АсосийMutolaa

Жек Лондон. Интиҳо (ҳикоя)

'Жек Лондон. Интиҳо (ҳикоя)'ning rasmi

Моргансоннинг томоғидан сўнгги бекон* тишлами саримойдай ўтиб кетди. У ҳаётида бирор маротаба ошқозонини бундай сийламаганди. Ошқозон Моргансон учун эътибордан холи ва уни кам безовта қилувчи нарса эди, ўзи ҳам ошқозон масаласида кўпам қайғуравермасди. Лекин ҳозир узоқ очликдан сўнг тузланган бекон бўлаги нафсини қондирди.
Очликдаги кўриниш Моргансоннинг юзини тарк этадиганга ўхшамасди, афт-ангори сўлиб, ёноқ суяклари туртиб чиққанди. Нурсиз мовий кўзлари жавдирар, уларда ночорлик олдидаги қўрқув намоён эди. Нигоҳида ёқимсиз кўнгилсизликлар, иккиланиш, ваҳима сезилиб турарди. Табиатан юпқа лаблари яна бир қават пўст бойлаганди.

Моргансон ўтириб олиб мундштугини чиқазди, ҳафсала билан кўрикдан ўтказиб, кафтига нуқиб-нуқиб кўрди, гарчи ичида тамаки бўлмаса-да. Сўнгра тюлен терисидан тикилган тамаки халтасини тескари ағдариб, тамаки қолдиқларини териб, астардан борини сидириб олди. Тўплаган тамакиси ангишвонача чиқмади, чўнтакларини титкилади, бармоқларига тамаки қолдиқлари аралаш бир чимдим қўқим илинди. Увоқдайини ҳам кўздан қочирмай тамаки зарраларини ажратиб олди, адоқсиз ойлар давомида чўнтак тубида яшириниб-чигалланиб ётган майда жун астар толалари ҳам уларга қўшилиб кетганди.

Ниҳоят, орадан ўн беш дақиқа ўтгач, Моргансон мундштукни ярмигача тўлдира олди, холос. Уни гулхандан тутатиб олиб, адёл устига ўтирди. Мокасин кийган оёқларини оловда тоблаб, ҳар бир ютум тутундан лаззатланганча тамаки бурқсита бошлади. Чекиб битиргач, заифлашиб ёнаётган гулхан алангасига ўйчан тикилиб қолди. Аста-секин кўзларидаги хавотир қатъият билан алмашди. Бошига тушган мусибатдан қутулиш йўлини ахийри топди. Лек бу осон йўллардан эмасди. Моргансоннинг башараси шафқатсиз ва ваҳший тус олди. Юпқа лаблари янада жипслашиб, қисилди.
Энди оёқни қўлга олиш лозим. Моргансон аранг қаддини ростлаб, чодирни йиғиштиришга тушди; ўралган адёлни, товани, милтиқ ва болтани чанага жойлаб, барини арқон билан боғлади; кейин қўлини оловга тутиб, қўлқопини кийди. Оёқлари зир қақшар, чананинг олд қисмига ўтаётганда оқсоқланаётганини сезди. Елкасига арқон ташлаб, чанани жойидан қўзғатиш учун бор кучи билан тортди-ю, беихтиёр оғриқдан букчайиб қолди: адоқсиз йўлда арқон елкаларини шилиб юборганди.
Йўл Юконнинг муз ўзанидан ўтарди. Тўрт соатдан сўнг дарёнинг бурилишигача етиб олди, айланиб ўтиб, Минтога кириб келди. Моргансон чанани ташқарида қолдириб, қовоқхонага кирди.
– Бир стаканга етадими? – сўради олтин қумлардан бўшаб қолган тўрвани пештахтага ташлаб.
Қовоқхона эгаси аввал унга, кейин тўрвага тикилиб қаради ва пештахтага шиша билан стаканни олиб қўйди.
– Қўявер, шундоғам келишиб кетамиз, – дея қовоқхона соҳиби.
– Йўқ, олмаганингга қўймайман, – деди ўжарлик билан Моргансон.
Қовоқхона эгаси тўрвани тарози устига олиб бориб, силкиб кўрди; атиги бир неча олтин қум заррасигина тўкилди, холос. Моргансон унинг қўлидан тўрвани олиб, тескари ағдарди. Эҳтиёткорлик билан олтин заррачаларни тарозига сидириб ташлади.
– Ярим долларлик чиқар, деб ўйловдим.
– Жиндай етмади, – деди қовоқхона эгаси. – Ҳечқиси йўқ! Бошқа бирортасидан ҳиссасини чиқариб оларман.
Моргансон, хижолатомуз, стаканга бир қултум виски қуйди.
– Қани, қуй, қуй, томоқни жизиллатсин, – деди қовоқхона эгаси унга далда берди.
Моргансон стаканни лабигача тўлдирди. У виски тилини куйдириб, томоғини силаб-сийпаётганидан ва ёқимли илиқлик билан ошқозонига қуйилаётганидан ҳузурланиб, стакандагини майдалади.
– Зангилами*, дейман? – сўради қовоқхона эгаси.
– Ҳа, озроқ, – жавоб қилди Моргансон, – лекин ҳали очликдан ўлганимча йўқ. Дайига етиб олай, эт олиб, ўзимга келиб оламан.
– Вой, бояқиш-ей, – деди хайрихоҳлик билан қовоқхона эгаси, – на итларинг, на ақчанг бор, бунинг устига зангила ҳам орттирволгансан. Сенинг ўрнингда бўлсам игнабарг дамламасидан босиб-босиб ичардим.
