Феруза Собитова турмуш ўртоғининг шарти, чиллахонадаги дуо ҳамда ўғилчасининг «яхши» ва «ёмон» онаси ҳақида

ШОУ-БИЗНЕС 08.10.2016, 10:44
Теглар: Шоу-бизнес, Актриса, Фильм, Бола
Феруза Собитова турмуш ўртоғининг шарти, чиллахонадаги дуо ҳамда ўғилчасининг «яхши» ва «ёмон» онаси ҳақида

Бу актрисани кичик ва салбий роллар билан танилганлар қаторига бемалол қўшиш мумкин. Ҳаётда эса Феруза Собитова — самимий, очиқкўнгил,  меҳрибон инсон. 

— Бўш вақтингизни топиш жуда қийин. Кетма-кет суратга тушаяпсиз, шекилли?  

— Ҳа, иш қизигандан қизияпти. Айни кунларда детектив жанрида суратга олинаётган «Оила шаъни» номли кўп қисмли сериалда суратга тушаяпман. Сериал бўлган воқеа асосида тасвирга олинаяпти. Ижро этаётган бош қаҳрамоним билан боғлиқ психологик саҳналар жуда кўп. Айтмоқчиманки, илк бор бундай харакатерли обазга қўл урдим. Режиссёр Акмал Ибрагимов билан ҳар бир кадр устида изланиб, ҳамкорлик қилаяпмиз. 

— Бундай тиғиз иш тартиби билан санъатга қўйган илк қадамларингизни эсламасангиз ҳам керак... 

— Биласизми, бугунги кунимни орзу қилардим. Ҳар бир дуо ва ниятларимда қобилиятимни кўрсатиш учун яхши роллар учрасин, мен ҳам машҳур бўлай, дердим. Халққа танилганимда, севимли актриса сифатида мендан ҳам журналистлар интервью сўраб, ҳолу жонимга қўйишмасин, деганман, ҳатто (кулади). Лекин ҳеч қачон ва ҳеч кимга ғуруримдан кечиб, менга роль беринглар, эътибор қаратинглар, деб илтимос қилмаганман. Қалбимнинг туб тубида ҳали даврим келади, деган сезги бўлган-да. Минг шукр, шу кунларга етказди. Шунинг учун ўтган кунимнинг ҳам, бугунимнинг ҳам қадрига етадиган инсонман.

— Клип орқали танилган актриса, деган таърифни тан оласизми?

— Шоҳрух рэпернинг «Болалик» клипи орқали машҳур бўлганман. Аммо бу клипгача учта катта фильм: «Соҳибқирон Амир Темур», «Суратдаги сир», «Қайдасан муҳаббат?» картиналарида қатнашгандим. Ўша ролларим ҳам эътиборсиз қолмаган. Лекин, нимагадир омад менга клип туфайли кулиб боққан.  

— Салбий қаҳрамонларингиз ҳам эътиборга тушган.

—  Кўпгина ҳамкасбларим салбий образларни гавдалантиришдан бироз чўчиб турган бир пайтда, мен клипда золим она роли бўлиб  чиққанман. Шундай кейин кетма-кет фақат ана шундай ролларга таклиф этишди. Битта амплуага тушиб қолмаслик учун орада бироз танаффус қилдим. Нафақат салбий, балки ижобий қаҳрамонларни ҳам ижро эта олишимни исботлагим келганди-да. Замира Бегимқулова ва Зебо Наврўзоваларнинг шарофати билан яхши инсонларни ҳам ижро эта олишимни кўрсатиб бердим. Бу режиссёрлар мени аёл сифатида тўғри тушуниб, юрагимдаги дардни кўра олишди. 

— Атрофдагиларнинг муносабати-чи, сизни чўчитмайдими? 

— Санъатни чин маънода тушунган, актёрлик касбим шундай   эканини билганлар ишимни аъло даражада баҳолашади. Лекин бироз соддароқ тамошабинлар «Нега ҳадеб бундай ролларни ижро этаверасиз?» деб танқид қилишади. Мен эса ҳар қандай фикрни ҳурмат билан қабул қиламан. 

— Айниқса, «Опа-сингиллар» сериалидаги иштирокингиз ижодингиз ҳамда ҳаётингизда катта бурилиш ясади, шундайми?

— Ҳақсиз! Айнан мана шу роль ҳокисор, жабрдийда, муштипар аёл бўла олишимни кўрсатиб беради. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, илк ижобий ролимдан кейин ҳаётимда ҳам ижобий ўзгаришлар бўлиб ўтди. Тўққиз йил бефарзандлик аламини чекдим. Узоқ вақт ҳомиладор бўлолмаганман. Эсимда, «Опа-сингиллар»нинг туғруқхонада тасвирга олинадиган саҳнасида Замира опа «Феруза, бу ер чиллахона, яхши ниятлар қилаверинг. Худо етказади» деб кўп айтарди. Ана ўша ерда қўлимга чақалоқларни олиб, менга ҳам бир куни ўз боламни бағримга босиш насиб этсин, деб ният қилардим. Минг бор шукр Аллоҳ нолаларимни эшитиб, менга ўғил ато этди. 

