1

Нуриддин ҲАМРОҚУЛОВ: “Тўйдан йиғлаб қайтган куним ҳам бўлган...”

МАДАНИЯТ 29.05.2022, 14:15
Нуриддин ҲАМРОҚУЛОВ: “Тўйдан йиғлаб қайтган куним ҳам бўлган...”

Ажаб сирлар бормиш субҳи сабода,

Умр акс этармиш оқар дарёда.

Умид юлдузлари порлар самода,

Мен бахтим топгайман қай дилрабодан

Бизни ҳам севгувчи бордир дунёда...

Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқуловнинг тароналари ўз даврида мусиқага ошно юракларга тўфондек отилиб кирганди. Шу боисми, турли ёшдаги мухлисларга эга санъаткорнинг қўшиқлари бугунги кунда ҳам ўз қадрини йўқотгани йўқ. Уларни ҳамон севиб тингловчи, соғингувчилар ва қўшиқларини қайта-қайта куйловчилар кўп...  

“Биринчи устозим радиокарнай эди...”

— Аждодимизда санъаткорлар йўғ-у, лекин онам раҳматли дутор чертишга кўп ҳавасманд эди. Янги келинлик даврида отам раҳматли бир қоп буғдойни сотиб, пулига дутор сотиб олиб берган экан. Болалигим урушдан кейинги қаҳатчилик йилларига тўғри келганди. У пайтларда ҳамма рўзғор ташвишидан бошқа нарсани ўйламасди. Менинг мусиқага иштиёқим билан бировнинг иши ҳам, рағбати ҳам бўлмаган. Кўчамиздаги симёғочга катта радиокарнай ўрнатилганди. Мол-ҳол, дастёрликдан ортган болалар ўша радиокарнайдан Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Ҳалима Носирова, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Зайнаб Полвонова, Фахриддин Умаров каби санъат усталарининг хонишларини эшитардик. Концертлар қай вақтда эфирга узатилишини ёддан билганим учун, юмушларимни шу вақтга тўғрилаб битириб, жон қулоғим билан ашула эшитишга ошиқардим. Ўша радиокарнай менга биринчи мусиқий сабоқ вазифасини ўтаган.

Саҳнага илк қадам...

— Ёшлигимдан қизиқувчан бола эдим, нуқул ўзимдан каттароқ, билимдонроқ, тажрибалироқ болалар билан ўртоқ бўлишга интилардим. Улғайганимдан кейин ҳам доимо олим-у фузалолар даврасига ошиқдим, уларнинг суҳбати, ўгитларидан баҳраманд бўлиш, тажриба орттиришга ҳаракат қилардим. Ўрта мактабни битирганимдан кейин Маданият уйи қошидаги Халқ театрига қатнашиб юрдим. 1967 йили Йўлдош Охунбобоев номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театрига ишга ўтдим. Бу саҳнада “Нурхон”, “Равшан ва Зулхумор”, “Ошиқ Ғариб”, “Фарҳод ва Ширин” каби асарлар ўйналарди. Менга ҳам бу машҳур спектакллардаги бош роллар насиб этди. Чунки қаҳрамонлар албатта куйлаши керак бўларди. Қўшиқларда образ яратишни театрда ўрганганман. Юз, кўз ифодалари, тана ҳаракатлари, талаффуз... Театрдаги фаолиятим кейинги ижодий муваффақиятларимга ўз ҳиссасини қўшди, дея оламан.

“Катта можаро бўлган”

— Театрда фаолият юритиш давомида яккахон хонандалик ҳақида кўп ўйлардим. 1980 йилда Андижонда филармония очилди. Яккахон қўшиқчилик фаолиятимни ўша жойда бошлаганман. “Наргиз” ансамблини тузганмиз. 80-йилларда биринчи бўлиб лирик қўшиқларнинг ичига вокал чолғу ансамблларини электрон асбоб синтезатор гитараларни олиб кирганман. Менгача лирик қўшиқларда ҳеч қачон гитара синтез чалинмаган. Янгиликка доим қарши турувчилар топилади. “Бу ансамблинг билан телевизорга чиқармаймиз”, деган катта можаро бўлган. Концерт қилганда шу асбоблар билан концерт қилмайдиган бўлсам, чиқмай қўя қоламан, деганман. Бу масала катталашиб, Марказкомгачаям етиб борган. Лекин ҳайриятки, у ерда менга рухсат беришиб электрогитара синтезаторларни ўзбекона усулда чалииб олиб чиққанмиз.

