Саволга жавобимиз – мақсад бўлса, ҳа! Фақат қандай қилиб? Тежамкор саёҳат учун нималар қилишимиз керак ва қаерларга боришимиз мумкин? Сайр-у саёҳат харажатлари қанчага тушади? Тажрибадан ўтган ва иккиланмасдан тавсия қила оладиган фойдали маълумотларни сизлар билан бўлишамиз.
Энг аввал...
Энг аввало, саёҳат режангизни 5-6 ой ёки 1 йил олдиндан тузиб қўйинг. Чунки сафар учун маблағ йиғишга вақт ҳам бўлиши керак. Қанча маблағ йиғишингиз эса бораётган мамлакатингизга кетадиган кунлик харажатларингизнинг тахминий ҳисоб-китобларингиздан келиб чиқиб белгиланади. Демак, қайси давлатларга боришингизни ҳам олдиндан аниқлаб олинг.
Қайси давлатларда саёҳат бадали арзонроқ?
Саёҳат учун энг ҳамёнбоп давлат – бу Туркия. Гўзал тарихий обидалар ва замонавий мегаполис шаҳарлар уйғунлиги, денгиз, арзон бозор-у дўконлар, турк ошхонасининг турфа хил таомлари колориди сизни ўзига мафтун этмасдан қолмайди. Бу рўйхатни Грузия, Озарбайжон, Россия, Миср ва Бирлашган араб амирликлари давлатлари билан ҳам давом эттириш мумкин. Албатта, танлов сизнинг ихтиёрингизда.
Нималарга аҳамият қаратиш керак?
Демак, сиз сафар қиладиган мамлакатни танладингиз. Эндиги қадам самолёт чиптаси. Бормоқчи бўлган шаҳарингизга чипта арзон бўлишини истасангиз, эртароқ ҳаракат қилинг. Мисол учун 3 ой олдин сотиб олиб қўйинг. Сабаби - муддат яқинлашгани сайин бир ой олдин олсангиз ҳам, нархлар ўртасидаги тафовут икки баравардан ҳам ошиб кетиши мумкин. Чипталарни бориш ва қайтиш учун бирдан сотиб олсангиз, янада арзонроққа тушасиз. Интернет орқали бораётган шаҳарларингиздаги об-ҳаво, пул бирлиги, меҳмонхоналар, жамоат транспортлари, ошхоналарнинг нархлари ҳақида олдиндан маълумот олиб қўйинг. Бу сизга шаҳар ҳақида бирламчи таассурот олишингизга ёрдам беради. Иложи бўлса, меҳмонхоналарни олдиндан брон қилиб қўйинг. Агар тил билмасангиз ва саргузаштлардан қўрқсангиз, яхшиси бу ишни сайёҳлик агентликларига қўйиб беринг. Улар сиз учун самолёт чиптаси, аэропортдан меҳмонхонагача элтиб қўйиш ва жойлаштириш, қолаверса, шаҳар айлантириш хизматларини зиммасига олади. Ҳамнёбоп саёҳат пакетлари олиш учун бунда ҳам албатта 2-3 ой олдин агентликларга мурожаат қилишингиз керак бўлади.
1 ҳафталик саёҳат қанчага тушади?
Мавзуимиз энг тежамкор саёҳат харажатларини ҳисоблаш бўлгани учун 3 ой олдин тузилган 1 ҳафталик сафарнинг тахминий ҳисоб-китобларини келтирамиз. Юқорида биз санаб ўтган давлатларга самолётнинг “эконом” класси чипталари бориш ва қайтиш учун 3 ой олдин 350-400 АҚШ доллари атрофида бошланади ва қимматлашиб боради. Меҳмонхоналар ҳам қиммат эмас. 15 АҚШ долларидан бошланадиган нархлар 1 ҳафта учун 100-105 АҚШ долларидан бошланади. Айримларида бу нарх ичида ҳатто нонуштаси ҳам бўлади. Шунда сиз кунлик тушлик ва кечки овқат учун қўшимча 10-15 АҚШ доллари сарфлайсиз. Бу эса бир ҳафтада 70-105 АҚШ долларига айланади. Бундан ташқари, сиз жамоат транспортлари, кемалар, пляжлар ва бошқа қўшимча харажатлар учун 7 кунда 100 доллар атрофида маблағ сарфлайсиз. Шунда сизнинг бир ҳафталик ҳамёнбоп сафарингиз 700 АҚШ доллари атрофида бўлади. Хоҳланг ўзингиз мустақил саёҳат қилинг ёки сайёҳлик фирмалари билан гуруҳларга қўшилиб боринг. Унда ҳам нархлар тахминан шу атрофда баҳоланади.
Қанчадан тежаш керак?
Кўриб турганингиздек, ҳозирги кунда чет эл саёҳатига чиқиш жуда катта маблағ талаб қилмайди. 1 хафталик “эконом” саёҳат ўртача ойликнинг 3 баравари миқдорига яқин. Бир йилда бир марта сафар қилишингиз учун эса ойига 600-650 минг сўм иқтисод қилиб борсангиз кифоя. Кўпроқдан тўпласангиз, тезроқ борасиз. Муҳими, мақсад ва кучли хоҳишда. Сизга доим айтадиганимиз эса сафарингиз бехатар ва унумли бўлсин!
Сардорбек УСМОНИЙ