи техник масалалар томошабинлар ва соҳа вакилларининг танқидига учраган. У камчиликларда актёрларни ҳам, режиссёрларни ҳам айби бўлмаган. Чунки жанг саҳналари билан қирғизистонлик бошқа бир режиссёр шуғулланган.

Масалан, катта юк машиналарнинг баллонларини доира шаклида қўйиб, атрофига шох-шаббалар бойланган ва ёқилган. Мазкур ҳолатда оловли саҳналар тепадан суратга олинган ва шох-шаббалар орасидан баллонлар кўриниб қолган. Ушбу манзарани биз ҳам фильм намойиш этилганда кўриб қолганмиз. Шу ва бошқа оммавий саҳналар билан боғлиқ айрим камчиликлар муҳокамаларни келтириб чиқарган.

Бундай ҳолатлар жаҳон киносида ҳам учраб туради. Мисол учун, “Гладиатор” фильмининг айрим оммавий саҳналарида ҳам ҳудди шундай камчиликлар бўлган. Бу интернет тармоқларида ҳам бор. Бу каби масалалар суратга олиш жараёнида сезилмай қолади.

                                        МАЪЛУМОТ УЧУН:

“Буюк Амир Темур” бадиий фильми 1996 йилда “Ўзбеккино” киностудиясида суратга олинган. Тарихий биография жанридаги фильмга Исамат Эргашев ва Бақо Содиқов режиссёрлик қилган. 

Сценарий муаллифлари: Бақо Содиқов, Абдулла Орипов ва Пиримқул Қодиров. Фильмда Бекзод Муҳаммадкаримов, Баҳтиёр Зокиров, Азиз Бейшеналиев, Мурод Ражабов, Ато Мухамаджонов, Қурбонали Собир, Мариям Фарҳоди каби актёрлар суратга тушган.

 Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

"Даракчи" газетаси, 2022 йил 7 апрель, 14-сон

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1