1

Мисрлик журналист: "Ўзбекистон — 2023 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши маскан"

МАДАНИЯТ 20.12.2022, 18:26
Мисрлик журналист: "Ўзбекистон — 2023 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши маскан"

Мисрнинг “Ал-Муватин” ахборот агентлиги сайтида “Ўзбекистон — 2023 йилда энг яхши сайёҳлик йўналиши” сарлавҳали мақола чоп этилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Журналист Фотима Бадавий томонидан тайёрланган материалда Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи, сайёҳлик салоҳияти ҳамда 2023 йилга мўлжалланган сайёҳлик лойиҳалари ҳақида маълумотлар келтирилган.


“Lonely Planet" халқаро нашриёти рейтингида Ўзбекистон визасиз кириш ва ҳаракатланиш қулайлиги бўйича Марказий Осиё минтақасидаги энг яхши сайёҳлик йўналиши деб топилди, The Economist журнали Ўзбекистонни сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Марказий Осиёдаги энг барқарор ривожланаётган давлат деб тан олди. Буларнинг барчаси, шунингдек, бой тарих ва ажойиб таомлар Ўзбекистонни машҳур сайёҳлик масканига айлантиради”, деб таъкидлайди “Ал-Муватин” ахборот агентлиги.
Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизни хорижлик сайёҳлар учун тобора очиқ ва жозибадор манзилга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланади.

“65 давлатдан ташриф буюрувчилар учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилди ва 77 давлат, жумладан, Миср фуқаролари учун электрон визалар бериш тизими соддалаштирилди, — дейилади мақолада. – Хусусан, Самарқанд ва Бухоронинг муҳташам масжид ва минораларини кўришни орзу қилган инсонлар бугун дунёнинг барча бурчакларида топилади".

Мақолада Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда ижтимоий тармоқларнинг муҳим ролига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланган.

“Сўнгги йилларда сайёҳлар ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг энг муҳим сайёҳлик йўналишларига ташриф буюриш тажрибаси ва таассуротлари билан ўртоқлашмоқда. UNESCO Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги энг жозибали ва хавфсиз саёҳат йўналиши сифатида тарғиб қилиш учун блогерлар билан ҳам ҳамкорлик қилади. Фуд-блоггерлар эса ўзбек ошхонасининг миллий таомларини ёритишда жуда фаол”, — деб ёзади Фотима Бадавий.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1