КУЧ – АДОЛАТДА!
Тарихан қисқа давр – мустақиллигимизнинг чорак асри давомида юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат яратиш, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатимиз барқарор ва изчил ривожланиб, демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнлари тобора чуқурлашиб бормоқда.
Улкан қийинчиликларга, айниқса, мустақил тараққиётимизнинг дастлабки йилларида енгиб ўтишга тўғри келган муаммолар, таҳдид ва синовларга қарамасдан, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида, мамлакатимизда мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш борасида юксак марра ва натижаларга эришилди. Бу йиллар ичида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 баробар ўсди. Бугунги кунда мамлакатимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан, аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифати изчил юксалиб бораётган, иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, жадал суръатлар билан тараққий этаётган замонавий индустриал давлатга айланди.
Жумладан, аҳолининг реал даромадлари 12 баробардан зиёд кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Ҳар йили Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа соҳаларни ривожлантириш учун йўналтирилмоқда. Жаҳон амалиётида кам учрайдиган бундай кўрсаткичлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон туриши, уларнинг бош мақсади инсоннинг ҳаётий ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялашга қаратилганидан далолат беради. Энг муҳими, ўтган давр мобайнида фуқароларимизнинг ижтимоий онги ва сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошди.
Истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлар ва уларнинг юксак натижаларини эътироф этган ҳолда, биз мамлакатимизнинг бундан кейин ҳам изчил тараққий этиши, ривожланган замонавий демократик давлатлар қаторига кириши тарафдоримиз.
Шу билан бирга, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган янги вазифаларни, марраларни белгилаш ва уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаришимиз лозим, деб биламиз ва шунинг учун партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, парламентда ўзини мухолиф деб эълон қилган куч сифатида сайловчиларга муқобил дастуримизни таклиф этмоқдамиз. Зеро, биз яшаётган мураккаб, глобаллашув асрида эришилган натижалар билан кифояланмасдан, даврнинг тобора ортиб бораётган талабларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб қадам ташлайдиган мамлакатгина муваффақият қозониши мумкин.
Мазкур дастур Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дастурий мақсад ва вазифаларига асосланади. Биз, шунингдек, «Куч – адолатда!», «Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони», «Адолат – ҳар бир инсон учун» ҳамда социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган – ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги ғояларига таянамиз. Бунда биз ҳаётимизга самарали татбиқ этиб келинаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ўзаро чамбарчас ислоҳот ва ўзгаришларни амалда ўзини тўла оқлаган «Ўзбек модели»га мувофиқ равишда давом эттиришни яқин келажакдаги бош мақсадимиз, деб биламиз ва қуйидаги вазифаларни устувор деб ҳисоблаймиз:
МАҚСАДИМИЗ – ДЕМОКРАТИК ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ ВА АДОЛАТЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ҚУРИШ
Адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамият қуриш халқимизнинг асрий орзулари сирасига киради. Зеро, адолат устун бўлган жойда иш юришади, юртда файзу барака бўлади, одамларда меҳр-оқибат кучаяди. Адолат бор жойда тараққиёт бўлади, юксак муваффақиятларга эришилади.
Шундай экан, ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасидаги конституциявий нормаларимизни ҳаётга тизимли равишда ва кенг жорий этиш устувор вазифа бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади. Биз бунда ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари ҳукм сурадиган, аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган, фуқароларнинг кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш ғояларига таянамиз.
Бизнинг мақсадимиз – давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш. Сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши учун бор кучимизни сафарбар этамиз.
Биз вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлаймиз. Шунингдек, ҳокимиятнинг барча даражадаги бошқарув органлари вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида ўзаро очиқ мулоқот ва тўғридан-тўғри муносабатларни янада кенгайтириш тарафдоримиз.
Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади, деб биламиз.
Маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида биз ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишдаги ваколатларини кенгайтириш тарафдоримиз. Бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш, ҳудудий давлат ҳокимияти органлари зиммасига муайян вазифа, ваколат ва топшириқ юклатилган ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш билан боғлиқ аниқ механизмларни акс эттириш, қолаверса, барча ҳудудий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлигига тавсия этилаётган номзодларни ҳокимлар билан келишиш лозимлигини муҳим, деб биламиз.
Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш ва мувофиқлаштириш, жамоатчилик назорати институтини янада кучайтиришни талаб этади. Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга молик масалалар юзасидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат ижтимоий дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини кучайтириш каби масалалар бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Биз демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди, деб биламиз ва «Ошкоралик – фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир» деган тамойилга таянган ҳолда, ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз. Ахборот соҳасида рақобат муҳитини янада кучайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини ошириш зарур, деб биламиз.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш устувор вазифамиз ҳисобланади.
