1

Кумуш Раззоқова: “Симёғочга осилган эълон ҳаётимни ўзгартириб юборган...”

МАДАНИЯТ 15.04.2022, 18:26
Кумуш Раззоқова: “Симёғочга осилган эълон ҳаётимни ўзгартириб юборган...”

Ҳар бир авлоднинг ўз қўшиқлари бўлади. Тинглаганда энтикасиз, соғинасиз ва бетакрор хотиралар ёдга тушади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқованинг тароналари нафақат катта авлоднинг, балки ёшларнинг ҳам ҳамроҳига айланган. Чунки уларнинг ҳар бирида кўнгил бор...

— Келинг, суҳбатни ҳаммамиз соғинадиган давр — болалик ҳақида бошласак. Ўша пайтлардаги суратларингизга қараб туриб кўнглингиздан қандай ўйлар кечади?

— Болалигимдан эсдалик бўлиб қолган  оқ-қора рангдаги суратлар ўша йилларнинг бир парчаси гўё. Уларни томоша қилаётиб, қорачагина бўлганим учун яқинларим “Сени “шара-бара”чи лўлилардан олганмиз...” деб жиғимга тегиши ёдимга тушади. Тикилиброқ қараганимда, суратдаги туришимдан мулойим, камтар, катталарнинг айтганини бекам-у-кўст бажарадиган қиз эканлигим шундоққина кўриниб турганини ҳис этаман. Болаликдан  онамнинг сўзларидан чиқмайдиган қиз бўлганман. Гуллар, уларга парвона бўлиб учиб юрган  капалакларни соатлаб кузатишдан зерикмасдим. Суратлар яна бизни катта қилишда онамга кўмакдош бўлган  Маъпират  ва Собира аммаларим, Восиқ дода деб чақирадиган амаким билан боғлиқ воқеаларни ёдимга  солади. Восиқ додам биринчи синфга қадам қўйган куним боғларидан териб берган бир қучоқ атиргулларнинг ҳидини туйгандай бўламан.

— Санъат оламига илк қадам қўйган кунларингизни қандай эслайсиз?

— Мактабда алгебра, геометрия, кимё, адабиёт фанларига қизиқишим катта эди. Мактабни тугатиб, кимё йўналишидан кетиш ниятида ҳужжатларимни институтга топширишга борганман. Лекин кириш имтиҳонларида физика фани ҳам борлигини кўриб, фикримдан қайтдим. “Энди нима қиламан?” деган хаёл билан шаҳар айланиб юриб, симёғочдаги “Қўшиқ айтиш истагидаги ёшларни таклиф этамиз. Мусиқий билими бўлиши шарт эмас” деган кичкинагина эълонни ўқиб қолдим. У пайтларда ҳамма ҳинд киноларига “касал” эди. Қайта-қайта кўриб, ҳатто қўшиқлариниям ўзимизча айтиб юрардик. Эълондаги “Мусиқий билими бўлиши шарт эмас...” деган жойи туртки бўлиб, омадимни синаб кўришга қарор қилдим. Ҳайъят аъзоларига “Ялла” ансамблининг хонандаси Наргиз Бойхонованинг “Сен бўлмасанг ёнимда” ҳамда “Ишқдаги ишқ” фильмидаги “У природи нет плохой погоди” тароналарини айтиб берганман. Биттада қабул қилишди ва яна учта қизни танлаб, “Садо” ансамбли тузилди. Тўрт қиз биргаликда ижод дарёсига шўнғиганмиз.

— Бир умрга ёдингизда қолган мақтов...

— Яқинларимнинг айтишича, мақтовни қабул қилишни билмас эканман.  “Йўқ, ошириб юбордингиз...” “Аслида ундай эмас” деб  йўққа чиқаришга ҳаракат қиламан. Аммо ёдимда қолган бир мақтов борки, уни ҳали-ҳалигача ҳаяжон ва фахр билан эслаб юраман. “Водиллик келин” фильмидаги “Унутма мени...” қўшиғининг ўзбекча талқинини куйлаш учун чақиришганида, ўзбекча матн бироз чўзилиб кетгани туфайли мусиқага тушмаётганини айтишди. Менга тайёргарлик учун ўн беш дақиқа вақт беришларини сўраб, бир чеккага ўтдим. Мусиқага  тушираётиб, ўз-ўзидан кераксиз сўзларини олиб ташладим. Лекин маъносига путур етмади. Мусиқагаям худди қуйиб қўйгандай тушди. Ҳамма хурсанд бўлиб, мени мақташган. Кейин мусиқанинг пардаси баландлик қилиб қийналганман. Қайта-қайта бошидан бошлайверганимиздан овозим бўғила бошлаган... Охири йиғлаб юборганман... Шунда овоз режиссёри Селютин “Йиғлаяптими, жудаям яхши... Бу, қўшиқ унинг юрагига етиб борганидан дарак, демак, тингловчининг ҳам қалбига етиб боради. Зўр чиқади” деганди. У янгилишмаган экан.

— Фильм ҳақида сўз очдингиз, шу ўринда яна бир савол берсам. Битта бўлса-да, кинода роль ижро этгансиз. Бугун “Дока рўмолнинг қуриши” фильмини қандай кайфиятда томоша қиласиз?

