Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, тоғли ҳудудларда, шунингдек, автомобиль йўлларида қор кўчкиси оқибатида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси сайти хабар берди.
“2023 йилнинг 19 февралига қадар ТБМВ туманлари, Ҳисор тизмаси тоғларида, шунингдек, Душанбе – Хўжанд, Душанбе – Рашт – Лахш, Хоруғ-Мурғоб, Душанбе – Хоруғ, Хоруғ – Ишкашим автомобиль йўлларида кучли ёғингарчилик, қор кўчкиси ва тош тушиш хавфи сақланиб қолади”, дейилади хабарда.
Душанбе-Варзоб автомобиль йўлида тўртта автомобиль қор остида қолган. Қутқарувчилар ҳайдовчи ва йўловчиларни қутқариб қолишга муваффақ бўлди, бироқ бир киши ҳалок бўлди.
Ванж туманида кучли қор ёғишидан сўнг қор кўчкиси тушиб, бир киши ҳалок бўлди. Унинг жасади маҳаллий аҳоли томонидан топилиб, оиласига топширилди. Хоруғ шаҳрида содир бўлган воқеа муносабати билан 22 та турар-жой биноси зарар кўрган.
Бундан ташқари, саккиз нафар маҳаллий аҳоли ҳам табиий офат қурбонига айланди. Қутқарувчилар қор кўчкиси остидан тўққиз кишини тириклайин олиб чиқишга муваффақ бўлди.
Қўмита Душанбе-Хоруғ-Мурғоб автомобиль йўлидаги кескин вазият ҳақида огоҳлантирди. Фавқулодда ёрдам гуруҳи кечаю кундуз ишлаётгани таъкидланди. Фавқулодда вазиятлар комиссияси марказий аппарати мутахассислари ТБМВга жўнаб кетишди. Аҳоли саёҳатга чиқмаслик ва ҳушёр бўлишга чақирилди, дейилади m24.ru сайтида.






