Ҳиндистоннинг шимолида чиройли селфини амалга ошириш истагида бўлган етти нафар талаба Ганга дарёсига чўкиб кетди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Нашрнинг хабар беришича, 22 июнь куни кучли жала ёғаётганлигига қарамай, 8 нафар талабадан иборат гуруҳ Ганга дарёси соҳилига тўпланган. Улардан бири қирғоққа туриб, қолганларни суратга туширмоқчи бўлган, аммо оёғи сирғаниб дарёга тушиб кетган. Олти нафар ўртоқ бир-бирини қутқариш мақсадида дарёга сакрашган, аммо улар дўстларини қутқаролмай, кучли оқим таъсирида чўкиб кетишган.
Ягона тирик қолган талаба қутқарувчиларни ёрдамга чақирган, то улар етиб келгунча 7 талаба ҳалок бўлган. Metro газетаси берган хабарга кўра Мумбайнинг 16 та ҳудудида селфига тушиш тақиқланган. Бундай чора кўрилишига селфига тушиш оқибатида юзага келган турли бахтсиз ҳодисалар сабаб бўлган.