Ижтимоий тармоқларда эртага, 11 январдан барча мактаблар ва олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларида ўқиш бошланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Сал аввал "darakchi.uz" шов-шувларга ойдинлик киритиш мақсадида расмийлар билан боғланиб, ҳар бир ҳудуд ҳокимлиги об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, дарслар бошланиш санасини ўзи ҳал қилиши ҳақида хабар қилган эди. Айни пайтда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат эълон қилди.
"Юртимизда жорий йил январь ойининг иккинчи ўн кунлигида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши муносабати билан Андижон вилоятдаги олий таълим, профессионал таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларида белгиланган тартибда иш ташкил этилиб, қишки тайёргарлик ишлари амалга оширилди.
Жумладан, мавжуд бинолар ва талабалар турар жойлари ўқув жараёнларини бошлаш учун шай ҳолатга келтирилди.
Мазкур таълим муассасаларида ўқув жараёнларини бошланиши об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб ташкил этилади. Қўшимча маълумот сифатида расмий хабар берилади", дейилади хабарда.
Шунингдек, Хоразм вилояти умумтаълим мактабларида 11 январь кунидан анъанавий тарзда ўқиш бошланади. Бу ҳақда Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилган.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида об-ҳавонинг мўътадил бўлишини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси "Таълим тўғрисида"ги Қонунининг 27-моддасига асосан, маҳаллий давлат ҳокимяти органларининг таълим соҳасидаги ваколатларига мувофиқ, Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ўқув машғулотлари 2023 йил 11 январдан анъанавий тарзда бошланишини маълум қилди.
Бошқа вилоятлардан келадиган талабалар истисно тарзда онлайн ўқиш графиги бўйича тюторларга мурожаат қилишлари сўралади.






