1

Тошкентда жаҳон стандартларига мос янги урология маркази очилади

МУТОЛАА 22.06.2016, 16:12
Теглар: Саломатлик, Тиббиёт
Тошкентда жаҳон стандартларига мос янги урология маркази очилади

«Ҳамшира пинцепни узатинг. Қайчини тайёрланг!» Бугун мазкур ибораларни 10-15 йил муқаддам суратга олинган фильмларда эшитиб қолмасангиз, ҳаётда учратишингиз қийн. Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жарроҳлик амалиётларини кам шикаст етказган ҳолда замонавий техника қурилмалари ёрдамида ўтказиш имконини бераяпти. Бу борада урология йўналишида амалга оширилаётган амалиётларни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Пойтахтимизда иш бошлаши кутилаётган янги урология маркази бош шикофори Ойбек РАҲМОНОВ соҳада эришилаётган ютуқлар, янгиликлар ва янги тиббиёт маркази ҳақида сўзлаб берди. 

—  Бугунга келиб, урологик муаммолар, хусусан сийдик тош касаллигини даволашда замонавий муолажа усуллари қўлланилаяпти.  Бу аввалгиларига қараганда қандай афзалликларга эга?

—  Урологик касалликлар ҳақида сўз борганида, беморнинг ўз вақтида шифокорга мурожаат этиши ғоят муҳим эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Эрта муддатларда аниқланган хасталикни даволаш осонроқ кечади. Дарҳақиқат, бугун сийдик тош касаллигини муолажа қилишда масофавий литотрипсия усули кенг қўлланилмоқда. Бунда пешоб йўлларидаги тош қурилмадан тарқалаётган тўлқин зарбаси таъсирида майдаланиб, сийдик ажратиш орқали чиқиб кетади. Замонавий даволаш усулларидан яна бири юмшоқ тўқимада кичик тешик ҳосил қилиш орқали бажариладиган амалиётдир. Гарчи терида кесим ҳосил қилинган бўлсада операциядан кейин ҳеч қандай чандиқ қолмайди. Эндовизуал технологиялар ёрдамида ўтказилган операциядан сўнг бемор тез фурсатда оёққа туриб, оддий ҳаёт тарзини давом эттира олади.

—  Сиз айтаётган юқори технологиялар мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида ҳам мавжудми?

—  Эндовизуал жарроҳлик амалиётлари бир қанча тиббиёт муассасаларида йўлга қўйилган. Яқин кунларда иш бошлаши режалаштирилаётган Urologic Complex маркази ҳам барча турдаги юқори технологиялар билан жиҳозланган.  Тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ҳисобланган компаниялар билан ҳамкорликда марказга энг сўнгги русумдаги техника қурилмаларини келтирдик. Шифокорларимиз сийдик тош касалликлари, простата аденомаси, пешоб йўли инфекциялари ва эркаклардаги бепуштлик каби муаммоларни даволашда замонавий муолажа усулларини таклиф этишади. 

—  Эшитишимизча, марказдаги муолажа хоналарининг санитария-гигиена ҳолатига жуда катта эътибор қаратилган.  

–  Ҳақиқатан ҳам шундай. Муолажа хоналари микроб ва инфекциялардан холи бўлмас экан, бемор ҳаёти хавфда қолиши мумкин. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун марказдаги операция бўлимининг чизмаси устида алоҳида иш олиб борилди.  Padana Cleanroom итальян компанияси билан ҳамкорликда операция бўлими ташқаридан микроб ва инфекциялар киришига тўсқинлик қилувчи махсус HPL қоплами билан жиҳозланди.  Операция хоналарида ҳаво тозалигини назорат қилувчи ускуналар ўрнатилган. 

Жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор барча қулайликларга эга палатага ўтказилади. Ҳар бир палата  сўнгги русумдаги кўп функцияли карават, трансформер – тумбочка, кислород узатиш ускунаси ва ҳамширани чақириш қурилмасига эга. Хона шифтига ҳаво ҳароратини назорат қилувчи қурилма ўрнатилган бўлиб, ўттиз дақиқа ичида хонани микроб ва бактериялардан тозалаш имконини берувчи «Аэролит 200» тизими йўлга қўйилган. Бемор марказда даволаниш мобайнида ҳар қанақасига ташқи таъсирлардан ҳимояланади. 

–  Каминванзив технологияларда рентген нурларидан кенг фойдаланилади. Бу эса инсон организми учун ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Бунга нима дейсиз? 

–  Тиббиёт қурилмаларининг сўнгги авлоди инсон организмига кам шикаст етказишни мақсад қилган ҳолда ишлаб чиқилган. Қурилманинг автоматлашган тизими оз миқдорда рентген нурини ишга солиб, керакли тасвирни аниқлашга йўналтирилади. Марказимиздаги мавжуд рақамли рентген аппаратларининг барчаси кам зиён етказиш орқали тўғри ташҳислаш имконини беради. 

–  Марказдаги қуввати 110 Вт га тенг сўнгги русумдаги голмий лазер қурилмаси ҳақида сўзлаб берсангиз.

–  Голмий лазер қурилмаси Asclepion Laser Technologies Gmbh немис компаниясининг сўнгги ишланмаси бўлиб, жарроҳлик амалиётида тенгсиз ҳисобланади. Ҳозирча мазкур лазер аппаратидан дунёнинг бир нечта етакчи тиббиёт муассасалари фойдаланаяпти холос. Марказдаги голмий лазер қурилмаси эса Ўзбекистонда ягона саналади.  Мазкур қурилма ёрдамида 100 грамм оғирликдаги простата аденомасини ҳам муаммосиз бартараф этиш мумкин. Сийдик тош касалликларида аниқланган ҳар қандай катталикдаги тошларни ҳам голмий лазери осон парчалай олади. Амалиётдан сўнг бемор палаталарга ўтказилиб, уч кундан сўнг кундалик ҳаёт тарзини давом эттиришга рухсат берилади. Марказни тарк этаётган ҳар бир  бемор албатта мутахассис кўригидан ўтиб, хасталик қайталанмаслиги учун зарур кўрсатмаларга эга бўлади.

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
Наманганда россиялик олим “Темир дафтар”га киритилган беморларни бепул даволамоқда

04.06.2021, 17:58

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги  И. Мечников номидаги Шимолий-шарқий давлат тиббиёт университети клиникаси эндоваскуляр хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Александр Каледин томонидан 2016 йилда беморнинг...
Наманганда сенатор ташаббуси билан ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

29.03.2021, 18:15

Кеча, 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов ташаббуси билан Наманган вилоятида илк маротаба...
Янги тиббиёт институти ташкил этилади

09.11.2019, 23:59

Вазирлар Маҳкамасининг Қорақалпоқ тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.Унга кўра, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали негизида Қорақалпоқ тиббиёт институти ташкил этилади.Лойиҳада...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1