Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастури

ЖАМИЯТ 02.11.2016, 12:13
Теглар: Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастури

Дастурда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий амал қилиш, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади – ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассам.

Ушбу дастур Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партия­си фракциясининг Парламентдаги кўпчилик — демократик кучлар Блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланади. Булар, энг аввало:

— мамлакатнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосида, ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш;

— энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш;

— аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларининг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш орқали коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш;

— аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринларини ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш;

— муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг асосий мезони уларни ҳаётга татбиқ қилиш орқали яратиладиган барқарор иш ўринлари сони билан ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, демакдир.

Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Бу мақсадни самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти бу – уларнинг бандлигини таъминлашдир. Бунинг учун, аввало, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўл­лаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур, деб биламиз.

Мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатьи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратишга энг муҳим масала сифатида қараймиз.

Ижтимоий ҳимоя борасида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бош­қа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни қамраб олувчи кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ижтимоий ва коммунал хизматларнинг сифатлилигини ва аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари учун мақбуллигини таъминлаш тарафдоримиз.

Бизнинг асосий шиоримиз «Мақсадимиз — халқимиз турмуш даражасини янада ошириш!».

Бундай кенг қамровли, ижтимоий йўналтирилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қуйидаги устувор йўналишларни белгилаб олганмиз:

I. Биз аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини замонавий усулларни жорий қилиш орқали доимий такомиллаштириб бориш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу йўналишдаги вазифаларнинг самарали амалга оширилиши учун «Аҳоли банд­лигини таъминлаш — энг асосий бурчимиз», «Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли!», «Ҳар бир инсон учун муносиб иш ўрни!», «Ҳар бир инсон учун муносиб иш ҳақи!» шиорларини илгари сурамиз. Ушбу мақсадда қуйидагиларни таклиф этамиз:

— ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида бар­қарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бўлишини таъминлаш;

 — ишчи кучи четга чиқиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун ҳар йили қабул қилинадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастури ижросида янгича ёндашувларга ўтиш. Бунда асосий эътиборни меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ўрганиш, ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаш;

— муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган, биринчи навбатда заминимиздаги бой минерал хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш;

 — касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мустақил ўзини ўзи иш билан таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик ­фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш, ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш;

— истиқболли ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда уларнинг ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурлари билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш;

— корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларини йўлга қўйиш;

— муҳим ижтимоий-иқтисодий дас­турлар билан боғлиқ равишда замонавий касбга эга бўлган кадрлар тайёрлаш масаласи ҳал қилинишига эришиш;

— тегишли мутахассисларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, кадр­лар тайёрлаш учун олий ўқув юртлари талабаларининг таълим шартномалари тўловларини тўлаётган корхоналар ва ташкилотларни рағбатлантириш амалиётини такомиллаштириш;

— муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган, қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар яратиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш;

— олий ва ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрлаш йўналишларини белгилашда корхона ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш;

— кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш. Меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланишлари учун янада мақбул шароитларни яратиш;

— меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш;

— турли имтиёзлар бериш орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги норасмий меҳнат муносабатларини қонунчиликка киритиш. Меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлик учун тадбиркорларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини ошириш ҳамда давлат томонидан қаттиқ назорат ўрнатиш;

— ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналарни ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоя­лари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш;

— йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахслар (ногиронлар)ни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш лозим.

II. Иқтисодий сиёсатдаги асосий устувор вазифаларимиз, бу — давлатимизнинг молиявий-иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш орқали аҳолининг, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтиришдан иборатдир.

Халқимизнинг ҳаётий манфаатлари билан боғлиқ «Иқтисодий ислоҳотларга — ижтимоий самарадорлик!» шиори мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ёндашувимизнинг туб моҳиятини ўзида акс эттиради.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг харид қобилиятини ошириш ички талабнинг ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Бу эса иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатларини изчил ошириб боришнинг мустаҳкам асосидир.

Биз иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда қуйидагиларни таклиф этамиз:

— бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш;

— давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражасини яхшилашда фойдаланиш;

— замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, шунингдек, уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътиборни кучайтириш;

— тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

— тижорат банкларининг инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш орқали уларнинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш;

— турли маҳсулот етказувчиларга ўзаро эркин рақобатлашишига имкон берадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар йўналишини кенгайтириш орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш.

Истиқболли корхоналар ва ишлаб чиқариш комплексларининг ривожланиши учун бўш меҳнат ресурсларини жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бунинг учун қуйидагилар таклиф этилади:

— маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарлари ишлаб чиқаришини молиявий ва иқтисодий рағбатлантириш, имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш;

— ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобига ички бозорни тўлдириш, нарх-наво ошишининг олдини олишга қаратилган товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини кучайтириш;

— мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни рағбатлантириш;

— мамлакатимизда фаолият юритаётган кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсатини юритиш, корхоналарнинг таснифига «ўрта корхона» тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналар мезонларини белгилаш, кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш.

Бундан ташқари, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омили сифатида қурилиш соҳасини модернизация қилиш, қурилиш ташкилотларини кенг ривожлантириш, замон талабига жавоб берадиган мутахассислар, техник воситалар билан таъминланиш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

— қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият берувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш;

— собиқ тузум давридан буён фойдаланиб келинаётган эскирган қурилиш стандартлари, норма ва қоидалари ўрнига бутун дунёда амал қилиб келинаётган еврокодлар тизимига ўтиш;

— қурилиш соҳаси ривожланиши истиқболларига мувофиқ етарли даражада малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласига эътибор қаратиш, мутахассисларнинг хорижий давлатларда малака оширишларини тизимли йўлга қўйиш;

— янги инновацион технологияларни ва материалларни қўллаш, қурилиш хизмати бозорларида мамлакатимиз мутахассисларининг рақобатбардошлигини таъминлаш орқали ўзбек компанияларининг хорижий қурилиш ва хизмат бозорларига чиқишларига шароит яратиш.

III. Кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш лозим. Бу йўналишда биз «Кам таъминланганларнинг кучли ижтимоий ҳимоя­си учун курашамиз!» шиорини илгари сурамиз.

Бунинг учун қуйидагилар таклиф этилади:

— ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, уларнинг меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ташаббускорлигини рағбатлантириш. Бизнинг фикримизча, ижтимоий кўмак — ташаббускорликка йўл очмоғи даркор!;

— нафақалар ва моддий ёрдамни асосан, кам таъминланган оилалар, моддий ёрдамга муҳтож кексалар ва болаларга йўналтириш;

— ижтимоий адолат, меҳр-оқибат, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида маҳалланинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маркази сифатидаги ролини ошириб бориш чора-тадбирларини кўриш;

— ўз бизнесини ташкил этишга интилувчи меҳнатга лаёқатли фуқароларга имтиёзли кредитлар ва фоизсиз ссудалар ажратиш амалиётини янада ривожлантириш;

— кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни, ўз бизнесини ташкил этиши учун мақсадли фойдаланиш шарти билан, тегишли даврда тўланадиган маблағлар суммасини бир марталик тўлов шаклига ўтказиш механизмини жорий этиш;

— ижтимоий аҳамиятга молик товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назорати самарадорлигини янада ошириш орқали нархлар ва тарифларнинг ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслигини таъминлаш;

— уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида, давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини тураржой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш;

— мамлакатимизда автотранспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги натижасида йўллар, катта шаҳарларнинг кўчаларида тирбандликлар вужудга келишига барҳам бериш мақсадида тегишли инфратузилмани доимий такомиллаштириб бориш, пиёдалар йўлакларини капитал таъмирлаш, экологик тоза, соғлом турмуш тарзига замин яратувчи велойўлакларни қуриш;

— коммунал хизматлар кўрсатишнинг тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган камхарж автоном (локал) шаклларини ривожлантириш орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар нархини мақбуллаштиришга эришиш;

— табиий монополия субъектлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар (газ, электр ва иссиқлик таъминоти, канализация, маиший чиқиндилар ва ҳ.к.) нархлари ва тарифларини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш;

— кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, мазкур устуворликка амал қилган ҳолда, етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш, жамиятнинг барча аъзоларининг ишончли ижтимоий кафолатлари таъминланиши масалаларида бизнес масъулиятини ошириш. Бу вазифани рўёбга чиқаришда биз«Кучли ижтимоий ҳимоя — асосий мақсадимиз!» ­шиорига таянамиз;

— «Кексаларимиз учун муносиб пенсия таъминоти!», «Биз кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» шиорлари негизида мамлакатимиз равнақи, улға­йиб келаётган ёш авлодга озод ва обод Ватан қолдириш борасидаги ишларга ўз ҳиссасини қўшган кекса авлод учун муносиб турмуш шароитини яратиш ғояси турибди.

