Ички ишлар органларида “102” хизмати аҳолига тезкор ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. Бу ҳақда УзА хабар бермоқда.
Энг аввало, бу рақамга ҳуқуқбузарлик, жиноят ҳолатларига дуч келганда, қолаверса, бошқа ёрдам олиш имконсиз бўлиб қолган вазиятларда қўнғироқ қилиш мумкин.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари ўринбосари, катта лейтенант Нилуфар Тўрахонова ушбу тизим ҳақида батафсил тушунтириш берди:
– Ички ишлар органлари тизимида ташкил этилган, таъбир жоиз бўлса, “тез ёрдам” хизмати рақами айни пайтда – “102”. (Бироқ, айрим ёши катта аҳоли вакиллари гоҳида эски “02” рақамига қўнғироқ қилишади. Бу энди тарихда қолганини эслатиб ўтамиз).
Янги “102” тизими колл-марказлари 2020 йил сентябрь ойидан 2021 йил якунига қадар уч босқичда ишга туширилди. 2022 йил якуни бўйича “102” – колл-маркази томонидан қабул қилинган қўнғироқлар сони – 2 миллион 864 минг 778 тани ташкил этди.
“102” тизими замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва геоахборот тизимлари билан жиҳозланган. Тизим ягона кластер ва платформага бирлаштирилган. Ахборот хавфсизлиги таъминланган бўлиб, домен назорат тизими билан дастурий-техник ҳимояланган.
Тизимга нафақат ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, балки кўмакка муҳтож шахслар, хусусан, қариялар ҳам қўнғироқ қилиб туради. Бундай вазиятда хабарлар манзил бўйича профилактика инспекторларига етказилади ва зарурий ёрдам амалга оширилади.