Ўзбекистонда 2027 йилда ҳам асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, келгуси йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 232 миллиард долларга етказиш, инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик ва 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Бу ҳақда 13 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2027 йилги Давлат бюджети параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда 2027 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий прогнозлар кўриб чиқилди. Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 232 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Шунингдек, инфляция даражасини 2027 йилда 6 фоизга, 2028–2029 йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспорт ҳажмини қарийб 40 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Тақдимотда 2027 йилги Давлат бюджети даромадларини 416 триллион сўм, харажатларини эса 464 триллион сўм миқдорида белгилаш таклиф этилган. Бюджет лойиҳаси иқтисодий ўсишнинг 7 фоизлик прогнози асосида шакллантирилмоқда.
Жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, келгуси йилда умумий фискал тақчилликни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида сақлаш вазифаси белгиланган.
Асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш шароитида бюджет даромадларини оширишнинг асосий манбалари сифатида иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш белгиланган.
Шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали солиқ ва божхона тушумларини ошириш, тадбиркорлар учун қулай ва шаффоф муҳит яратиш бўйича вазифалар белгиланган.
Йиғилишда бюджет харажатларининг самарадорлигини ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Президент бюджетнинг ҳар бир сўми аниқ натижа бериши кераклигини таъкидлаган. Шу муносабат билан маблағларни мақсадли йўналтириш, самарасиз харажатларни қисқартириш, давлат инвестициялари ва субсидиялари натижадорлигини ошириш ҳамда бюджет интизомини кучайтириш вазифалари белгиланди.
Хусусан, инвестиция дастури доирасидаги қурилиш лойиҳаларида бюджет маблағлари сарфини тўлиқ кузатиш имконини берувчи рақамли назорат тизимини синов тариқасида жорий этиш топширилди.
Шу билан бирга, иқтисодий ўсишни молиялаштиришнинг янги механизмлари ҳам кўриб чиқилди. Банк тизимида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш, кредит ресурсларини кўпайтириш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланиш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга 2027 йилда 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича тармоқлар ва ҳудудлар кесимида аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда билдирилган фикр ва таклифлар асосида 2027 йилги Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Қонунчиликка мувофиқ, лойиҳа ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинади ҳамда кейинчалик Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.






