1

Турк санъатшуноси ва коллекционери ўзбек икатига меҳр қўйиб, бутун дунёни қандай ҳайратга солди?

МАДАНИЯТ 10.03.2023, 19:51
Турк санъатшуноси ва коллекционери ўзбек икатига меҳр қўйиб, бутун дунёни қандай ҳайратга солди?

Ўзбекистон Маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон коллекцияларида” туркумининг ноёб, ранг-баранг нашрини чиқаришга ҳозирланмоқда. Расмли китоб-альбом машҳур коллекционер Меҳмет Четинкая томонидан узоқ йиллар давомида тўпланган ноёб тўқимачилик коллекциясига бағишланган.

Меҳмет Четинкая - туркиялик коллекционер, исломий тўқимачиликни ўрганишга қўшган ҳиссаси учун Жозеф В. Макмаллан мукофоти совриндори, "99 Ikat Chapans / The Mehmet Çetinkaya Collectıons" (2007) каталоги муаллифи. Айнан шу китоб ўзбек икатига муҳаббат изҳорига айланди.

Коллекционер, санъатшунос олим ўзбек маданияти билан илк бора 1992 йилда, Ўзбекистонга ташрифи чоғида танишганини айтади. Рассом сифатида юртимиздаги қадимий шаҳарларнинг улуғворлиги, меъморчилиги уни ҳайратга солган. Ажабланарлиси шундаки, коллекционер икат билан бундан икки йил аввал, Сан-Франсискода ўтказилган 5-Халқаро Шарқ гиламлари конференцияси (ICOC) муносабати билан АҚШга қилган сафари чоғида танишган.

Айнан ўша эрда Меҳмет Четинкаяда абр матоларига нисбатан муҳаббат уйғонди ва бу меҳр шу кунга қадар давом этиб келмоқда.

“– Мен бу матолардан тикилган кийимлар – чопон ва ҳоказоларни – Истанбул бозорида Марказий Осиё тўқимачилик намуналари пайдо бўла бошлаган пайтдан бошлаб, яъни 1992 йилдан буён йиға бошладим. 1992-2004 йиллар орасида Истанбул бозори жуда фаол эди. Мазкур йиллар мен учун ҳам сермазмун бўлди, чунки улар Марказий Осиё халқларига оид миллий либос намуналарини тўплаш учун ажойиб имкон берди. Бу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим. Улкан коллекциямни яратишда бошимдан ўтган кўплаб қизиқарли воқеалар ва хотиралар ҳар бир буюмга ўзгача жозиба бағишлади”, — дейди коллекциячи.

Меҳмет Четинкая ўзбек икати бутун дунёни ҳайратга солишига эришди. 2007 йилда ўтказилган “Истанбул (ICOC) конференцияси доирасида Турк ва ислом санъати музейида ташкил қилинган «99 Ikat Chapans / The Mehmet Çetinkaya Collectıons», кўргазмасида ўзбек чопонлари тўплами дунёга машҳур мутахассислар ва тўқимачилик соҳаси мутахассисларини мафтун қилди. “Уларнинг ҳеч бири ўзбек ипак матоларининг ранг-баранглиги ва чиройидан ҳайратини яшира олмади”, — дея шарҳлайди Меҳмет Четинкая.

Унинг коллекцияси асосини чопон, тўн, яхтак, эзор-понча, паранжи, калтача, мурсак, камзул, курта каби кийим-кечак намуналари ташкил этади. Бу бетакрор намуналар гўзаллик ва нафосат, рангларнинг бойлиги, ноёб ранг уйғунлиги ва меҳнатининг нозик маҳорати билан ажралиб туради.

Бутунжаҳон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш жамияти томонидан нашр этиладиган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон коллекцияларида” номли янги китоб альбомга абр матоларидан 100 га яқин кийим-кечак намуналари киритилади. Айни пайтда китоб учун материал йиғиш ишлари олиб борилмоқда.

– Узоқ йиллардан бери тўплаганим - ўзбек икати тўпламининг алоҳида китоб ҳолида тақдим этилиши мен учун катта шараф ва ғурурдир, у ҳақдгаи китоб ҳам ўзига ўхшаб гўзал, ёрқин ва ранг-баранг бўлади. Минглаб одамларни ўзбек тўқимачилигининг беқиёс намуналари билан таништиришнинг китоб нашр этишдан бошқа йўлини ўйлаб топиш қийин. Бундай ташаббус учун Жаҳон жамиятидан беҳад миннатдорман”, - дейди коллекциячи Меҳмет Четинкая.

– Ўзбек санъатининг ажойиб намуналари нафақат кутубхона ва музейларда, балки бутун дунёда сақланмоқда. Ҳақиқий асарлар, қимматбаҳо олмослар кўпинча шахсий коллекциялардан топилади. Меҳмет Четинкаянинг тўплами эса бунинг ёрқин намунасидир. Шу боис китоб-альбом нашр этиб, одамларга мазкур санъатнинг ажойиб гўзалликларини кўрсатишга қарор қилдик”, — деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов.

"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳасининг бош ҳомийси Eriell Group нефть-сервис компанияси эканлигини қайд этиб ўтамиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1