30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида навбатдаги парламент эшитуви бўлиб ўтди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг сабаблари, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди.
Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳри атмосфераси ифлосланишига сабаб бўлаётган ҳолатларни келтириб ўтди.
Хусусан, антропоген омиллар — шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилишларнинг жадал амалга оширилаётгани, қурилишлар сабабли мораторий эълон қилинганига қарамасдан дарахтларнинг кесилиши, “Евро 4” экологик стандарти талабларига жавоб бермайдиган (АИ-80) ёқилғидан фойдаланаётган машиналарнинг меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётганлиги атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, вазир экологияни яхшилаш борасида қилинган ишларга алоҳида тўхталди. Хусусан:
— 2022 йил 1 январдан “Евро-4” экологик талабларига жавоб бермайдиган бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган транспорт воситаларини олиб кириш тақиқланди;
— охирги икки йилда 3 150 км темир йўл участкалари электрлаштирилиб, тепловозлар ўрнига электровозлардан фойдаланиш йўлга қўйилди;
— “Тоза ҳаво” ойлиги давомида 2023-йилда 319 мингта автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилиб, меъёрларга жавоб бермайдиган 8 минг 600 та транспорт воситасидан фойдаланиш вақтинчалик тақиқланди;
— 2023 йилда 147 та саноат корхонасидаги чанг-газларни тутиб қолувчи 716 та ускуна модернизация қилиниб, атмосфера ҳавосига 10 минг тоннадан ортиқ ифлослантирувчи моддалар ташланишининг олди олинди;
— “Замин” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли зарраларни ўлчовчи Япониянинг “Ҳориба” русумли 2 та автоматик стансияси ўрнатилди;
— “Яшил макон” доирасида 416 млн тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди;
— 588 гектар “яшил боғлар”, 662 гектар “яшил жамоат парклари”, Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида жами 40 км масофада “яшил белбоғ”лар барпо этилди;
— Ўтган йилнинг куз мавсумида атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 189 та саноат корхонаси атрофида 2 миллион 300 минг туп кўчатлар экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил қилинди.
Шунингдек, вазир экологик вазиятни яхшилаш борасида қуйидаги кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини қайд этди:
— “Евро-4” стандартидан (АИ-80 русумли бензин) паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан фойдаланишни тақиқлаш;
— Тирбандликни камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш;
— Шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил этиш;
— Жамоат транспортини тўлиқ электр ва газ ёқилғисига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
— Барча турдаги қурилиш обектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид обектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
— Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадлари кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;
— Иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;
— Илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишини олдини олишга қаратилган Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш.
Ҳисоботдан сўнг вазир депутатларнинг экологик ҳолатга доир саволларига жавоб қайтарди.