Ярим соат ўтгач, Моргансон қовоқхона соҳиби билан хайр-хўшлашиб,йўлга чиқди. Қийилиб кетган елкасига арқонни ташлаб, дарё ўзани бўйлаб югургилаб чўзилган чана изидан жануб томон юрди. Бир соат ўтар-ўтмас тўхтади. Ўнгдан дарёга кичкина дара туташганди. Моргансон чаналарни тўхтатиб, оқсоқлана-оқсоқлана дара бўйлаб ярим милча юрди. Бу ердан дарёгача уч юз ярд бор экан. Олдинда тераклар қоплаган тубанлик.
Моргансон теракзор оралаб Юкон дарёси томон юрди. Йўл қарийб дарё ёқасигача чўзилган экан. Моргансон у ёққа тушиб ўтирмади. Селкеркка кетаверишдаги қор босган жанубий йўл чаналар изига тўлиб кетган, олдинда яна бир чақиримча масофа кўзга ташланарди. Шимолий, Минто йўналишидаги йўлни эса тахминан чорак милгача ўрмон қоплаб олганди.
Моргансон худди ўша айланма йўлдан ортига қайтди. Яна лаънати арқонни ортмоқлаб, дара бўйлаб чана тортди. Қорнинг намлигидан чана тортиш мушкул эди. Чанага қор ёпишавериб дам-бадам тўхташга тўғри келар ва ярим мил юрмай Моргансоннинг нафаси бўғзига тиқилиб қоларди. Тун қора кўрпасини ёйганда чоғроқ чодирини тиклаб, темир печини ўрнатиб, шох-шабба йиғишга улгурган эди. Шам ҳам тугаб битганди. Бир финжон чойга қаноатланиб, адёлини устига тортди.
Субҳи содиқда Моргансон қўлқопини кийиб, қулоқчинини бостириб, Юкон томон йўл солди. Елкасида милтиқ. Бугун ҳам пастга тушмади. Нақ бир соат кимсасиз йўлни кузатди, қизиш мақсадида депсиниб, кафтини кафтига уриб турди. Кейин нонушта қилгани чодирга қайтиб келди. Тунука қутидаги қуруқ чой ҳам оз қолибди, беш дамламга етади. Декчасига бир чимдимгина чой ташлади. Бор-йўқ озиқ-овқат захираси ярим қопчиқ ун-у оғзи очилган қутидаги хамиртурушдан иборат эди. Моргансон печ устида нон пишириб, шошмасдан нонуштага ўтирди. Ҳар бир луқмадан лаззатланиб тановул қилди. Учта нонни паққос тушириб, тўртинчисига қўл чўзди-ю иккиланиб қолди; қопчиқни кўтариб салмоқлаб кўрди. “Икки ҳафтага етади”, – деди овоз чиқариб ўзига ўзи. Кулчаларни нарироқ суриб: “Балки, уч ҳафтага ҳам етар”, деб қўшиб қўйди.
Кейин яна қўлқопини кийиб, қулоқчинини тушириб, милтиқни елкасига осиб, қирғоқнинг юқори томонига кетди. Бировга кўринмайдиган панага ўтиб, атрофни кўздан кечирди. Баданига совуқ ўтмагунча бир неча дақиқа қимир этмай ўтирди; сўнг милтиқни тиззасига қўйиб, кафтларини бир-бирига ишқаб қизитган бўлди. Санчиқли оғриқларга оёқлари дош беролмай қолди. Энди қирғоқдан йироқлашиб, дарахтлар орасида у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади. Бироқ бу тентирашлар узоққа чўзилмади. Ҳар беш-ўн дақиқа орасида Моргансон қирғоқ лабига келиб, одам қораси кўринармикан, деб диққат билан разм соларди. Қанчалик бениҳоя туюлмасин, қисқагина кун тун билан алмашарди. Йўл эса ўша- ўша хилватлигича қоларди.
Кундуз куни пойлоқчилик осон ўтди. Ҳаво илиқлашиб, қор ёғди. Қилт этган шабада йўқ. Қор парчалари юлдузчалар каби милтиллаб ерга қўнарди. Моргансон бошини тиззалари орасига олди ва бутун вужуди қулоққа айланди. На итларининг акиллаши, на чаналар ғичир-ғичири, на уларнинг ҳайдовчилари ҳайқириғи эшитиларди. Ғира-ширада Моргансон чодирига қайтди. Ўтин майдалаб, иккита кулчани паққос туширди-ю, кўрпа остига кириб кетди. Туни билан инқиллаб, алаҳсираб чиқди. Ярим кечаси туриб яна битта кулчани еб битирди.
Кундан-кун совуқ забтига ола бошлади. Гарчи Моргансон босиб-босиб игнабарг дамламасидан ичса-да, эндиликда тўрт дона кулча билан бўш қоп тик турмасди. Кунлик тановулдаги кулчаларни олтитага кўпайтиришига тўғри келди – учтаси саҳарликда, учтаси кечликда. Кундузи бир тишлам ҳам нон тишламасди. Суюқ, лекин қайноқ чой билан чекланарди, холос. Орада зангилага қарши игнабарг дамламасидан ичиб турди. Кунлар шу тарзда қувлашмачоқ ўйинини давом эттирарди.
Бешинчи куни йўл жонланди. Жануб томонда қора нуқта кўзга ташланди ва у борган сари катталашаверди. Моргансон ҳушёр тортди. Милтиқни шай ҳолатга келтиришга тушди: стволдан ўқни олиб, ўрнига янгисини жойлади. Тепкини сақлагичга тушириб, қўлқопини тортиб қўйди. Қора нуқта яқинлашавергач маълум бўлдики, у ҳинду экан. Моргансон тараддудланиб қолди. Тепкини кўтарди ва яна сақлагичга туширди. Моргансон ҳафсаласи пир бўлиб, милтиқни тиззасига қўйди. Ҳинду ёнгинасидан ўтиб кетди ва дарахтлар орасида ғойиб бўлди.
Моргансоннинг хаёлига ялт этиб бир фикр келиб қолди. Дарахт шохлари ерга тегай-тегай деб турган жойга ўтди. Йўғон шохларни болта билан йўниб, тиргак учун иккита чуқур кертик ясади. Кейин милтиқни тиргакка қўйиб, йўлни кузата бошлади. Йўлнинг бир қисми унинг нишони остида эди. Моргансон милтиқни нариги тиргакка жойлади; бу вазиятда у ўрмон дўнглигигача бўлган сайҳонликни нишони остида кузата оларди.
Моргансон сира пастга тушмасди. Йўлда кетаётган кишининг қирғоқ юқорисида аллаким беркиниб олиб, уни кузатаётгани хаёлига ҳам келмасди. Оппоқ қор кўрпаси ҳали юмшоққина эди. Чана излари ҳеч ерда йўлдан четга чиқмаганди.
Тунлар узайиб, Моргансоннинг кундузги навбатчилиги қисқарди. Бир сафар кечаси қўнғироқчаларини жаранглатиб йўлдан чаналар ўтиб қолди. Моргансон бу черков жоми монанд садоларга қулоқ берганча минг ўкинч билан нон чайнаб ўтирди. Содир бўлаётганларнинг бари унинг истак-хоҳишларининг чаппаси эди гўё. Изғириннинг дўзахий азобларига дош бериб ўн кун сабот-ла йўлдан кўзини узмади. Бироқ барчаси зое кетди. Фақатгина бир ҳинду ўтиб кетди, холос. Энди эса, кечаси, пойлаш зарур бўлмаган паллада одамлар, итлар, чаналар ғизиллаб ўтишмоқда ва улар жануб томон, денгиз, серқуёш ўлкалар, тамаддун ўчоғи томон йўл олишган эди.
Пистирмада кўзлари тўрт бўлиб кутганча чаналар борасида шундай хаёлларга борарди. Чаналарда ҳаёт деб аталмиш неъмат бор эди, унга аталган неъмат. Унинг вужудидаги ҳаёт сўниб бораётибди. Гоҳида чодирга ташриф буюрган ўлим аскарларини қувиб солмоқда. Чалақурсоқликдан мажолсизланиб борар, сафарни давом эттиролмасди. Кўпдан бери кутаётган чаналарда унинг тириклик шамига аланга бериши мумкин бўлган егулик бор эди. Чаналарда яна муллажиринг ҳам бор эдики, улар денгиз, қуёш, тараққиётни ваъда қиларди. Денгиз, қуёш, тараққиёт – буларнинг барчаси тирикликнинг манбаи. Бу фикр унга тинчлик бермай қўйди ва аста-секин ўзини ҳаётбахш неъматлар ортилган чаналарнинг хўжайинидай ҳис эта бошлади.
Ун ҳам охирлаб қолганди. Моргансон аввалги меъёрга ўтди – эрталаб иккита кулча, кечқурун икки кулча ерди. У тобора мадорсизланиб борар, изғирин ҳам чимдиб-чимдиб оларди. Шунга қарамай Моргансон кунба- кун йўлни, то ҳамон қасдма-қасдига ҳувиллаб жонсиз ҳолатда ётган йўлни кузатишда давом этарди. Ҳадемай касаллик кейинги босқичга ўтди: шиш энди товонигача етди. Тунлари соатлаб кўзига уйқу келмасди. Шиш тиззаларига ўтганда бутун бадани азият чека бошлади.
Аямажиз бирдан теварак-атрофни исканжага олди – ҳаво қирқ, эллик, олтмиш даража нолдан пастга тушиб кетди. Гарчи Моргансонда термометр бўлмаса-да, бу ўлкаларда муқим яшовчилар каби у ҳам ҳаво ҳароратини теваракдаги аломатларга қараб аниқлай оларди – сувни қорга сепганингда вишиллашидан, изғириннинг бутун баданингга ниш санчишидан ёхуд иланг-биланг ўрлаётган ҳовурнинг шитоб-ла музга айланишидан, баъзан қиров сингари чодирнинг дағал матодан тикилган деворларига инишидан. Қирғоқ юқорисидаги пойлоқчилигини ташламай у аёз билан бесамар олишарди. Совуқ унинг вужудига қилич тишларини ботириб олаётганди. Бурни ва ёноқлари совуқдан қорайиб кетди, сўл панжаси бошмалдоғининг биринчи бўғимидан воз кечавериш лозимлигини қўлқопни ечмаёқ тушуниб етди.
Айни аёз уни чодирга ҳайдаб киргизган кунлари йўл мазах қилаётгандай жонланди. Биринчи кун учта, иккинчи кун иккита чана қорни ғарчиллатиб ўтиб кетди. Мана, икки кун мобайнида у пойлоқчиликка чиққан эса-да, совуқ билан жангда енгилганди. Икки сафар ҳам чодирга кириб кетгандан сўнг ярим соатлар чамаси вақт ўтиб чаналар йўлни жонлантирганди.
