Аввал хабар қилганимиздек, "Док-1 Макс" дориси сабаб содир бўлган болаларнинг оммавий ўлими ортидан Президент Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарини ишдан олди. Мазкур қарор юзасидан депутатлик фаолиятини якунлаган жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев муносабат билдирди.
"Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигини энг йирик бюрократик идоралардан бири, дейиш мумкин. Ҳар қалай шунча йиллик тажрибам менда шундай таассурот қолдирган.
Агентлик раҳбарининг ишдан олиниши муаммони тўлиқ ҳал этмайди албатта. Бироқ ҳозирги вазиятда бундан ортиқ прогрессив қарор йўқ.
Бизнингча, муаммонинг асл сабабчилари ҳамон парда ортида. Агентлик раҳбари бир ижрочи холос.
Шу боис, тергов ҳаракатлари парда ортидаги асл буюртмачиларни ҳам фош этади, деган умиддамиз", - дея фикр билдирган Кушербаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди. 30 декабрдан бошлаб эса Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ўзбекистондаги барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилди.