Молдованинг европапараст президенти Майя Санду 2024 йил охирида иккинчи президентлик муддатига ўз номзодини қўйиш ниятида эканини маълум қилди ва парламентни мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги бўйича референдумга тайёргарликни бошлашга чақирди.
"Бизда ҳали муҳим қадамлар бор ва агар янги муддатни менга ишониб топширсангиз, ишлашни давом эттиришга ваъда бераман", деди Санду республика раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Шунингдек, Санду Ҳаракат ва бирдамлик партиясидаги (ПАС) иттифоқчилари томонидан назорат қилинадиган парламентдан Молдованинг Европага йўналиши бўйича референдум ўтказиш ишини бошлашни сўради.
"Бизнинг келажагимиз Европа оиласида ва бутун мамлакат сифатида Молдова учун қайси йўлни танлашимизни аниқ айтишимиз керак. Мен парламентни келаси йил кузида фуқароларнинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган референдум ўтказишга чақираман", - деди Молдова президенти.
Айтиб ўтиш лозимки, 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган Санду бир неча бор Украина урушини қоралаган ва Москвани ўзини ҳокимиятдан четлатиш учун давлат тўнтаришига уринишда айблаган. Ўз навбатида, Кишинёвдаги Россия элчихонаси Молдова ҳукумати "русофобияни қўзғатаётганини" даъво қилди.
Сайловлар келаси йил охирида бўлиб ўтади
Молдовада президентлик сайловлари 2024 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтиши керак, уларнинг аниқ санасини парламент белгилайди. Жорий сўровлар ПАС 30-45 фоиз овоз олишини кўрсатмоқда, Додон социалистлари учун бу кўрсаткич - 28-38 фоиз, шу йил бошида фирибгарликда айбланиб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган қочоқ бизнес-магнат Илан Шорнинг "Имконʼ партияси учун эса - 8-15 фоиз.
Декабрь ойи бошида бўлиб ўтган ЕИ саммитида Молдова ва Украинанинг Европа Иттифоқига кириши бўйича музокараларни бошлашга қарор қилинган эди.
Ўтган ҳафта Молдова парламентидаги ташқи сиёсат ва Европа интеграцияси бўйича комиссия раиси Дойна Герман Молдова 2024 йил охиригача Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)дан чиқиш жараёнини якунлашини, ушбу ташкилот доирасида тузилган қолган барча келишувларни изчиллик билан денонсация қилишини айтди.






