Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Ғазо секторидаги вазиятга нисбатан икки томонлама стандартлар сиёсатини қўллашга йўл қўйилмаслигини маълум қилди.
Хусусан, у Украина ва Фаластиндаги воқеаларга нисбатан турлича ёндашувлар мавжудлигига ишора қилди.
“Украина учун алоҳида стандартлар ва Фаластин учун алоҳида стандартлар бўлиши мумкин эмас. Агар биз адолатли дунё истасак, доимо принципиал ва изчил ҳаракат қилишимиз керак”, деди дипломат эронлик ҳамкасби Ҳусайн Амир Абдуллоҳиан билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.
Унга кўра, Анқара Ғазо секторидаги воқеалар минтақа давлатларига таъсир қиладиган урушга айланиб кетишини истамайди. "Биз барча ўйинчиларни барқарор тинчлик учун ҳаракат қилишга чақирамиз", деди Туркия дипломатияси раҳбари.
Фидан Европа Иттифоқи давлатларини Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни тарғиб қилишни истамаганликлари учун танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, ЕИ Ғазодаги вазият бўйича жамоавий позицияси туфайли "сулҳ ҳақида эшитишни истамайди".
Вазир, шунингдек, 500 га яқин хорижлик фуқаронинг Ғазодан чиқиб кетиши бўйича келишувга эришилганини айтди. “Ҳозирда музокараларимиз давом этмоқда, жумладан Туркия фуқаролари бўйича.
Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳий, ўз навбатида, “сионистик режим Ғазода аёллар, болалар ва тинч аҳолини ўлдиришда, геноцид ва уруш жиноятларини содир этишда давом этмоқда”, деди.
Унинг сўзларига кўра, “агар уруш тўхтатилмаса, минтақадаги вазиятнинг назоратдан чиқиб кетиши учун жавобгарлик АҚШ, Исроил ва ҳарбий жиноятларни қўллаб-қувватловчилар зиммасига тушади.
Эронлик вазир Туркияга Ғазоликларнинг депортациясига қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлагани ва Фаластин анклавига инсонпарварлик ёрдами етказилгани учун миннатдорчилик билдирди.





