АсосийJamiyat

Тошкентда аёлларнинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятларини кенгайтириш бўйича форум ўтказилди

'Тошкентда аёлларнинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятларини кенгайтириш бўйича форум ўтказилди'ning rasmi

Тошкентда БМТТД, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати аёлларнинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятларини кенгайтириш бўйича форум ўтказилди. Марказий Осиё ва Туркиядан 140 га яқин иштирокчиларни жалб қилган мазкур форум БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қишлоқ хўжалиги Вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси билан биргаликда ташкил этилиб, Европа Иттифоқи томонидан "EU-AGRIN" лойиҳаси доирасида молиялаштирилди.

Форум қишлоқ хўжалигида аёлларнинг имкониятларини ошириш, аёллар учун агробизнесни ривожлантириш имкониятларини кенгайтириш, экинларнинг биоэкологик хилма-хиллигини ўрганиш ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришда рақамли технологияларни қўллаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва бирламчи қайта ишлашда инновацион ёндашувлар ва чорвачилик маҳсулотлари, барқарор иқлимни ривожлантириш ва мослаштириш, шу жумладан ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби кенг кўламли мавзулар бўйича очиқ мунозара учун платформа бўлиб хизмат қилди.  

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сиёсий бўлими раҳбари Миндаугас Качераускис таълим, ер, молия ва технология каби активлардан фойдаланиш ва назорат қилиш орқали қишлоқ хўжалигида аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга чақирди. 

"Бу эса уларнинг маҳсулдорлигини, даромадларини ва қарор қабул қилиш қобилиятини оширади, шунингдек, гендер тенглиги ва ижтимоий адолатни рағбатлантиради. Фойда авлодларга тарқалади ва келажакда яхши натижалар кўрсатади", деди у.  

Ташкилотчилар қишлоқ хўжалиги соҳасида аёлларнинг роли ва мотивациясини оширишга биргаликда ҳаракат қилиш ва тажриба алмашиш орқали агросекторда аёлларнинг салоҳиятини ошириш орқали уларнинг интеграциясини ривожлантиришга интилишди. Тадбирда Ўзбекистон аёлларининг қишлоқ хўжалигига қўшган ҳиссаларини акс эттирувчи ҳужжатли филм ҳамда иқлим ўзгариши муаммоларига мослашиб, ўз ҳудудида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган қишлоқ аёлларининг ҳикояларини ўз ичига олган рақамли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.  

БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини вақтинчалик бажарувчи Анас Файяд Карман ўзининг қабул нутқида қишлоқ аёлларининг бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалигидаги муҳим ролини такидлаб ўтди ва Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги соҳасида гендер тенглигини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

 "Аёллар ҳар доим бизнинг жамиятимизнинг асоси бўлиб келган, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида. Аёллар Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ишчи кучининг 40% дан ортиғини ташкил этиб, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига қаршилик кўрсатишда муҳим рол ўйнайди. Қишлоқ аёлларини қишлоқ хўжалиги фаолиятида юксалтириш орқали биз нафақат гендер тенглиги сари қадам ташламоқдамиз, балки озиқ - овқат хавфсизлигига ҳам сармоя киритмоқдамиз", дея қўшимча қилиб, қишлоқ аёллари дуч келадиган муаммоларни самарали ҳал қилиш учун жамоавий имкониятларни кенгайтириш, билим алмашиш ва ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаб ўтди.  

Шундан сўнг, халқаро форумнинг хорижлик иштирокчилари қишлоқ хўжалигидаги етакчи илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюрди. У ерда иқлим ўзгариши ва сув танқислигига бардошли кўчатлар тақдимоти ўтказилди.  

Дастлабки ташриф доирасида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ЭУ-АГРИН лойиҳаси доирасида Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтнинг етук олимларининг “Пахтачилик” инновасион гуруҳи фаолияти билан таништирилди. Фарғона вилоятининг тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган, янги ва юқори салоҳиятли ғўза навлари, ресурс тежовчи технологиялар ҳамда зараркунандаларга қарши комплекс чора-тадбирлар тақдимоти.

Шунингдек, институтнинг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ғўза биотехнологияси лабораторияси фаолияти билан танишилди. Ушбу лаборатория, ғўзанинг молекуляр генетикаси, физиологияси, биокимёси, фитопотологияси, хужайра селекцияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Мазкур лаборатория ёрдамида тезпишар, тола сифати ва миқдор кўрсатгичи юқори, касалликларга чидамли, тупроқ шўрланиши ва сув танқислига бардошли ғўза навлари яратилмоқда.  

Институт бугунги кўнда сунъий муҳитда кўчатларни «Ин-витро» усулида етиштириш орқали кўплаб меваларнинг маҳаллий иқлимга мос янги навларини етиштиришга мувваффақ бўлган. «Ин-витро» усулида етиштирилган кўчатларнинг анъанавий етиштирилган кўчатлардан афзаллиги шундаки, ушбу усулда етиштирилган кўчатлар соғлом ўсиши, турли хил касаллик ва зараркунандалар унга хавф солмайди. Кўчатлар ташқи муҳитдан ажратилган ҳолда сунъий идишларда ундирилади. Бундан ташқари ушбу кўчатлар ерга экиш учун мавсум танламайди. Йилнинг ҳар қандай фаслида ҳам бемалол уларни экиш мумкинлиги мехмонларни ҳайратга солди.  

Учрашув якунида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хорижий мехмонларга аталган эсдалик совғалари тақдим этилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Франсиядан ташриф буюрган меҳмонлар форум доирасида уюштирилган ташрифлардан мамнунлигини, иккала илмий-тадқиқот институтлари фаолиятига муваффақиятлар тилашди.  

Шу билан, БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Аграр соҳа аёллари уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган форум муваффақияли якунланди, унда 180 га яқин иштирокчилар қатнашди.

    Бошқа янгиликлар