— Фильмни ёддан билсам-да, ҳар сафар биринчи маротаба кўраётгандек кулиб, мазза қилиб томоша қиламан. Менда  баландликдан қўрқиш фобияси бор, суратга олиш жараёнида “Осма йўлга чиқмайман”, деб туриб олганларимни, кейин режиссёримиз Шавкат Жунайдуллаев қурилиш монтажчилари фойдаланадиган қалин хавфсизлик камарини топтириб келганларини эслайман. Шуни кўйлагимнинг остидан тақиб, зўрға осма йўлга чиқаришган. Ўриндиқда ўтирибман, қўрқувим билинмаслиги учун кўзимга қора кўзойнак тақилган, трубани қалтироқ  қўлларим билан қаттиқ ушлаб олган пайтимни эсласам, ҳалигача этларим жимирлаб кетади. Козим ака қўрқувни енгсин, деган мақсадда жон-жаҳдлари билан мени кулдиришга ҳаракат қилгандилар. Мен бўлса кулишнинг ўрнига “Гапирманг, ўлиб қоламан!” деб бақирганман. Жойлари жаннатда бўлсин, Шавкат ака туфайли ўзбек киноси тарихида қолдик. Дубляжда ҳам ўз овозимизда гапиришимизга имкон бергандилар.  Шу фильмдан кейин ҳам ижодий ҳамкорлигимиз давом этди. У киши режиссёрлик қилган деярли ҳамма сериаллардаги қўшиқларни айтганман.

— Ва уларнинг кўпчилиги хит қўшиқлар даражасига кўтарилган. Хит қўшиқ қандай яралади ўзи?

— Буни ҳеч қачон олдиндан билиб бўлмайди. Баъзан хонанда билан мухлисларнинг фикрлари бир хил чиқмаслиги ҳам мумкин. Шахсан менда кўпинча, унчалик ҳам эътибор бермай ёзилган қўшиқларим мухлислар томонидан илиқ кутиб олинган. Масалан, “Мен сени ҳеч кимга бермайман” таронасини мусиқий раҳбарим “Шу қўшиқ ҳақиқий аншлаг бўлади”, деганида фикрини рад этгандим. “Ёмғир ёғди” номли қўшиқни ёзамиз, деб оёқ тираб туриб олганман. Қисқаси, анчагина тортишганмиз. Вақт ўтиб эса, “Мен сени ҳеч кимга бермайман” қўшиғи машҳурроқ бўлганини кўрдим.

— Нега янги қўшиқларингизни эшитмаяпмиз?

— Ижодимда янги, ҳали тингловчилар эътиборига ҳавола этилмаган тароналарлар бор. Лекин, қизиғи шундаки, қаерга бормай, эски қўшиқларимни сўрашади. Шундай пайтда  Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг бир ҳазиломуз гапи ёдимга тушади. “Агар мухлислар доим эски қўшиғингни сўрашса, янги қўшиқ ёзишнинг нима кераги бор? Янги қўшиқни эски қўшиғи йўқлар ёзсин!” дегандилар. Аммо янгилик доим керак. Балки янги қўшиқларимнинг даражаси аввалгиларникидек бўлмагани учун ҳам уларни тақдим этмаётгандирман. Ижодимдаги танаффусга яна бир сабаб, ўз-ўзимни такрорлашни истамайман! Халққа ўзингни эслатиш учун ёмон қўшиқ билан чиққандан кўра, сукут сақлаган афзал, менимча.

— Лекин йиллар кутиб турмайди, умр ўтмоқда. Ортга, ўтган умрга қараб афсус чекадиган хатоларинтиз  борми?

— Ҳар бир инсон ҳаёти маълум бир нуқтага етганида, орқада қолган йилларга назар ташлаб, сарҳисоб қилар экан. Тақдир, пешонага ёзилгани бўлади, деймиз. Тўғри, буни инкор этиб бўлмайди. Лекин тақдирни бировнинг қўлига топшириб, фақат унинг кўрсатмалари билан яшаш хато эканлигини тушуниб етдим. Чунки, ҳаёт сеники, уни сен ўзинг ҳоҳлагандек, қалбинг истагандек яшаб ўтишинг керак. Қолаверса, ҳаёт ҳаммамизга атиги бир маротаба  берилади.  Мени фақат хонанда  ўрнида эмас, оддий аёл деб қабул қилишлари кераклигини унутганимдан, аёлликнинг энг муқаддас вазифасини ўз вақтида бир чеккага суриб қўйганимдан афсусдаман. Ваҳоланки, аёлнинг энг биринчи ва буюк вазифаси оналик ва оила.

— Қайси бирини унутиш осон, яхшилик қилган одамними, ёки ёмонлик қилган инсонними?

— Кимдандир юрагимизга найзадек санчиладиган ёмонликни кўрганимизда,  бир умрга  ёдимдан чиқаролмасам керак, деб ўйлаймиз. Аммо вақт олий ҳакам дейишади-ку, ҳаммаси жой-жойига тушаркан. Дилхиралик ҳам унутилади. Яхшилик қилган одамни эса унутиб бўлмайди. Чунки миннатдорчилик ҳисси бунга йўл қўймайди. Виждонингиз яхши кунда, ҳатто ёмон кундаям уни ёдингизга солиб туради. Ёмонликни унутиб юборишни  шифокорлар ҳам маслаҳат бериб, юракда сақланган алам, изтироб, нафрат соғлиғингизга зарар етказишини таъкидлашдан чарчашмаяпти. Шундай экан, бир-бирларимизга фақат яхшиликлар соғиниб яшайлик...

         Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди

         "Даракчи" газетаси, 2022 йил 14                апрель, 15-сон

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1