АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда сайт раҳбари ва блогер 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди

Ҳар икки маҳкум жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди.

'Ўзбекистонда сайт раҳбари ва блогер 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди'ning rasmi

Тошкентда Demokrat.uz интернет нашри раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Ҳар иккиси 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўриб чиқилган иш материалларига кўра, улардан бири товламачилик, фирибгарлик ҳамда ўқотар қурол ва ўқ-дориларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган.

Суд ҳукмига кўра, Фазлиддинхон Меҳмонов Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 168-моддаси (фирибгарлик) ва 248-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 10 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Блогер Азиз Ғоипназаров эса Жиноят кодексининг 165-моддаси — товламачиликни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил 1 ой муддатга қамалган.

Ҳар икки маҳкум жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди. Шунингдек, суд Фазлиддинхон Меҳмоновдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундиришни белгилаган.

Эслатиб ўтамиз, улар аввалроқ автосалон вакилларидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеони ўчириб ташлаш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишда гумонланиб қўлга олинган эди.

Тергов маълумотларига кўра, 2025 йил 15 декабрь куни Азиз Ғоипназаров Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги автосалонлардан бири фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериални интернетга жойлаштирган.

Шундан сўнг Фазлиддинхон Меҳмонов тадбиркордан видеони ижтимоий тармоқлардан ўчириш ва унинг ишбилармонлик обрўсига зарар етказиши мумкин бўлган бошқа материалларни эълон қилмаслик эвазига 50 минг доллар талаб қилган.

Маълум қилинишича, у 29 январь куни жабрланувчидан 3 минг доллар олган. 10 февраль куни эса яна 17 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

    Бошқа янгиликлар