Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида янги туғилган чақалоғини ҳожатхона чуқурига ташлаб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган 33 ёшли аёлга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. У Жиноят кодексининг 99-моддаси билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
“Дарё” нашри танишган суд ҳужжатларига кўра, Д.Э. 2024 йил ноябрь ойида Шўрчи туманида яшовчи А.Ў. билан шаръий никоҳ асосида оила қурган. 2025 йил апрель ойида кесарча кесиш амалиёти орқали биринчи фарзанди — қизни дунёга келтирган. Орадан беш ой ўтиб, иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган.
Ҳомиладорлик даврида аёл Шўрчи туманида тиббий рўйхатда турган ва патронаж ҳамшира назоратида бўлган. Шунингдек, бир неча марта УЗИ ва скрининг текширувларидан ўтган. 2026 йил май ойидаги сўнгги текширувда туғруқнинг тахминий санаси 18 июнь этиб белгиланган.
2026 йил 8 июнь куни Д.Э. Қумқўрғон туманида яшовчи ота-онасиникига меҳмонга борган. Икки кундан сўнг, 10 июнь куни тонгда унинг тўлғоғи бошланган. Аёл бу ҳақда ота-онасига хабар бериб, туғруқхонага олиб боришларини сўраган. Бироқ улар тонг отгач, шифохонага боришни таклиф қилган.
Шундан сўнг, соат 05:00 атрофида Д.Э. ҳовлидаги ҳожатхонага кириб, шу ерда қиз фарзандини дунёга келтирган.
Суддаги кўрсатмасида аёл чақалоқни қўлига олганида унинг кўзлари юмуқ ва нафас олмаётгандек кўринганини айтган. Бир марта йиғлаган овозини эшитганини ҳам билдирган. Шунга қарамай, болани ўлик туғилган деб ўйлаб, йўлдошини қўли билан ажратган ва чақалоқни ҳожатхона чуқурига ташлаб юборган.
Аёлнинг онаси эса ўша куни эрталаб қизини уйдан топа олмаган. Уни аввал хоналардан қидирган, кейин ҳовлидаги ҳожатхонага борган. У ерда Д.Э.ни кўп қон йўқотган ва ҳушсиз ҳолатда топган. Шундан сўнг турмуш ўртоғи ва ўғлини чақириб, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилган. Аёл шифохонага ётқизилиб, даволанган.
“Ўша пайтда нима қилаётганимни ўзим ҳам тушунмаганман. Ҳозиргача воқеанинг айрим тафсилотларини эслай олмайман”, деган судланувчи.
Суд мажлисида аёлнинг онаси қизининг ҳомиладорлик даврида УЗИ текширувидан ўтиб, иккинчи фарзанди ҳам қиз бўлишини билганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Д.Э. ўғил фарзанд бўлса яхши бўлишини билдирган. Онаси эса фарзанднинг жинси аҳамиятга эга эмаслигини тушунтирган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, чақалоқнинг ўлими юқори нафас йўлларининг ахлат билан беркилиши оқибатида юзага келган механик асфиксия, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги сабабли содир бўлган.
Д.Э. судда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, бир нафар фарзанди борлиги ва ҳозирда яна ҳомиладор эканини инобатга олишни сўраган.
Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 99-моддаси, яъни онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ҳукмга кўра, судланувчига иш ёки ўқиш билан боғлиқ зарур вақтлардан ташқари уйидан чиқиш, назорат қилувчи орган рухсатисиз яшаш жойини ўзгартириш ҳамда Сурхондарё вилояти ҳудудидан чиқиш тақиқланган.






