АсосийДУНË

Эҳсонга йиғилган 76 миллион сўмни тотализаторга тикиб юборган 19 ёшли йигит ушланди

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

'Эҳсонга йиғилган 76 миллион сўмни тотализаторга тикиб юборган 19 ёшли йигит ушланди'ning rasmi

Фарғона вилоятида 19 ёшли йигит фирибгарлик ва криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузишда гумонланиб ушланди. У ижтимоий тармоқларда оғир касалланган беморлар учун йиғилган маблағларни ўзлаштириб, уларнинг 76 миллион сўмини онлайн тотализаторга тиккани аниқланган. Бу ҳақда Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, 2007 йилда Тошкент шаҳрида туғилган йигит аввалдан Ўзбекистонда криптоактивлар савдоси билан боғлиқ қонунчилик талабларини мунтазам равишда бузиб келган. Унинг ноқонуний равишда айлантирган криптоактивлари умумий қиймати 408 минг АҚШ долларидан, яъни 4 миллиард 894 миллион 152 минг сўмдан ортиқ бўлган.

Суриштирувлар давомида йигит бошқа фуқароларни алдаб, уларнинг пулларини ҳам ўзлаштиргани аниқланган.

Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқларда саломатлигида жиддий муаммо бўлган беморлар учун ёрдам сўраб тарқатилган видеоларни кузатиб борган. Шундан сўнг Instagram’да блогер номидан Telegram’да сохта аккаунт очиб, беморнинг яқинларига мурожаат қилган.

Гумонланувчи улардан картага қанча маблағ йиғилганини сўраб, пулларни вақтинча ўз картасига ўтказишни ва кейинчалик нақд шаклда қайтариб беришни ваъда қилган. Шу йўл билан у жами 43 миллион сўмга яқин маблағни ўзлаштирган.

Бундан ташқари, беморнинг таниши бўлган Paynet шохобчаси ходимидан ҳам 30 миллион сўмдан ортиқ маблағни худди шу усулда ўз картасига ўтказдирган.

Гумонланувчининг айтишича, у ўзлаштирган маблағларни онлайн тотализаторга киритган. Жами 76 миллион сўмни тотализаторга тикиб, барчасини ютқазган.

“Қилган ишимдан афсусдаман. Бу ҳолат бошқа такрорланмаслигига, ўзимни тўғрилашга ваъда бераман”, деган у.

Мазкур ҳолат юзасидан йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б” ва “в” бандлари ҳамда 278-8-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар

    Эҳсонга йиғилган 76 миллион сўмни тотализаторга тикиб юборган 19 ёшли йигит ушланди - Darakchi.uz