1

XV Тошкент халқаро кинофестивали: беш қитъа, 52 мамлакат, 300 меҳмон

МАДАНИЯТ 29.09.2023, 13:15
XV Тошкент халқаро кинофестивали: беш қитъа, 52 мамлакат, 300 меҳмон

Жорий йилнинг 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” XV Халқаро Тошкент кинофестивали бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги қарорига асосан қайта тикланган ушбу кинофестиваль Янги Ўзбекистонда учинчи  бор ўтказилмоқда.

Мазкур кинофестивалда дунёнинг 52 давлатидан 300 га яқин киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва операторлар, продюсер ва таҳлилчилар иштирок этади. Бу йилги кинофестиваль “Кино 5 кунда”, “Миллий кино”, “Марказий Осиё киноси”   танловлари, 100 дан ортиқ тадбирлар, тақдимот ва намойишлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарсларини ўз ичига олади. Кинофестиваль жорий йилги Канн (Франция) кинофестивалида ғолиб топилган, француз режиссёри Жюстин Триенинг "Қулаш анатомияси" (Anatomie D'Une Chute) фильми билан очилади.

Бу йилга кинофестивалга Сами Насери, Фредерик Дифенталь (Франция), Эмир Кустурица (Сербия), Федор Бондарчук (Россия), Кшиштофф Занусси (Польша), Паула Карруэга (Аргентина) сингари дунё киносининг таниқли намояндалари иштирок этадилар. Кинофестиваль тадбирлари, кино намойишлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Урганч сингари йирик шаҳарларида ўтказилади.

Ўтмишга назар

Маълумки, Тошкент совет даврида ҳам турли анжуманлар, йирик санъат ва спорт байрамларига мезбонлик қилган. Ана шундай машҳур тадбирлардан бири ўз вақтида довруғи жаҳонни тутган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивали эди.

  Ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ иттифоқ раҳбарияти тинчликпарварлик сиёсатига асосланган бир қатор йирик анжуманлар ўтказишни йўлга қўйганди. Аслида 1958 йилда ҳам бир маротаба Осиё ва Африка халқлари кинофестивали ўтказилган. 1968 йилда эса собиқ иттифоқнинг Кино арбоблари уюшмаси ташаббуси билан Тошкентда “Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар озодлиги учун” шиори остида мазкур фестивални анъанавий тарзда ўтказиш йўлга қўйилди.

 1968 йилдаги 1-фестивалнинг очилиш маросими Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри биноси олдидаги майдонда ўтказилган. Майдонда фестивалда вакиллари қатнашаётган 49 давлат байроқлари ҳилпираб турган. Мазкур фестиваль ўзбек кинорежиссери Комил Ёрматовнинг “Осиё устида бўрон” бадиий фильм билан очилган.

Элларни ва дилларни бирлаштирган

 Мазкур фестивалнинг асосий мақсади фильмларни танлов асосида саралаш бўлмаган. Шунга қарамай, кейинчалик, жамоат ташкилотлари томонидан энг яхши фильмлар учун махсус мукофотлар ва дипломлар таъсис этилган. Жумладан 1972 йилда “Суҳбат” (Ҳиндистон, режиссер М.Сен) Бутуниттифоқ кинематографлар уюшмаси мукофоти билан, «Эмитай» (Сенегал, режиссер С. Усман) «Советский экран» журнали мукофоти билан, 1974 йилда «Тун ва қафас» (Миср, режиссер А. Фахмий) «Шарқ юлдузи» журнали мукофоти билан, «Ёлғиз одамнинг учрашувлари» (Мексика, режиссер С. Ольхович) Бутуниттифоқ киночилар уюшаси мукофоти билан тақдирланган. 1982 йилда «Амок» (Марокаш-Сенегал, режиссер Бен Барка) фильми ҳам мазкур мукофотга лойиқ кўрилган.

Кинофестивалда 1982 йилда энг кўп – 90 та мамлакат вакиллари иштирок этган. Ўзбекистон тарихида ўшанга қадар бундай йирик анжуман ўтказилмаган. Тадбирда илк бор Чили ватанпарвар кучлари, Фаластин Озодлик ташкилоти, БМТ ва ЮНЕСКО вакиллари ҳам иштирок этишган.

Фестиваль ўз низомига кўра, ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилган. Фақат икки маротаба – 1970 ва 1990 йиллардагина бу анъана маълум сабабларга кўра бузилган.

1976 йилдан бошлаб, фестивалга Лотин Америкаси кинематографлари ҳам қўшилган. Катта авлод вакилларининг эслашича, фестиваль кунлари пойтахт ҳақиқий маънода катта байрам ва шодиёна масканига айланган. Пойтахт кинотеатрларида фестивалга тақдим этилган кинофильмлар намойиш қилинган. Фестиваль иштирокчилари учун бир қатор маданий тадбирлар, қизиқарли учрашувлар ташкил қилинган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1