Греция, Туркия ва Болгарияда кучли бўрон ва сув тошқинлари қурбонлари сони 15 кишига етди.
Жумладан Туркиянинг шимоли-ғарбий қисмида Болгария билан чегарадош лагерда содир бўлган сув тошқини оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди. Тошқин бунгалов уйларини олиб кетди.
Сешанба куни Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда бўронлар юзлаб уй ва ишхоналарни сув босди. Камида 2 киши ҳалок бўлди. Қурбонлардан бири 32 ёшли Гвинея фуқароси бўлиб, у кам таъминланган ҳудуддаги ертўладаги квартирасида қамалган. Яна бир ҳудудда 57 ёшли аёлни сув олиб кетган.
Маълум бўлишича, Истанбулда жами 1,7 мингдан ортиқ уй ва корхона, жумладан, Иккителли туманидаги дўконлар қатори сув тошқини оқибатида жабр кўрди. Тўфон сувлари тўхтаб турган машиналарни мебель дўконларига судраб бориб, товарларни йўқ қилди.
Грецияда эса кучли ёмғир 3 кишининг ҳаётига зомин бўлди, яна 3 киши бедарак йўқолган. Барча ўлимлар марказий Волос шаҳри яқинида ва Кардицада содир бўлган. Бир қатор ҳудудларда транспорт ҳаракати тақиқланди.
Бўронлар Қора денгизнинг жанубий қирғоғида жойлашган Болгарияда ҳам вайронагарчилик изларини қолдирди. Чоршанба куни бедарак йўқолган икки кишининг жасади топилди, қурбонлар сони тўрт нафарга етди.
Шунингдек, Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул штатида содир бўлган циклон натижасида 39 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди маҳаллий G1 портали. Яна тўққиз нафар аҳоли бедарак йўқолган деб ҳисобланади. 80 та муниципалитетдаги 2700 га яқин одам қутқарилди. Довул туфайли 6000 дан ортиқ одам бошпанасиз қолган.
Циклон сабаб бўлган кучли ёмғир жами 80 та шаҳарга таъсир кўрсатди, шунингдек, дарёларнинг тошиб кетиши ва тошқинларга олиб келди. Зупия муниципалитетида шамол тезлиги соатига 110 км дан ошди. Маҳаллий ҳокимият органлари 7 сентябрга режалаштирилган Бразилия Мустақиллик кунини нишонлаш шарафига барча парадларни бекор қилди.
Синоптиклар Рио-Гранде-ду-Сулда бугун, 8 сентябрь куни ҳам яна кучли ёмғир ёғиши ҳақида огоҳлантирди.






