Жиззахда назорат-текширув постига тунги хизматга кетаётган ИИБ ходими автоҳалокатга учраб вафот этди. Бу ҳақда "Замон" дастурида хабар қилинди.
Маълум қилинишича, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани "Учтепа" маҳалласида яшовчи Ҳасанхон Шукуруллаев вилоят ИИБ бошлиғининг фармойишига асосан Зарбдор тумани "Янгикент" маҳалласида ташкил этилган назорат-текширув постига тунги хизматга кетаётган бўлган. Бироқ унинг "Жигули" автомобилининг ўнг томон шиналари техник шикастланиши оқибатида бошқарувни йўқотиб, дала майдони четига ағдарилган ва лейтенант Шукуруллаев олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.
Марҳумнинг отасининг айтишича, ИИБ ходими икки кун аввал лейтенант унвонини олган, аммо ҳали погонни тақишга ҳам улгурмаган.