Шундан кейин аёзнинг попуги хийла пасайди. Лекин аҳвол ўша- ўша. Нақ бир ҳафта қўриқчилик қилган Моргансоннинг кўзи бирон мавжудотга тушмади. Моргансон кунлик тановулини тағин иккита кулчага камайтирди. Гоҳида бу сезилмасди ҳам. Туриб-туриб ҳалигача нафас олаётганидан ажибланарди. Бани башарнинг шунчалар заҳмату азобларга дош бериши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмасди.
Йўлда яна тириклик нишоналари пайдо бўлганда уларни ишғол этиш Моргансоннинг қўлидан келмасди. Йигирма кишидан иборат шимолий- ғарб полиция отряди чаналарда, итларини аккилатишиб ўтиб кетишди. Моргансон тарашадай тиришиб сассиз ўтирар, азаматлар эса йўл четида яшириниб олган одамнинг ҳаёт шами сўнаётганидан бехабар эдилар.
Моргансон совуқ олган бошмалдоғидан хавотирланарди. Қўлқопини ечиб қўлини қўлтиғига тиқиб олиш одат тусига кирди. Йўлда кўринди. Моргансон уни ўтказиб юборди: хат ташувчи анчайин таниқли шахс, ғойиб бўлганини билишса, Моргансонни дарров қўлга туширишади.
Охирги ун-урпоқ сарфлаб бўлинган кун чор атрофга ёйилган ва увадаси чиққан оппоқ кўрпа устига момиққина янгиси тўшалди. Қор ёғаётган палла ҳаво илийди. Моргансон қимир этмай қирғоқ тепасида мисоли ўлжасини пойлаётган ўргимчакдек оч-наҳор ва сабот билан саккиз соат вақтини ҳавога учирди. Аммо ўлжадан дарак бўлмади. Кулбаи вайронасига қандай етиб олганини ҳам билмай, игнабарг дамламасидан бир-икки ҳўплади-да қийшайиб қолди.
Эртасига тақдир унга мурувват кўрсатди. Тонг саҳар кулбадан чиқибоқ тўрт юз ярд нарида юрган буғуга кўзи тушди. Моргансон илкис томирларида қон тезоблик билан югургилаётганини ҳис этди. Кейин эса вужудини тушуниксиз мадорсизлик эгаллади, томоғи қақраб кетди. Ўзига келиб олиш учун бир зумга қорга ётиб олди. Кейин милтиқни тўғрилаб, буғуни аста мўлжалга олди. Биринчи ўқ нишонга тегди, бунга ишончи комил. Бироқ буғу юқорига, тепалик томон чопиб кетди. Моргансон ғазабланиб, дарахтлар орасида лип-лип кўзга ташланаётган ҳайвоннинг ортидан кетма-кет ўқ узаверди. Бу ҳол токи у ҳаёт-мамоти учун зарур бўлган ўқларни ҳавога учираётганини англамагунча давом этди.
Зимдан кузата бошлади. Буғунинг йўналишини белгилаётиб, ўрмон ичидаги ялангликда қулаб ётган қарағайни пайқаб қолди. Хаёлан “қочоқ”нинг йўналиш чизиғини тортаётиб, буғу айнан шу қарағайнинг ён-веридан ўтади, деган тўхтамга келди. Яна битта ўқнинг баҳридан ўтса ўтибди-да. Қалтироқ қўллари билан милтиқни маҳкамроқ сиқиб, қарағай узра бўшлиқни нишонга олди. Буғу олд оёқларини кўтариб сакраган кез Моргансон варанглатиб ўқ узди. Буғу ҳаводаёқ жонсизланиб, қорга қулади.
Моргансон тепалик томон отилди, тўғрироғи, отилмоқчи бўлди. Кўзини очганда ҳушидан кетганини тушунди. Минг азоб билан ўрнидан турди, секин-аста одимлай кетди. Вақти-вақти билан нафасини ростлаб, бироз ўзига келиш учун тўхтади. Ниҳоят, қулаб ётган қарағайгача аранг судралиб етиб келди. Унинг ёнида буғу жонсиз ётарди. Моргансон жасад устига оғир чўкди ва бутун бошли қўшинни ер тишлатган баҳодирдай оғзини йиғиштиролмай қолди.
Асабий кулгусини босиб, ов пичоғини чиқарди ва дарҳол ишга киришди. У буғунинг терисини шилиб ўтирмади, тери-периси билан тўрт бўлак қилиб нимталади. Бу нақ Клондайк ўлкасини тўйдирадиган бир дунё гўшт эди.
Гўштни бир ёқлик қилгач, юз қадоқ вазнли бўлагини танлаб олиб, чодир томон судраб кетмоқчи бўлди. Аммо бунинг уддасидан чиқолмади. Шунда йигирма қадоқлигини танлаб олди-да, тўхтамасдан чодирга судраб олиб келди. Бир парча гўштни қовуриб, нафсини қондирди. Кейин эса беихтиёр оёқлари ўзининг постига бошлаб кетди. Қорда янги излар пайдо бўлибди: буғу билан андармонлигида чаналар ўтган кўринади.
