Олий таълим вазирлиги таътил узайтирилиши муносабати билан авиа ҳамда темир йўлларда қўшимча жой (рейс)лар ажратилишини маълум қилди.
Маълум қилинишича, 9 январгача харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади. Ушбу даврда белгиланган дарс машғулотлари ўқув йили давомида тиғизлаштириб ўқитилади.
Бу даврда таълим ташкилотлари педагог ва бошқа ходимларга амалдаги иш ҳақи тўловлари сақланиб қолади.
Талаба-ўқувчиларнинг ўз таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2023 йилнинг 18 январига қадар узайтирилган.
Шунингдек, маълум қилинишича, ўқувчи ва талабаларни яшаш манзилидан ўз ўқув масканларига етказиб келиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қўшимча поездлар қатновини жорий этиш бўйича ҳаракат жадвалларини ишлаб чиқиш, ҳамда мавжуд қатновдаги поездларга қўшимча вагонлар улаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди. Ўқиш жараёнлари 18 январь, чоршанба кунидан бошланади.






