Мактабни аъло баҳоларда ўқидим ва турли олимпиадаларда ҳам ғолиб бўлганман. 9-синфни тугатиб, ҳарбий лицейга ҳужжат топширдим, аммо кам балл тўплабман. Ҳужжатларимни эса Қишлоқ хўжалик лицейига юборишибди. Ҳозир иккинчи курсда ўқийман. Аммо мен ҳуқуқ йўналишига қизиқаман ва келажакда ҳам шу соҳа мутахассиси бўлиш ниятидаман. Шунинг учун ўқишимни Ҳуқуқ коллежига кўчирмоқчи эдим. Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак ва қандай тартибда амалга оширилади?
Шаҳзодбек Ҳабибуллаев, Самарқанд вилояти Пахтачи тумани
Х.Зикриллаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари:
— Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ўқишини бир таълим муассасасидан бошқасига кўчириш Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида"ги Низом асосида амалга оширилади.
Мазкур Низомнинг 9-бандига кўра ўқувчиларни кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги барча аризалар бевосита ўқувчилар ўқиётган академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида қабул қилиниши ҳамда ариза ва унинг иловалари тегишли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси томонидан ҳудудий бошқармага, ҳудудий бошқарма томонидан эса 1 августга қадар Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига юборилиши керак.
Низомнинг 10-бандига асосан ўқувчиларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда ўқув режалари ва дастурларга фанлар бўйича фарқларни ёки қарзларни топшириш тартиби ва муддатлари ҳамда ўқувчиларни ўқитиш курси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори томонидан белгиланиши лозим.
Шунингдек, ўқувчилар ўқишини бир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан бошқасига кўчиришда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасига асосан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
• ўқувчининг ёзма аризаси, ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;
• таълим муассасасининг номи, мутахассислик, курс, гурух, кўрсатилган ҳолда таълим муассасасининг гербли муҳри билан тасдиқланган рейтинг дафтарча нусхаси;
• ўқувчи паспорти нусхаси, вояга етмагани сабабли паспорти бўлмаганда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг доимий яшаш жойи кўрсатилган паспорти нусхаси.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан рухсат бериладиган ўқишни кўчиришга оид аризалар Марказда ташкил этиладиган Ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади.