1

“Уммон” гуруҳи қизиқчиларнинг ўзлари ҳақидаги хазилларига муносабат билдирди

ШОУ-БИЗНЕС 24.10.2016, 11:18
Теглар: Шоу-бизнес
“Уммон” гуруҳи қизиқчиларнинг ўзлари ҳақидаги хазилларига муносабат билдирди

“Уммон” гуруҳи “Даракчи” газетасининг “Учрашув” рукни меҳмони бўлди ва кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
 
— 2016 йилдаги концерт дастурингиздан сўнг энди янги клип суратга оляпсиз. Сабаби... 

Жасур: — Тўғри, сабаби яккахон концертдан кейин ўзингизга яхши маълум гуруҳимиз шахсий ҳаёти билан банд бўлишди. Шоҳрух уйланди. Шунинг учун янги премьерамиз шу кунгача қолдирилаётган эди. 

Шоҳрух: — Бундан ташқари, бу гал кўп сонли мухлислар биздан кутаётган шўх ва рақсинкор қўшиқ яралишини кутдик. Чунки доим бироз маҳзун қўшиқларга клип суратга олардик. Бугунги тасвирга олаётган клипни эса томошабинлар мазза қилиб рақсга тушиб кўришлари мумкин. 

Зоҳид: — Ҳақиқатдан ҳам ижтимоий тармоқлардан “нега фақат маъюс клиплар суратга оласизлар?” деб кўп мурожаатлар бўларди. Энди бундай саволларга ўрин қолдирмаймиз. Клипимиз жуда позитив руҳда бўлади. У ерда ҳатто ўзимизнинг ҳам рақсга тушганимизни кўришингиз мумкин. 

— Юқорида шахсий ҳаётдаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақидаги гапларни гапириб ўтдингиз. Шу ўринда бир савол: кўпинча йигит хонандалар оила қуришдан бироз чўчиб турадигандек туюлишади. Гўё, оилали бўлгандан кейин уларнинг мухлислари камайиб қоладигандек. Сизлар-чи? Ҳар ҳолда “Уммон” гуруҳига кўпроқ қизлар мухлислик қилишади...

Ж.: — Тан олиш керак, чўчиш ҳаммада бўлади. Табиийки, бизларни ҳам бундай ҳаёл четлаб ўтгани йўқ. Чунки ўзингиз айтганингиздек, мухлисларимизнинг аксариятини қизлар ташкил этишади. Ва албатта, уйланиш мухлисларнинг камайишига таъсир этмасдан қолмайди. Аммо иш билан бўлиб оила, шахсий ҳаётни ҳам унутиб қўйиш керак эмас. Мухлисларнинг муносабатига келсак, улар бизнинг ижодимизга шинавандалик қилишларини истардик. 

Ш.: — Яширин уйланиб, кейин ҳаммага худди бўйдоқдек кўриниб юриш бизга тўғри келмайди. Бу жуда нотўғри. Тингловчилармиз бизни боримизча қабул қилишларини истаймиз. 

З.: — Ҳаётимизни яхши кунини барчага эълон қилиб, яқинларимиз билан биргаликда нишонлаш каби ёқимли нарсани яшириш нотўғри. Ашаддий мухлисларимиз бизнинг ҳаётимиздаги бундай яхши янгиликлардан худди ўзимиздек хурсанд бўлишади, деб ўйлайман. 

— Зоҳид, икки дўстингиз ҳам уйланди. Табиийки, энди сизнинг галингиз...

З.: — Ҳозир менга шундай савол берилса керак, деб ўйлаб турган эдим (кулади). Шоҳрух уйлангандан кейин мени кўрганларнинг деярли барчаси ушбу савол билан мурожаат эта бошлашди. Насиб қилса, кейинги йилга режаларим бор.

— Гапингиздан келин ким бўлиши ҳам тайинга ўхшайди?

З.: — Йўқ-йўқ, гапимни нотўғри тушундингиз. Ҳозир бироз ижод қилиб шахсий режаларни кейинги йилга қолдираётганимни айтдим холос. Севганим  йўқ. Аллоҳ иболи ҳаёли, оилам дейдиган яхши қизни учраштиришига ишонаман.

— Демак, хаёлан унинг суратини чизиб бўлгансиз... 

З.: — Албатта! Менимча ҳар бир инсон ўзи орзусидаги ёрини учратишни истайди. 

