АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Форт Пирс шаҳрида яшовчи ёш эр-хотин Бренди Гютллер ва Томми Бахмайер эгизак фарзанд кўргандан жуда мамнун бўлишганди, аммо уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади, деб хабар берди “Nonbox.ru” нашри.
2016 йилнинг 18 август куни дунёга келган эгизаклар ҳақида бутун дунё аҳли хабардор бўлди. Чақалоқлар 11 кунлик бўлганда Бренди ва Томми уларнинг суратларини ижтимоий тармоқларга жойлаштирди. Эгизаклардан бири нимжон туғилган эди. Уларнинг суратларини томоша қилган одамлар кичкинтой Хокнинг тезроқ тузалишини истаб, унга соғлик тилашди.
“Улар туғилганларидан бери энди бирга бўлишди. Мейсон яна укаси билан биргалигини ҳис қилиб, қўлчаларидан тутди ва табассум қилди”, деб сурат тагида изоҳ қолдирди эгизакларнинг онаси.
Минг афсуски, эгизакларга бирга вояга етиш насиб қилмаган экан. Хок туғма диафрагма чурраси билан туғилгани боис, диафрагмаси деформацияга учраб, ички аъзолари жойидан силжиб кетганди. Эгазакларнинг ота-онаси, яқинлари ва дунё бўйича миллионлаб нотаниш одамлар Яратгандан Хокнинг тузалиб кетишини сўраб, илтижо қилишди.
Минг афсуслар бўлсинким, воқеа фожиали якун топди, Хок вафот этди. Аммо Бренди ва Томми уларни бирга суратга туширганидан афсусланмади, эгизаклар сурат баҳона сўнгги бор бир-бирларининг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлишди.