Ақтриса Феруза Норматова ижтимоий тармоқда обуначиларини кўпайтириш мақсадида ўзи танимайдиган қиз суратини жойлаштириб, уни бировнинг турмуш ўртоғи билан муносабатда бўлганликда айблаган. Ушбу ҳолат юзасидан блогерга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Маълум бўлишича, Миробод туманида яшовчи қиз ўз сурати ижтимоий тармоқда рухсатсиз жойлаштирилгани ва унга нисбатан асоссиз айбловлар билдирилгани юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган.
Ақтриса ўз саҳифасида ўзига нотаниш қиз суратини эълон қилиб, уни турмуш ўртоғи билан муносабатда бўлаётганликда айблаган. Шунингдек, видеода унга нисбатан ҳақоратли фикрлар билдирган. Қизнинг айтишича, у блогерни ҳам, унинг турмуш ўртоғини ҳам танимайди ва улар билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган.
Мурожаат қилган фуқаронинг сурати жойлаштирилган видеони блогернинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида 24 соат давомида 4 миллиондан ортиқ киши кўрган.
Текширув давомида Феруза Норматова суратидаги қизни танимаслигини, бу ишни пиар қилиш ва обуначилари сонини ошириш мақсадида амалга оширганини тан олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисми (нашр қилиш ёки интернетда жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.






