Остона ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди Қозоғистон собиқ миллий иқтисодиёт вазири Қуандик Бишимбаевни икки ойга ҳибсга олишга рухсат берди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати хабар берган.
“11 ноябр куни Остона шаҳар ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди гумонланувчи Қуандик Бишимбоевга нисбатан икки ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга рухсат берди. Бошқа маълумотлар Қозоғистон Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддага мувофиқ ошкор этилмайди", дейилади хабарда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари собиқ миллий иқтисодиёт вазири нимада гумон қилинаётгани ҳақида ҳозирча хабар берилмади.
Қозоғистоннинг қатор ОАВлари Бишимбаевнинг калтакланиш оқибатида вафот этган рафиқаси ўлимига алоқадорликда қўлга олингани ҳақида хабар берди. Полиция маълумотларига кўра, Остонадаги ресторанлардан бирида ташриф буюрувчилар ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада аёл олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган.
Kaktus Media хабар беришича, Қуандик Бишимбаев фаолиятининг дастлабки йилларида мамлакат президенти – ўша пайтда Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. 2016 йилда Миллий иқтисодиёт вазири лавозимида фаолият олиб борган. 2017 йилда у коррупция бўйича қўзғатилган жиноий иш туфайли истеъфога чиқди. 2018 йил март ойида суд уни айбдор деб топиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. 2019 йил октябрь ойида Бишимбаев шартли равишда озод қилинган эди.
Озодликка чиққанидан кейин Бишимбаев тадбиркорлик билан шуғулланган.