— Зоҳид, айтинг-чи, дўстларингиз оила қургандан сўнг, ўзгариб қолишмадими?

З.: —  Тан оламизми-йўқми, ўзгариш бор. Чунки, янги ҳаёт, янги турмуш тарзи барибир инсонни ўзгартирмасдан қолмайди.  Бироқ, бу ўзгаришлар менга унчалик ҳам билинмади. 

Ш.: — Ярим кечасигача ўтиришлар йўқолган. 

Ж.: — Илгарилари,  соат неччи бўлишидан қатъи назар кўчада юраверардик. Бугун оилавий ширин ташвишлар эътиборимизни тортади. 

— Келинг, унда ижодингиз ҳақида гаплашишни давом эттира қолсак. Сўнгги концерт дастурингизда хонанда Шаҳзода билан куйлаган дуэтингиз тингловчилар томонидан яхши кутиб олинди. Бу ҳамкорлик тарихи билан билмоқчи эдик. 

Ж.: — Аслида, бу бир неча йил олдин амалга оширилиши керак бўлган режаларимиздан эди... Аммо Шаҳзода ва гуруҳимизнинг вақтни бир-бирига тўғри келмагани учун шу кунгача чўзилди. Таклифга келсак, икки томон бир вақтда бу ҳамкорлик ҳақида ўйлаганмиз. Бу дуэтимиз мухлисларимизга ёққанидан жуда хурсандмиз. 

— Навбатдаги саволим кўпчиликни қизиқтириши аниқ: сизларни молиявий ким қўллаб-қувватлайди? Шу кунгача расман бирор-бир продюсер билан ишлаяпмиз, деб хабар бермагансизлар?

Ж.: — Ижод қилиб, ижодимиз орқали топган даромадларимизни йиғиб-териб, ҳар йили концерт беришга, янгиликлар билан барчани хурсанд этишга ҳаракат қиляпмиз. 

Ш.: — Ҳаммаси ризқ-насибага яраша секин-асталик билан амалга ошяпти. 

— Нега продюсерлар билан ишлаб кўришга ҳаракат қилмайсизлар?

Ж.: — Эркин ижод қилгандан кейин ижодкор шунга ўрганиб қоларкан. Биз ижодимизни бошлаганимизда ёлғиз эдик, ҳеч кимдан ёрдам сўрамай ўзимизга ишонишга ўрганганмиз. 

З.: — Кимнингдир режа ва тартибига кўра, шартномада шундай ёзилгани учун мажбур бўлиб ишлагандан кўра, кўнглингиз истаганда ижод қилиш мароқлироқ. Ижод — буюртмага кўра амалга ошириладиган механика эмас, ахир.

— Клипларингизни кузатадиган бўлсак, актёрлик вазифасини ўзингиз бажарасиз. Айтмоқчиманки, рол ўйнаш борасида ҳам маҳоратингиз йўқ эмас. Кинода ўзингизни синаб кўриш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаганмисиз?

Ж.: — Ўйлаб кўрганмиз ҳатто таклифлар ҳам бўлган. Аммо менимча ҳозирча бунинг вақти эмас. Келажакда эса фильмларда чиқишимиз ҳам мумкин. Бунда биринчи навбатда албатта бизга сценарий ёқиши ва ҳаётдаги “Уммон”чиларга яқин бўлиши керак. 

Ш.: — Мен ҳам албатта кинода рол ўйнашни жуда истайман. Айниқса, Голиввуднинг жангари фильмлардагидек картиналарда иштирок этсам, дейман. 

— Қизиқчиларнинг сизлар билан боғлиқ турли гап-сўзларига қандай муносабат билдирасиз? Улар орасида бироз қалтис гаплар ҳам қулоғимизга чалиниб туради... Улардан ҳеч хафа бўлган пайтларингиз ҳам бўлганми?

Ш.: — Биз бундай ҳазил гапларни ҳеч қачон кўнглимизга яқин олмаганмиз. Биринчидан бу ҳазил гаплар, жиддий эмас, иккинчидан улар саҳнада биз ҳақимизда гапиришдан аввал ўзимизни огоҳлантиришади. 

З.: — Бундан ташқари ҳар биримиз учун акадек яқин бўлиб қолган инсонларнинг гап-сўзларидан хафа бўлишнинг ўзи ноўрин. 

— Бир-бирингиздан “дам” оладиган пайтларингиз ҳам бўладими?