Лекин у аза тутиб ўтирмади. Чаналар аввалроқ ўтиб кетмаганидан хурсанд эди: буғу режаларини ўзгартириб юборди. Бир қадоқ гўшт эллик цент туради, Минтогача эса уч чақиримдан зиёдроқ йўлни босиб ўтиши керак. Энди ноз-неъматлар ортилган чаналарни кутиб ўтиришга ҳожат йўқ: буғу уларнинг ўрнини боса олади. У гўштни сотиб, Минтода бир нечта ит, егулик ва тамаки харид қилади ҳамда итлар уни жанубга – денгиз, серқуёш ўлкалар, тамаддун ўчоғи томон олиб кетади.
Ошқозони боз сурнай чала бошлади. Муттасил давом этаётган золим очлик чидаб бўлмас майлга айланди. Қўналғасига етиб келди-ю бир бўлак гўштни қовуриб еб олди, кейин қуруқшаган шамадан тўлдириб, нақ икки марта мундштук бурқситди ва яна бир парча гўштни паққос туширди. Сўнг ўзида ғайриоддий куч-қувватни ҳис қилди. Ташқарига чиқиб шох-шабба йиғиб келди. Шундан кейин яна гўшт бўлагидан баҳраманд бўлди. Гўшт нафсини қитиқлар, егани сари иштаҳаси очиларди. Моргансон ўзини тия олмас – дам-бадам гўштга қўл узатарди. Кичикроқ бўлакни кесмоқчи бўлар, лекин қўллари ўзига бўйсунмасди.
Кундузи унинг миясига йиртқич ҳайвонлар озуқа захирасини ғажиб ташлайдилар, деган ўй келиб қолди-ю болта ва арқонни олиб, тепалик томон одимлади. Гўштни яшириш учун ўра кавлашга мадори етмасди; бунга нақд бир кун кетади. Бир қанча дарахт ғўлаларини жипс боғлаб, баландгина тахтасупа ясади. Кўзлагани кўнглидагидек чиқмаган эса- да, бундан ортиғи қўлидан келмасди. Гўштни юқорига кўтариш учун ўлардек зўриқиш зарур эди. Шу ерда Моргансон ҳийла ишлатди: арқонни дарахтнинг баланд шохидан ошириб ирғитди-да, бир томонига залворли гўшт бўлагини боғлаб, нариги учига бор вазнини ташлаб, юқорига тортди.
Чодирга қайтиб, ўзининг ёлғизликдаги базми жамшидини давом эттирди. Ҳамтовоқларга муҳтожлик сезмасди: ўзи-ю ошқозони – бор- йўқ улфатлар шугина. У гўштни бўлаклаб, қадоқлаб еб битирарди. Аччиққина қилиб чой дамлади. Бу сўнгги қуруқ чой эди. Ҳечқиси йўқ, эртага Минтодан сотиб олаверади. Сўнгги шамани ҳам чекиб тугатди. Нима бўпти! Эртага қўлида асл тамаки бўлади. Охирида бир парча гўштни тановул қилиб, ухлашга ётди. У шунчалар кам гўшт едики, гўё кўп еса, қорни ёрилиб кетадигандай эди. Аммо барибир устидаги адёлни ирғитиб ташлаб, яна кавшанишга тушди.
Эрталаб уйғониш Моргансон учун дўзах азобига айланди: уйқуси ўлимдек қаттиқ эди. Қулоғига тушуниксиз товушлар эшитилди. Қаердалигини бир зумга унутиб, товадаги гўшт бурдаларига кўзи тушмагунча аланглайверди. Яна тушуниксиз товушлар қулоғига чалингандагина барчасига тушунди; бўралаб сўкинганча ўрнидан турди. Дармонсизликдан оёқлари чалишиб кетди. Оғриқ зўридан букчайиб қолди. Кескин ҳаракат қилмасликка тиришиб чодирдан чиқди.
Гўшт қолдирилган тепаликдан ора-чора увиллаётган бўриларнинг ириллаб ғажишаётгани қулоққа чалинди. Оғриқни ҳам писанд қилмай, Моргансон қадамини жадаллатди ва таҳдидли ҳай-ҳайлаб бақирди. Бўрилар кўздан йўқолди, улар бир гала экан. Тахтасупа қорда оёғи осмондан бўлиб ётарди. Йиртқичлар гўштни паққос тушурганларидан ва эгасига чайнаб-ғажиб ташланган сарқитларнигина қолдирганликларидан ўзларида йўқ шод бўлишса кераг-ов.
Моргансон фалокат қандай юз берганинин тахмин қилди. Бўрилар гўшт исини олишган. Улардан бири тахтасупага ўзини отган. Моргансон бу сўйлоқтишлар шунчалик баландга сакрай олишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Бўрилар бирин-кетин сакрайверишган ва натижада шундоғам омонот турган тахтасупа қулаб тушган.
Шуларни тасаввуридан ўтказган Моргансоннинг нигоҳи бир онга қаҳрли тус олди; кейин яна сабр-бардош ифодаси юзага қалқди. Қиртишлаб тозаланган ва ғажиб ташланган суякларни бир ерга тўплай бошлади: ҳартугул илиги бор-ку. Қорда тимирскиланиб, қоринлари қаппайгач, бўрилар менсимай қолдириб кетган озроқ гўштни топиб олди.
Тушгача қолган-қутган сарқит суякларни чодирга ташиди. Чодирда ҳам тунов куни олиб келган гўштдан ўн қадоқча қолганди. Озиқ-овқат захирасига назар ташлаб, ўзича: “Икки-уч ҳафтага етади”, деб қўйди.