— Машҳурлик кеч берилганда қадри бўладими ёки ёшликдаги шон-шуҳратнинг гашти ўзгачами? Нима деб ўйлайсиз?

— Мен ёшликдаги машҳурликнинг «маза»сини тотимаганман. Аммо шуни аниқ биламанки, узоқ кутилган меҳнат самарасини ҳис этишнинг ҳаяжони бошқача экан. Чунки йиллар давомида касбдаги муваффақиятсизликлар, олган зарбаларимнинг дарди оғир бериб келарди. Омад кулиб боққач машҳурликни ҳис этиш эса кишига, айниқса ижодкорга роҳат бағишлайди. 

— Яратаётган образларингиз устида қандай ишлайсиз?

— Авваламбор ҳар бир ролга масъулият билан ёндашишга одатланганман. Берилган сценарийнинг ҳар бир сўзини ўқиб ёдлаб чиқаман. Кейин кеча-кундуз ўша роль билан яшайман. Ўзбекчада бироз қийналиб гапирганим саҳнада билинмаслиги учун оила аъзоларим билан монологларимни машқ қиламан. Қаҳрамонимга характер беришда эса ҳаётий тажрибамдан келиб чиқаман.   

— Ўғлингиз ҳам сиз суратга тушган фильмларни тамоша қилиб турадими? Фикрлари билан ўртоқлашса керак?

— Имронхон билан сўнгги марта «Ойқиз эртаги» фильмини бирга томоша қилдик. Бу картинани кўрган ўғлим менга иккита ном қўйиб олди. «Яхши» ва «ёмон» она. Аввал яхши она бўлиб кўриниб, кейин асл қиёфам намоён бўлганида «Ойи, ёмон она кетиб, яхшиси келсин» деганди. 

— Интервьюларингизда оилангиз ҳақида кам гапирасиз?

— Омма олдида турмуш ўртоғим ҳақида  гапирмаслигимнинг ўзига яраша сабаби бор. У киши менга ўзига хос шарт қўйган. Яъни «Интервьюларда мен ҳақимда гапирмайсан» деган. Одамларнинг эътибор марказидаги шахсга айланитириб қўйишимни истамайди. Боламнинг тарбиясида эса онам билан кўп маслаҳатлашаман. Оилада беш фарзанднинг тўнғичи ўзимман. Икки йил аввал айрим сабабларга кўра синглим оламдан кўз юмди (сабабини айтишни истамади). Учала укам ҳам санъатдан йироқ одамлар.   

— Фарзандингиз билан вақтингизни қандай ўтказасиз?

— У менинг тўққиз йил зорланиб, ҳар кеча йиғлаб Аллоҳдан тилаб олган бахтим. Ҳозир тўрт ёшга тўлди. Бўш вақт топдим дегунча биргаликда у ёқтирган машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракат қиламиз. Ишдалигимда энагаси қарайди. Онам билан гаплашганимда доим «Бухорога юбор. Ишда бўлганингда ўзим қарайман» дейди. Очиғи, ўғлимдан узоқлашсам ҳам ўзимни беҳузур сезаман, шунинг учун ҳам бунга унамаяпман. 

МУЗАЙЯНА суҳбатлашди.

Шарҳлар

ДХХнинг 30 йиллигига бағишлаб телеканалларда янги фильм намойиш этилади

26.09.2021, 14:30

Аввалроқ бугун ДХХ ходимларининг 30 йиллик тантанаси экани ҳақида хабар берган эдик. Киномотография агентлигининг қайд этишича, сана муносабати билан янги "Мустаҳкам" фильми ишлаб чиқилган. Маълумотга кўра, мазкур...
"Қалби ўзбек рус шоири" ҳужжатли фильми премьера қилинди

16.09.2021, 10:26

Куни кеча адиблар хиёбонида Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг ҳақидаги "Қалби ўзбек рус шоири" ҳужжатли фильми премьера қилинди. Кинокартина Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал...
“Соддадил” фильмининг съёмка жараёнлари бошланди

16.08.2021, 17:46

Кинематография агентлиги “Ёшлик” киностудияси томонидан “Дебют старт-2021” кинофестивалида ғолиб бўлган сценарий лойиҳалари асосида “Соддадил” қисқа метражли фильмининг съёмка жараёнлари бошланди.Бу ҳақда кинемотография агентлиги ахборот хизмати...
Гавҳар Шариповага ҳайдовчи шилқимлик қилганлиги ҳолати юзасидан қўшимча баёнот берилди

20.11.2019, 14:21

“Актрисага шилқимлик қилинган, у эса юриб кетаётган юк машинадан ўзини ташлаган” Қашқадарё ЙҲХБ қўшимча баёнот берди.2019 йил 18 дан 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1