Шунингдек, 2040 йилдан бошлаб Туркияда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни тўлиқ тўхтатиш таклиф этилмоқда.
Туркияда тамаки маҳсулотлари истеъмолини камайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Ҳужжатда 2015 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга умрбод тамаки маҳсулотларини сотиб олиш ва истеъмол қилишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарийб бир йилдан бери ишлаб чиқаётган қонун лойиҳасини октябрь ойида парламентга тақдим этиш режалаштирилган. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа босқичида бўлиб, унинг якуний бандлари парламент муҳокамалари давомида ўзгариши мумкин.
Таклифлардан бирига кўра, 2015 йил 1 январдан кейин туғилганлар келгусида тамаки маҳсулотларини нафақат истеъмол қила олмайди, балки уларни сотиб олиши ҳам тақиқланади. Бу орқали тамаки истеъмол қилмайдиган янги авлодни шакллантириш мақсад қилинмоқда.
Шунингдек, 2040 йилдан бошлаб мамлакатда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни тўлиқ тўхтатиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада ресторанларнинг ёпиқ ва очиқ қисмларида чекишни тақиқлаш, парклар, боғлар ҳамда давлат бинолари ҳудудида махсус чекиш жойларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда. Бундай жойлар ташқаридан кўринмайдиган тарзда ташкил этилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, сигарета қадоқларини стандартлаштириш, «слим» деб аталадиган ингичка сигаретларни муомаладан чиқариш ва вояга етмаганларга тамаки маҳсулотлари сотилишини назорат қилишни кучайтириш таклиф қилинмоқда.
Анадолу агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда Туркияда 15 ёш ва ундан катта аҳолининг 33,2 фоизи тамаки маҳсулотларидан фойдаланган. Бу кўрсаткич эркаклар орасида 46 фоиз, аёллар орасида эса 20,6 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, мамлакатда сигарета савдоси 2012 йилдаги қарийб 91 минг тонна ва 4,5 миллиард қутидан 2025 йилда 160 минг тонна ва 8 миллиард қутигача ошгани қайд этилган.
Ҳозирча мазкур чоралар қонун сифатида қабул қилинмаган. Якуний қоидалар, уларнинг кучга кириш муддати ва ижро механизмлари парламент муҳокамаларидан сўнг аниқланади.