Моргансон очлик водийсида кун ўтказишга кўникиб қолди. Милтиқни артиб-тозалаб, бор ўқ-дорини санаб кўрди – еттита қолибди – ва ўзининг доимий постига борди. Тағин кун бўйи кимсасиз йўлга кўз тикиб, бесамар вақт ўтказди, наинки кун бўйи, балки бутун хафта мобайнида шу тарзда кунни кеч қилиб, ўзини овутиб юрди. Аксига олиб йўлда биронта тирик жон кўринмасди.
Гўшт уни оёққа турғизган бўлса-да, касаллик бутун вужудини сиқувга ола бошлаганди. Бундан кейин қуруқ суякнинг ўзидан қайнатма шўрва тайёрлаб, тирикчилик қилишни ўрганиб олди. Суякларни янчиб, яна ва яна қайнатаверди. Айниқса, гўштли қайнатма жонига оро кирди. Ўша, буғуни отган кундан буён анча-мунча эт олди.
Кейинги ҳафта Моргансоннинг ҳаётида янги ташвиш туғилди: бугун қандай сана эканлигини билгиси келиб қолди. Бу ўй хирапашшадай миясига ўрнашиб олди. У ўйлай-ўйлай, ҳисоблай-ҳисоблай ҳар сафар ҳисобдан адашиб кетаверди. Шу ўй билан уйғонар, уззукун шу ўй миясини пармалар ва кечаси ҳам шу ўй билан уйқуга кетарди. Баъзида тунлари мижжа қоқмай тонг оттирарди. Аслида бу унчалик аҳамиятга эга бўлмаса-да, Моргансоннинг очликдек, яшашга бўлган иштиёқдек хавотири алангаланаверди. Охир-оқибат бу ўз кучини кўрсатди ҳам. Моргансон шаҳарга тушишга жазм этди.
Минтога кириб келганда қора тун ўз пардасини тортиб улгурганди. Лекин бу ҳам унинг фойдасига эди: қоронғуда биров уни таниб қолмайди. Қайтишда эса ой йўлини ёритиб туради. Ҳув ўша кунги қовоқхона эшигини очиб тўғри кираверди. Ичкарида атиги бир неча дона шам ёғду сочиб турса-да, хонадаги ёруғлик кўзини қамаштириб юборди. Моргансон ҳаддан ташқари узоқ муддат зим-зиё қўналғада яшаганди. Ниҳоят, кўзлари ёруғликка ўргангач, печ атрофида ўтирган уч эркакка кўзи тушди ва ўша ондаёқ ҳаммасига тушунди: учовлон чанада саёҳатга чиқишган, фақат бошқа тарафдан келишган. Эртага чодир ёнидан ўтишлари турган гап.
Ҳайрон бўлган қовоқхона соҳиби ҳуштак чалиб юборди.
– Аллақачон мурдага айлангансан, деб ўйловдим.
– Нечун?
Моргансон гапиришни унутиб қўйганди. Ҳозир ҳам ўзининг овози бегонадек ва хирилдоқ туюлди.
– Икки ойдан зиёдроқ сендан бирон хат-хабар бўлмади, – тушунтирди қовоқхона эгаси. – Бу ердан жануб томон йўл солдинг-у, Селкеркка етиб бормадинг. Қаёқларда қолиб кетдинг, ўзи?
– Кемалар ширкати учун ёғоч кесиб юрдим, – Моргансон тўқиган ёлғонига ўзи ҳам ишонқирамади.
У ҳануз овозини измига бўйсундиролмай ҳалак эди. Пештахтага яқинлашиб, тирсаги билан суянди. Обдон ўйлаб, кейин алдаш лозимлигини жуда яхши тушунарди; зоҳиран совуққон ва бепарво кўринса-да, юраги така-пука бўлар, ичида довул қўпган эди. Анов уч оға-инига еб қўйгудек қарашдан ўзини тиёлмади. Ахир, улар ҳаёт деб аталмиш неъматнинг соҳиблари.
– Жин урсин сени, қай гўрга йўқолдинг? – сўроқни давом эттирди қовоқхоначи.
– Нариги соҳилда эдим. Ўзиям бир дунё ўтин кесдим.
Қовоқхоначи тушунгансимон бош силиб кулиб қўйди.
– Ўша томонларда дарахт кесишяпти, деб эшитгандим. Демак, ўша сен экансан-да. Хўш, бирон нима ичасанми?
Моргансон иккала қўли билан пештахтага чиппа ёпишди. Ичасанми,дейди-я! Моргансон сал қолса бу халоскорнинг оёқларини ялашгача борарди. У жавобга оғиз жуфтлаган эди, аммо қовоқхоначи унинг ройишини кутиб ўтирмай шиша узатди.
– Нима еб тирикчилик қилдинг? Назаримда, ҳатто новда кесадиган аҳволда эмассан. Кўринишинг ҳам ҳавас қилгудек эмас, оғайни.
Моргансон ташналик билан ўзига муштоқ қилган шишага қўл чўзиб, қулт этиб ютиниб олди.
– Зангилага йўлиқишимдан аввал ўрмон кесишни бошлагандим. Ундан ташқари буғу овладим. Ана шунақа, яшашим чакки эмас. Фақат бу дард ўлгур бошга битган бало бўлди. – Стаканни тўлдириб, илова қилди: – Игнабарг дамламасидан ичиб турибман. Анча нафи тегди.
– Қуй яна, – манзират қилди қовоқхона эгаси.
Оч қоринга ичилган икки стакан виски заиф танада шу заҳоти ўз ишини кўрсатди. Моргансон ҳушига келганда печ ёнидаги яшикда ўтирган эди. Орадан бир аср ўтиб кетгандай туюлди. Дароз, қорасоқол, яғриндор киши қовоқхона эгаси билан ҳисоб-китоб қилди. Моргансоннинг кўз ўнгини туман қоплаган бўлса-да, қорасоқол қалингина пул дастасидан биттасини ажратиб олганини кўрди.
Туман бир зумга тарқади. Бу юз долларлик пуллар эди. Ҳаёт! Унинг ҳаёти! У пулларга чанг солиб, қоронғу бурчакка отилишдек енгиб бўлмас истакни туйди.
Қорасоқол қўзғалди: ортидан жўраларидан бири ҳам ўрнидан турди.
– Кетдик, Ольсон, – деди қорасоқол норғул, юзи қизил, малладан келган йўлдошларига.
Ольсон эснаб, керишганча ўрнидан қўзғалди.
– Нима, дарров ётмоқчимисизлар? – деди ранжигансимон қовоқхона эгаси. –Ҳали эрта-ку.
– Эртага Селкеркда бўлишимиз лозим.
– Рождествонинг биринчи кунида-я!
– Кундузи йўл юриш хийла осонроқ.
Учовлон чиқиб кетишди. Ана шундагина Моргансоннинг онгига уларнинг сўзлари етиб борди. Мана бугун қандай кун экан – Рождество арафаси! Айни шуни билиш учун Минтога қадам қўймаганмиди, ахир. Лекин ҳозир хаёлини манави уч сиймою юз долларлик бир даста пул босиб кетди.
Эшик қарсиллаб ёпилди.
– Бу Жон Томсон, – деди қовоқхоначи. – У Олтингугурт сойида ва Бонанзада икки миллионлик олтин қазиб олган. Пуллар унга шундоқ ҳам оқиб келаверади. Энди ётсам бўлаверади. Балки яна пича отволарсан?
Моргансон бош чайқади.
– Байрам учун, – оёқ тираб олди қовоқхона эгаси. – Ташвиш тортма. Ўтинларни сотиб бўлишинг заҳоти тўлайверасан.
Моргансон мастлигини ошкор этмай хайрлашиб, йўлга чиқишга ўзида ирода топа билди. Ойдин кеча. У кумуш сукунат ичра юз долларлик даста пулга эврилган тириклик ва ҳаёт хаёлотида кетиб борарди.
Моргансон уйғониб кетди. Ҳали тун қора пардасини йиғиштирмабди. У эгни-бошини ечмаёқ қотиб қолган экан. Дик этиб ўрнидан туриб, олов ёқиб, сув қайнатди. Декчага қарағай игнабаргидан сепаётиб субҳнинг илк оқиштоб шуълаларини пайқади-ю, милтиғини олиб, қирғоқ томон шошди. Пистирмага ўрнашиб олгандагина шифобахш дамламасидан ичмагани эсига тушди. Хаёлига, Жон Томсон Рождествонинг биринчи кунида йўлга чиқса керак, деган ўй келди.
Тонг отди. Ҳаво совуқ ва очиқ. Моргансон, аёз олтмиш даражадан паст бўлмаса керак, деб тахмин қилди. Оғир қутб сукунатини сассизгина эпкин ҳам бузишга журъат этгани йўқ. Туйқус Моргансон қаддини ростлади. Солқиган оёқларини оғриқ хиппа бўғди. Йироқдан аллакимларнинг ҳайқириғи, итларнинг акиллаши элас-элас яқинлашарди. Моргансон қўлларини бели-биқини аралаш ура бошлади. Олтмиш даража совуқда тепкини босиш учун қўлқопни ечишнинг ўзи бўладими?
Улар ўрмон дўнглиги ортида кўринишди. Олдинда Моргансон исмини билмайдигани. Ортидан чанага қўшилган саккизта ит. Жон Томсон ёнбошда таёқ кўмагида уларни йўлга солиб келмоқда. Энг охирида швед Ольсон. “Хушрўй барзанги”, деб ўйлади Моргансон нигоҳлари бу девқоматнинг эгни-бошида сирпанар экан. Одамлар ва итлар қораси оқ гиламда аниқ-тиниқ намоён бўларкан. Улар сурат сингари ясси кўринар, турнақатор ҳаракатланишарди. Моргансон қуролни тиргакка қўйиб отишга чоғланган замон бармоқлари увишиб қолганини сезди. Одамлар ва итлар борган сари яқин келаверишди. Паға-паға буғ уларнинг оғзидан чиқаётган ҳовур эканлигини кўрди. Олдиндаги эллик ярдга яқинлашганда Моргансон кўрсатгич бармоғини тепкига қўйди.
Гумбурлаган товуш янгради; олдиндаги одам сулайиб, оёғи осмондан бўлди. Моргансон ҳовлиқиб, Жон Томсонни нишонга олди. Бироқ ўқ ҳато кетди. Жон гандираклаб, чанага минди. Моргансон нишонни юқорироқ олиб, яна ўқ узди. Жон Томсон чалқанчасига ағанади.
