2023 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлди – ўтган йили июндан декабргача ҳар ойда янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди, бироқ 2024-йил янада иссиқ бўлиши кутилмоқда. Жаҳон метеорология ташкилотининг 12-январ куни эълон қилинган 2023 йил якунлари бўйича ҳисоботида хабар қилинишича, Эл-Нино иқлим ҳодисаси туфайли бу тенденсия 2024-йилда ҳам давом этиши мумкин.
ЖМТ Европанинг Cоперниcус метеохизмати маълумотларини тасдиқлади, унга кўра 2023-йил кузатувлар олиб борилаётган 1850-йилдан бери рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлди. Ташкилот раҳбари Селесте Сауло Эл-Нино туфайли 2024 йилда янги ҳарорат рекордлари кутилаётгани ҳақида огоҳлантирди.
"Эл-Нино одатда глобал ҳароратга энг катта таъсир кўрсатиши ва 2023-йилда энг юқори чўққига чиққани учун 2024-йил янада иссиқроқ бўлиши мумкин", деб тушунтирди у.
Бир нечта тан олинган институтлар томонидан олинган маълумотларга асосланган ЖМТ ҳисоботига кўра, ўтган йили ўртача глобал ҳарорат саноатдан олдинги даврга (1850-йилдан 1900-йилгача) нисбатан 1,45 даражага юқори бўлган. Айни пайтда, 9-январ куни эълон қилинган Cоперниcус маълумотларига қараганда, ўртача глобал ҳарорат 1,48 даражага юқори бўлган.
Айтиб ўтиш лозимки, иқлим ўзгаришининг фалокатли оқибатларини олдини олиш учун жаҳон ҳамжамияти 2015 йилда Париж келишувини тузди, унга кўра глобал исиш икки даражадан, энг яхши ҳолатда - саноатдан олдинги даврга нисбатан 1,5 даражадан ошмаслиги керак.
Американинг океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Ер юзасидаги ўртача глобал ҳарорат бутун йигирманчи асрдаги ўртача кўрсаткичдан 1,18 даражага юқори бўлган. ЖМТ раҳбари Сауло иқлим ўзгаришини инсоният учун энг катта муаммо деб атади.
13.01.2024 15:02
БМТ 2024 йил рекорд даражадаги 2023 йилдан иссиқроқ бўлиши мумкинлигини маълум қилди