Шунингдек, биз босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни ривожлантиришга, даврий матбуот маҳсулотларининг чакана савдо тармоқларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берамиз.
АДОЛАТ –
ҚОНУН УСТУВОРЛИГИДА!
Биз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Хусусан, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида «Адолатли қонунларни қабул қилиш», «Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади» каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб биламиз.
Биз асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартиришга интиламиз. Қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши лозим. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари муҳим мезон бўлиши лозим.
Ҳар бир фуқарога жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг имкониятлар тақдим этиш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифаси, деб биламиз.
Биз «кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор», деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таклиф этамиз.
Биз, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётида самарали натижа бераётган ярашув институтини янада кенгайтириш чораларини кўришимиз даркор. Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, ҳар бир инсоннинг, айниқса, мансабдор шахсларнинг юксак ҳуқуқий маданиятга асосланган фаолиятини йўлга қўйиш учун барча имкониятлардан фойдаланишимиз зарур.
Жамият аъзоларининг Конституциямиз ва қонунларимиз ижросига бўлган ишончи – уларнинг эртанги кунга бўлган ишончидир. Шундай экан, биз давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш тарафдоримиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, ички ишлар, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши устидан кучли жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институтлар, жумладан, Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг ролини янада ошириш тарафдоримиз.
Шу билан бир вақтда, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга йўналтирилган мақсадли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, фақат эркин, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни ҳурмат қиладиган фуқаро ўзининг ҳуқуқларидан тўлалигича фойдаланиши мумкин. Бу борада фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда махсус дастур ишлаб чиқишни ва уни ҳаётга жорий этишни режалаштирмоқдамиз.
ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИК – МАМЛАКАТ
ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ГАРОВИ!
Биз иқтисодий соҳада республикамизда олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк ва суғурта тизимларини мустаҳкамлаш, четдан қарз олиш масалаларида консерватив ёндашувга асосланиш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига эришиш борасидаги сиёсатни давом эттириш тарафдоримиз.
Замонавий ижтимоий давлат фақат юксак ривожланган, самарали ва ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётга асосланиб муваффақиятли фаолият кўрсатади. Бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари эса социал-демократиянинг эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик каби асосий қадриятларни амалга оширишда муҳим восита бўлади, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, биз бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур деб биламиз ҳамда «рақобат – мумкин қадар, давлат бошқаруви – зарурат қадар» тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш тарафдоримиз.
Биз мамлакатимиз келажаги – инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиётда деб биламиз ҳамда давлатнинг мувофиқлаштирувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор инновацион тараққиётида муҳим роль ўйнаши кераклигини эътироф этамиз. Янги технологияларга асосланган иқтисодиёт давлат қудратини оширади, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Мамлакатимизда замонавий иннновацион ва юқори технологияларни жадал ривожлантириш ва кенг жорий қилиш мақсадида биз махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилишни режалаштирмоқдамиз.
Мазкур ҳужжатда, хусусан, қуйидагилар белгиланади:
– инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий фаолиятни ривожлантириш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
– инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш;
– Давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш;
– иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш.
Биз бюджет соҳасида харажатларни кескин қисқартириш эвазига бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдори эмасмиз, чунки бюджет харажатлари иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омилларидан биридир, у аҳолининг тўлов қобилиятини кучайтириб, ўз навбатида, юксак самарали ишлаб чиқаришга рақбатлантиради ва якунда халқ фаровонлигини таъминлайди.
Молия бозорига аҳоли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маблағларининг фаол жалб қилиниши борасида ҳали ишлатилмаган кенг имкониятлар, ечимини кутаётган вазифалар мавжуд деб биламиз ва уларнинг ҳал этилиши иқтисодиётимизни ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар ва молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятини беради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётимизни ривожлантиришда ўзимизнинг куч ва имкониятларимизга таяниш зарурлиги ҳақидаги узоқни кўзланган стратегияни давом эттириш, кичик бизнес ва хусусий корхоналарнинг республика ва ҳудудий инвестиция дастурларидаги иштирокини доимий ошириб бориш орқали истиқболда ҳам юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишимизга хизмат қилади.
Биз ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига, авваламбор, мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлаш нуқтаи назаридан ёндашамиз.
Мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари ва кичик шаҳарларининг ривожланишини жадаллаштириш, ҳудудлар ва пойтахт орасидаги кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик мақсадида биз йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш ҳамда кичик шаҳарларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика бюджети ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Биз иқтисодий соҳада, шунингдек, қуйидагиларни ҳам таклиф этамиз:
– энергия сарфини иқтисод қилишни рақбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш. Мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш;
– муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ва меъёрларни тасдиқлаш;
– мамлакатимизда уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда кенг фойдаланишга мўлжалланган қуёш батареяси ва бошқа қайта тикланувчи энергия олишга ихтисослашган инновацион технологияларни аҳолининг харид қобилиятига мос нархларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
– «яшил иқтисодиёт»га ва унга мос технологияларга ўтишни давлат томонидан кенг рағбатлантириш чораларини кучайтириш ва бу йўлда, айниқса, зарур инфратузилма яратилишига сармоя киритиш, бошқарувнинг самарали тизими ва хусусий сармоялар эвазига экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришни янада фаоллаштириш;
– инвестиция таклифларини чуқур ўрганиш ва инвесторларнинг ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги техника ва юксак технологияларни киритиш, рақобатдош, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларини қатъий назорат остига олиш асносида корхона ва муассасаларни босқичма-босқич хусусийлаштириш сиёсатини давом эттириш ва бу орқали аралаш иқтисодиёт доирасида давлат мулкини ҳимоя қилиш, стратегик муҳим объектларни уларнинг ижтимоий фойдалилигидан келиб чиқиб давлат тасарруфида қолдириш;
– экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, прогрессив солиқ тизимини босқичма-босқич жорий қилишни ўз ичига олган самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш.
Биз экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб боришни қўллаб-қувватлаймиз.
Саноат корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш долзарб вазифаларимиздан эканлигини қайд этамиз.
Қолаверса, экологик муаммоларни ҳал этишда, унинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратишни муҳим деб биламиз. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат Давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди. Биз «Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим» деган принципни жорий қилиш тарафдоримиз.
Биз, шунингдек, иқтисодий лойиҳаларнинг экологик экспертизасини кучайтириш, унинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, бу ишга нодавлат нотижорат ташкилотларини, илмий жамоатчилик, депутатлик корпусини кенг жалб этишни лозим, деб ҳисоблаймиз.
Экология масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқамиз ва уни ҳаётга татбиқ этамиз. Дастурда, хусусан, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дов-дарахтлар сонини ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш, саксовул ва бутазорларни кенгайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгилаб қўйилади.
КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ!
Биз «Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир» деган тамойилга таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиқиб меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашамиз.
Давлат бундан кейин ҳам: инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши; шахсий ташаббусларни рағбатлантириши; иш берувчилар ходимларнинг кучи ва соғлиғидан фойдаланишда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслигини таъминлаши; фуқаролар ўзларининг жинси, ёши ва кучига тўғри келмайдиган ишлар билан шуғулланмасликларини назорат этиши лозим деб ҳисоблаймиз.
Биз Ўзбекистонда «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун» тамойилига амал қилган ҳолда, турмуш даражаси кўрсаткичларини янада яхшилашнинг муҳим шарти бўлган, кўп йиллик мустақил тараққиётимиз даврида ўзини оқлаган давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб, ҳаётга самарали татбиқ этиш тажрибасини давом эттиришни таклиф этамиз.
Айни пайтда, бизнингча, ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақатгина давлат ҳокимияти органларининг хатти-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди. Шу сабабли давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини, авваламбор, соғлиқни сақлаш, фан ва таълим тизими, йўл қурилиши, коммунал соҳаларда ривожлантириш зарур деб биламиз. Бундай ҳамкорликнинг энг самарали шаклларини қўллаш юзасидан махсус дастур ишлаб чиқиш, ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларнинг ижтимоий масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига биз, биринчи навбатда, ёшлар ва аёллар, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини, турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, ишини йўқотганларга янги меҳнат ўринларини ҳамда касбий қайта тайёргарлик учун таълим олиш имкониятларини яратиш нуқтаи назаридан ёндашамиз. Биз ёшларни муносиб ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб қилиш, коллеж битирувчилари ва ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш юзасидан давлат дастурларининг амалда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш ва ишсизликни минимал даражагача қисқартиришга интиламиз.
Биз аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, ишчилари ва хизматчиларини тизимли равишда ижтимоий ҳимоя қилаётган, уларнинг интеллектуал салоҳияти юксалиши, олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларида ўқишлари ва малакаларини оширишларига, соғлиғини тиклашига кўмаклашаётган корхона ва ташкилотлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз. Зеро, инсоннинг оиласидаги фаровонлик, ўзининг ҳаётга муносабати, охир-оқибатда эса жамиятимизнинг барқарорлиги, унинг иш билан таъминлангани, ижтимоий ҳимоялангани, меҳнати учун муносиб ҳақ олаётганига бевосита ва билвосита боғлиқ.
Биз иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, у билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, ходим меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани ва уларни бузганлиги учун иш берувчилар жавобгарлигининг кучайтирилиши билан бирга жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш тарафдоримиз.
