Ўзбекистонда янги "Panorama Airways" авиакомпанияси ташкил этилгани рад этилди

ЖАМИЯТ 30.06.2022, 11:38
Ўзбекистонда янги "Panorama Airways" авиакомпанияси ташкил этилгани рад этилди

Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда янги «Panorama Airways» авиакомпанияси ташкил этилгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. 

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг маълум қилишича, хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

"Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда янги «Panorama Airways» авиакомпанияси ташкил этилгани ва тез орада Airbus-320 ва Boeing-777 самолётларида парвозларни амалга ошириши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Фуқаро авиациясида ҳаво кемаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш учун, Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 44-моддасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 1 мартдаги 58-сон қарори билан тасдиқланган  “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида ҳаво кемалари эксплуатанти сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги Низом” талабларига мувофиқ ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс “Ўзавиация” агентлигидан белгиланган тартибда ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиши шарт.

Фақатгина ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олгандан кейингина авиакомпания мақомини олиш мумкин.

Ўзини  «Panorama Airways» авиакомпанияси деб атаётган ташкилот бугунги кунга қадар “Ўзавиация” агентлигига ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиш учун ариза ва ҳаво кемасини лизингга олгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этмаган", - дейилади расмий хабарда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1