“Қаттиққўл ота бўлишга ҳаракат қилдим”

— Театрда фаолият юритаётганимга бир йил бўлибоқ мени уйлантириш масаласи кўндаланг қўйилди. Санобархон билан қўшни бўлиб улғайганмиз. “Шу қиз сенга маъқулми?” “Ҳали ёш-ку, бунингиз?” “Ёш эмас, бу йил 18 га тўларкан”, “Сизларга маъқул бўлса бўпти-да...” деган савол-жавоблардан сўнг келинликка номзод бир овоздан маъқулланиб, тўй тараддуди бошланиб кетди. 1968 йилнинг 5 сентябрида турмуш қурдик. Икки қиз, икки ўғилнинг ота-онаси бўлдик. Оилада фарзандларимни эркалатиб юбормасликка, қаттиққўл ота бўлишга ҳаракат қилдим. Лекин ширин сўзимни ҳам аямадим. Яратганга шукроналар айтаманки, ота сифатида ғурурлансам, арзийдиган фарзандлар бўлиб етишишди. Ойбекнинг санъаткор бўлишига қаршилик қилиб, ҳуқуқшуносликни маслаҳат бергандим. Аммо у санъат йўлини танлади. Донобек ўғлим Юридик институтни тугатган бўлса-да, қўшиқ куйлаяпти. Барибир қонда бори, юзага чиқмай иложи йўқ экан. Шунча йил умрингни бағишланган ишингни фарзандларинг давом эттираётгани ҳам барибир ёқимли.

“Тўйларнинг масъулияти катта эди...”

— Кечаси хизматдан қайтганимда эшигим олдида турли вилоятлардан келган машиналари қатор тизилиб турарди. Баъзилари мени кутиб машина ичида мудраб қолишган ҳам бўларди. Пойлоқчиларни безовта қилмаслик учун орқа кўчадан айланиб, машинамни қўшниникига қолдириб, ўртадаги дарчадан уйга кирардим. Эрталаб уйқудан уйғонишим билан уларни чақириб, дастурхон ёзиб муомала қилардим. Қозонда қайнаб турган шўрвадан ярим косадан ичиб, тўй кунини белгилардик. Халқимизнинг табиати қизиқ, бир нимани ният қилдими, амалга оширмагунча қўймайди. Боласи туғилган кунда “ё Шерали, ё Ғулом, ё Нуриддинни олиб келаман,” деб кўнглига тугиб қўйса, бу ният овоза бўлишга ҳам улгуради. Бу ниятини кўнгилга тугиб, қанча чақирим йўл босиб келади-ю, бормай бўладими? Мавсум пайти тўйни тўйга улаб, бир ҳафта, ўн кун деганда уйга қайтардик. Ваъда бериб қўйилган 20-30 та тўйни ўйлаб, доим елкамни тоғ босиб тургандай бўларди. Бир йили андижонлик қадрдоним тўй қиладиган бўлди. Вақтим билан ҳисоблашиб кунини белгилади. Қайта-қайта сўраб, ваъдамни олди. Қадрдонимни ишонтирдим. Лекин тўйга уч кун қолганда мени Обкомга чақириб, бошқа бир вазифани бўйнимга қўйишди. Яъниким, дўстимнинг тўйи куни мен бошқа бир тўйга боришим кераклиги қатъий уқтирилди. “Кечирасиз-у, ўша куни мен бир инсоннинг тўйига боришни ваъда қилганман....Тўй атайлаб мен банд бўлмаган кунга белгиланган. Лафзсизлик қилиш жуда ноқулай” дея гапирдим. Лекин “Бормай кўрингчи...” деган жавобни олдим. Обкомдан чиқибоқ, минг хижолат билан бор гапни тўй эгасига тушунтирдим. Унинг “Бораверинг...” дея айтган ўкинчли сўзлари мени батттар эзди. Кўнглим вайрон бўлиб йўлга тушдим. Ўша мендан бошқа кўплаб ҳофизлар хизмат қилаётган тўйда тўрттагина ашула айтдим. Хайр хўшлашиб, тўйхонадан узоқлашар эканман хжолат, алам ва иложсизликдан кўзларимга ёш келди. Уйга етиб боргунимча “Нуриддин Ҳамроқулов келаркан...” деган овозаси тарқалган тўй аллақачон тугаб, тонг ёриша бошлаганди... Ана шунақа воқеалар ҳам бўлиб турарди. 

Ҳаётий ҳақиқатлар…

— Инсоннинг 25 ёшгача бўлган катта-кичик нуқсонлари “ёшлик-бебошлик”ка йўйиларкан. Аммо ундан у ёғига ҳаётнинг жиддий ва асосий даври бошланади. Рисоладагидек оила қуриш, фарзанд кўриб, ўзи истаганидек тарбиялаш, уйли-жойли қилиш билан бирга давлат ишини ҳам эплаш, маҳалла кўйда обрў орттириш... Ана шулардан эсон-омон ўтиб, етмишга етиб олиш қаҳрамонлик экан. Негаки, умрингизнинг энг қийин даври ҳам шу олтмишгача бўлган давр. Бундан кейин йўқотиладиган нарсанинг ўзи йўқ, соғлиқ ҳам, қувват ҳам сарфлаб бўлинган. Фарзанд тарбияси ҳам ё тўғри, ё нотўғри томонга йўналтирилган. Тўғри бўлса ош ейсиз, нотўғри бўлса тошга рўпара бўласиз. Сиз бировнинг мушугини “пишт” деёлмаганингиздай, бировнинг ҳам сизнинг мушугингиз билан иши йўқ. У ёғига саксон, тўқсонни кўзлаб кетаверасиз... Илоҳим, қариганда ўтган умридан миннатдор бўлиб яшаш ҳар бир инсонга насиб этсин.

Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1