Биз аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш тарафдоримиз. Мустақиллик йилларида Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилаётган маблағлар улуши салкам 2 баробарга ошганлиги, амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, эришилган улкан марраларни эътироф этган ҳолда, ушбу соҳани янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади, деб биламиз.
Зеро, халқи, фарзандлари соғлом ва баркамол ривожланган мамлакат кучли ва қудратлидир.
Аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари эътиборимиз марказида бўлади.
Биз аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, хусусан, трансплантологияга, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш тарафдоримиз. Қолаверса, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатишга, чет эл врачларинининг Ўзбекистон тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтиришга, уларни доимий асосда ишга таклиф қилиш орқали миллий мутахассисларимизнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Биз хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш тарафдоримиз. Хотин-қизларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, иқтидорли ҳамда юқори малакали, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлганларини давлат бошқаруви органларининг барча соҳаларига ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қараймиз.
Биз, шунингдек, уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун назорат ва жавобгарликни кучайтириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни ошириш тарафдоримиз.
ЗАМОНАВИЙ, ЮҚОРИ ИНТЕЛЛЕКТУАЛ КАДРЛАР – ЖАМИЯТ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИНИНГ КАФОЛАТИ
Бугун биз XXI асрда – интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган глобаллашув ва интернет асрида, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси ва кескинлиги тобора ортиб бораётган бир даврда яшаётганимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.
Шу маънода инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир ва биз унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб биламиз.
Биз ўз олдимизга саноати юқори ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, олий мактабларни тамомлаган, замонавий билимга, кенг дунёқарашга эга малакали кадрларни кўпроқ тайёрлашга эътибор қаратамиз. Чунки олий маълумотга эга инсон давлатдан иш сўраб, ёрдам кутиб ўтирмайди, балки ўзининг ташаббускорлиги, зукколиги ва уддабуронлиги, янгиликка интилувчанлиги билан янги иш ўринлари яратади, мамлакатнинг ривожланишида фаол иштирок этади.
Шундан келиб чиқиб, биз аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, қолаверса, таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларни устувор вазифалар сирасига киритамиз:
– халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш. Бу борада биз умумтаълим мактабларининг комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишни режалаштирганмиз;
– келажакда мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, «инновацион ва билим иқтисодиёти»га ўтиш эҳтиёжлари ҳамда аҳолининг демографик ўсиши ва бошқа жараёнларни инобатга олиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлигини босқичма-босқич ошириб бориш, давлат ва хусусий сектор маблағлари эвазига таълим грантлари ажратилиши тизимини такомиллаштириш;
– олий ўқув юртларининг мустақиллиги, инновацион инфратузилмасини ва илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш, уларнинг базасида кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш;
– олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш;
– хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган олий маълумотга эга фуқароларимиз дипломларини нострификациядан ўтказиш тизимини соддалаштириш;
– ҳудудларнинг муайян иқтисодий устунликларидан келиб чиққан ҳолда, пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларини тегишли ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш;
– масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шаклларини жадал суръатлар билан ривожлантириш;
– олий таълим муассасаларини корпоратив турдаги олий таълим муассасаларига айлантириш орқали уларнинг соҳавий ихтисослашувини кучайтириш;
– ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш;
– меҳнат ресурсларининг иш берувчи ва бозор талабларига тезроқ мослашишига кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатли ўқувларни ташкиллаштирувчи давлат ва нодавлат касб таълими тизимини янада ривожлантириш.
ТИНЧЛИКСЕВАР, ПРОГРЕССИВ ТАШҚИ СИЁСАТ:
МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР УСТУВОРЛИГИ
Биз тинчликсевар ташқи сиёсат тарафдоримиз. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини кучайтиришни долзарб вазифа деб биламиз.
Биз Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясига асосланиб, жаҳон ҳамжамияти билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб ривожлантириш тарафдоримиз.
Биз бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.
Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз. Қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларимизни минтақамиздаги барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда конструктив мулоқот ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида қурамиз.
Биз халқаро демократик жамиятнинг БМТ тизимини кучайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини янги демократик дунёвий ҳамжамият яратиш томон ташланган муҳим қадам сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Бундан кейин ҳам ядро қуролларисиз дунё, Марказий Осиёда ядро қуролларидан холи ҳудуд барпо этиш ғояларини илгари суришни давом эттирамиз.
Шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифамиздир. Ушбу масалаларни ҳал қилишда БМТнинг ихтисослашган институтлари (ЮНЕП, ХМТ Тараққиёт дастури ва бошқалар) билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий соҳага доир дастурларни ҳамкорликда амалга оширишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлаймиз.
Мақола шартнома асосида чоп этилмоқда