Ж.: — Алоҳида оилавий дам олишимиз мумкин, бироқ бир-биримиздан “дам” олгимиз келмаган. 

Ш.: — Жуда тўғри гап. Биласизми, аксинча биз чарчаганимизда, тушкунликка тушганимизда, хафа бўлганимизда бир-биримизга яқин бўлиб қоламиз. Кўпроқ суҳбатда бўлишга, қўллаб-қувватлаб, тушкунликдан чиқаришга ҳаракат қиламиз. Ҳаётда ўзаро илиқ, самимий муносабатларимиз бизга куч бериб туради.

— Дўстлигингиз абадий бўлсин. 

P/S
Ҳақиқатдан ҳам бу гуруҳ йигитларининг ўзаро муносабатларига ҳар бир инсон ҳавас қилса арзийди. Чунки, бир-бирини кўз қарашлари орқали тушуниб, ҳатто суҳбатда ҳам қўллаб-қувватлаши сезилиб туради. Ёмғирли кунда кўчада янги клипнинг тасвирга олиш ишлари билан банд хонандалар саволларимизга тез-тез жавоб берди-да, яна клипнинг  ишларига шўнғиб кетишди. Биз эса уларнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган янги клип премьерасига омад тилиб, тасвирга олиш майдончасини тарк этдик.   

Блиц:
— “Уммон” қачон хафа бўлиши мумкин?
Ш.: —
Тўйлар камайиб кетса (ҳазил)
З.: — Кўнгилни оғритадиган ёмон гап-сўзларни эшитсак. 
Ж.: — Яқинларимизнинг хафа бўлганини кўрсак. 

— Рекламанинг қайси усулидан фойдаланмаган бўлардингиз?
Ш.: —
Шахсий ҳаётимизни реклама қилмаймиз.

— Йигитларнинг дўстлигини нима  мустаҳкамлайди?
Ж.: —
Ишонч!
З.: — Бир-бирини қўллаб-қувватлаши.


Мухлис саволи: 
— “Уммон” гуруҳининг энг ашаддий мухлислариданман. Бу гуруҳ ташкил этилгандан буён уларнинг ҳар бир қўшиқлари кўнглимдан чуқур жой олиб келади. Клипларини ҳам мазза қилиб томоша қиламан. Аммо шу билан биргаликда уларнинг ўзига яраша камчиликларини ҳам кўра биламан. Уларга саволим: клипларингизда бизнинг халқимизга тўғри келмайдиган, менталитетимизда учрамайдиган воқеаларни кузатиб қоламиз. Мисол учун “7 қават” клипини олайлик. Жуда кўнгилни ғаш қиладиган воқеа танлагансизлар. Қон, пичоқланганлар, одатда чет эл фильмиларида кўрадиган босқинчилар... Бу клипнинг суратга олишдан мақсад нима эди?”
Фотима Ҳошимова, Тошкент шаҳри

“Уммон” гуруҳи йигитлари: — Бу клипимиз Санжар Маткаримов ва Наримон Султонхўжаев билан ҳамкорликда суратга олинган. У ердаги воқеалар салбий бўлса ҳам ана шу орқали томошабинларга тарбиявий хулоса бермоқчи эдик. Бироқ  тан олиш керак, “7 қават” кутганимиздек натижа бермади. Ҳақиқатдан ҳам воқеалари томошабинга тушунарсиз бўлган. Бундан кейин ана шу камчиликлар устида ишлашга ҳаракат қиламиз. 

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
​ДИЛНОЗА КУБАЕВА: «ДИЛОЗОРЛИКДАН ҚЎРҚАМАН, ҚАЛБИМНИ СИНДИРГАНЛАР КЎП...»

20.07.2017, 16:31

У иродали аёл. Табассуми ортига яширилган ҳақиқатларни ўзгаларга билдирмайди. Гоҳида кўзлари ёшланиб, киприкларига енгил титроқ кириши мумкин, аммо шунда ҳам ўзида куч топиб, яна табассум...
​“ЎЗБЕККОНЦЕРТ” ИЛК БОР ОЧИҚ БАДИИЙ КЕНГАШ ТАШКИЛ ЭТМОҚДА

12.07.2017, 21:32

Эндиликда хонандалар “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига қўшиқларни жонли ижрода куйлаш орқали тақдим этадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига лицензия олиш тартиби юзасидан турли савол ва таклифлар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1