Бугунги кунда жисмоний имкония­ти чекланган шахслар жамиятимиз ижтимоий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш асосий вазифаларимиздандир. Шунинг учун уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ижтимоий объектларда ногиронлар учун махсус кириш йўлаги – пандуслар ҳамда уларга мослаштирилган пиёдалар йўлакчалари бўлишини таъминлаш даркор. Биз мавжуд барча бино ва иншоотларни ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш, йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

IV. Аҳолига юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имко­ният­ларини кенгайтириш масаласи ҳам доимо диққат марказимиздадир. Шундан келиб чиққан ҳолда, қуйидагиларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз:

Таълим соҳасида:

— жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш;

— бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш;

— коллежлар ва академик лицейларни ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш;

— корхона ва ташкилотларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, техник ва технологик мутахассисликлар бўйича олий ўқув юртларига мақсадли қабул қилиш масаласини рағбатлантириш;

— ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар бериш, жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш;

— педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асосларини яратиш.

Соғлиқни сақлаш соҳасида:

— аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш;

— имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ижроси устидан тизимли назоратни кучайтириш;

— фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини чеклаш;

— асосий дори воситалари рўйхатидаги дори воситаларининг давлат тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлиши ва айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг имтиёзли берилишини таъминлаш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш.

V. Демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш асосий вазифа ҳисобланади. Ушбу мақсадда қуйидагилар таклиф этилмоқда:

— ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳаволаки нормаларсиз қабул қилинишига эришиш;

— қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари, давлат бош­қаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамия­ти институтлари иштирокини таъминлаш амалиётини изчил ривожлантириш;

— аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарорларни қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини белгилаш;

— жойлардаги доимий электорат манфаатларига алоқадор бўлган долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш;

— аҳолига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида Ягона интерфаол давлат хизматлари порталидан эркин фойдаланишни тақдим этувчи пунктлар тармоғини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

— давлат ва фуқаролик жамияти институти ўртасидаги ижтимоий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш;

— фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

— судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш. Фуқароларнинг судга мурожаат қилиши ва суд ҳужжатларини олишининг электрон тизимини кенг жорий қилиш.

VI. Ташқи сиёсий фаолият масалаларида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

— қўшни мамлакатларга нисбатан очиқ ва прагматик сиёсат юритиш, улар билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш;

— минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурс­ларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриш;

— ташқи сиёсатда Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги фаол иштирокини таъминлаш. Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё мамлакатлари, дунёнинг бошқа давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кучайтириш зарур.

***

Дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалда рўёбга чиқариш мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шарҳлар

Шавкат Мирзиёев Путинни сайловдаги ғалабаси билан табриклади

18.03.2024, 10:51

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни бўлиб ўтган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар...
Анголада президентлик сайловида Жоау Лоуренсо 51.08 фоиз, мухолифатчи Адалберто Коста Жуниор 44.05 фоиз овоз тўплади

26.08.2022, 10:19

24 август куни Анголада президентлик ҳамда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси хабар қилди. Маълум қилинишича, Анголада парламент сайлови 2 хил тарзда...
Халқаро “Медиа-холл”: шаффофлик, холислик ва тезкорлик

15.10.2021, 19:31

Ўзбекистон Электрон Оммавий ахборот воситалари миллий асоссиацияси бошқарув раиси Фирдавс Абдуҳолиқов ташкил этилган “Медиа холл” ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:—   14 октябр куни Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари...
Бузиб қўйилган сайлов бюллетенини янгисига алмаштириш мумкинми?

12.10.2021, 11:32

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига роппа-роса 12 кун қолди. Табиийки, бу даврда инсонларда турлича саволлар туғилади. Марказий сайлов комиссияси шундай саволлардан бирига жавоб берди.– Сайлов бюллетени...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1