Моргансон бор диққат-эътиборини Ольсонга қаратди. Ольсон Минто томон жидду жаҳд-ла югурарди. Итлар эса кўндалангига узала тушиб ётган ўлик ёнига келиб тўхташди. Моргансоннинг ўқи яна хато кетди; Ольсон кескин бурилиб, дам чапга, дам ўнгга ташланарди. Моргансон унинг ортидан иккита ўқни пайдар-пай қўйиб юборди. Тегмади. Тепкини таваккал босмоқчи бўлди, лекин ўзини қўлга олди. Атиги бир дона ўқ қолибди. Бу сафар янглишишга ҳаққи йўқ.
Моргансон зўр диққат билан қочоқни кузатар эди. У олға силжиётган Ольсонга милтиғи милини тўғрилади. Бармоғи увушиб қолибди, тепкини сезмади.
– Тангрим, ўзинг мадад бер! – нидо қилди ва тепкини босди.
Ольсон юзтубан йиқилди, заранг йўлда бир неча марта ўмбалоқ ошди. Қўллари ёрдамида туришга чиранди, бироздан кейин қимирламай қолди.
Моргансон қуролни ташлади (сўнгги ўқ сарфлаб бўлингач, нимагаям ярарди) ва юмшоқ қор устида пастга тайғониб кетди. Иш битди, яширинишнинг зарурати йўқ. У оқсаб-тўқсаб, ёвузларча қўлларини мушт тугиб чаналарига отилди. Бироқ итларнинг ириллаши уни жойига михлади. Эшакдай йўлбошчи ит ҳурпайволиб, Моргансонга тишларини иржайтирганча йўлда кўндаланг ётган жасад устида бўй кўрсатди. Қолган еттитаси ҳам ҳурпайиб ириллашарди. Моргансон чанага бир қадам яқинлашишга уринмоқчи эди, бутун тўда унга ташланди. Дам таҳдид, дам эркалаш билан итларни тинчлантирмоқчи бўлди. Йўлбошчининг оёқлари орасида ўликнинг докадек оппоқ юзига кўзи тушиб, тириклик нишонаси аёзга осонгина жой бўшатганига танг қотди. Жон Томсоннинг танаси чанадаги юклар устида, боши эса лаш-лушлар орасида қийшайиб ётарди. Моргансон фақат диккайиб қолган қора соқолни кўра олди, холос.
Бу иблис малайлари яқин йўлатмаслигига амин бўлгач, Моргансон қалин қор кечиб, чаналарни айланиб ўтмоқчи бўлди. Йўлбошчи унга ташланди, бутун тўда ҳам шатак қайишга ўралашиб, раҳнамолари кетидан сапчишди. Оқсоқ оёқлари Моргансонга жадалроқ ҳаракатланишга имкон бермасди. Итлар ўраб олаётганини кўриб чекинмоқчи эди, йўлбошчи ит бир ҳамла билан оёғига тиш ботирди. Болдирини тишлаб узиб олай деса-да, барибир қутулиб кета олди.
У итларга ҳақоратлар ёғдирди, аммо ювошлантиролмади. Бутун тўда ириллаб, унга ташланишга чоғланарди. Шу чоқ Моргансон лоп этиб Ольсонни эслаб қолди. Қайрилиб, йўл бўйлаб кета бошлади. Ғажиб ташланган оёғи парвойига ҳам келмади. Ярадан қон шариллаб оқарди – қон томири жароҳатланибди, лекин ўзининг бундан хабари йўқ.
Ҳаммасидан кўра Моргансонни шведнинг докадек оқарган афти ажаблантирди. Кечагина лоларзордек қип-қизил эди. Ҳозир эса мармар каби оппоқ. Оқ-сариқ сочлар ва киприклар мармар ҳайкалга муштараклик касб этмоқда. Бу одамни бир неча дақиқа илгари тирик юрганини тасаввур қилиш қийин. Моргансон жасадни тинтишга тушди. На пул чандилган белбоғ, на олтин тўла халта топилди. Парканинг* кўкрак чўнтагида чоғроқ кармон қаппайиб турибди. Ичидаги борини титкилаб кўрди – ажнабий муҳрли ва маркали мактуб, бир қанча квитанция, қандайдир ҳисоб- китоблар, маълумотномалар, саккиз юз долларга аккредитив… Бор-йўғи шу. Пулдан асар ҳам йўқ.
Моргансон чаналари ёнига қайтиб бормоқчи бўлди-ю, бироқ ўрнидан жилолмади: оёғи ерга ёпишиб қолибди. Қараса, оёғи музлаган қизил кўлмакда турганини кўрди. Бир силташ билан бу алвон муз кишандан халос бўлди ва чаналар томон ошиқди. Баҳайбат йўлбошчи ириллаб олдинга талпинар, бутун тўда унга тақлид қиларди.
Моргансон ночорликдан ўкириб юборди. Бу гўё қалтис ҳазилга ўхшарди. Қаттол қисмат унинг устидан мағзава тўкиб юборганди гўё. Ҳатто Жон Томсон ҳам соқолини ҳилпиллатиб, унинг устидан кулаётир.
Ақлдан озган Моргансон чаналар теграсида тентирарди. Гоҳ ўкиниб,гоҳ ҳўнграб чаналардаги ҳаёт неъматларини итлардан ялиниб-ёлвориб сўрарди. Кейин тинчиб қолди. Қандай аҳмоқгарчилик! Ҳозир чодирга бориб, болтани олиб келади-да, итларнинг бошини мажағлаб ташлайди. Ҳали кўрсатиб қўяди бу итдан тарқаганларга!
Чодирга бориш учун қутурган итларни узоқдан айланиб ўтиш лозим эди. Моргансон юмшоқ қорда юра юбошлади-ю, боши айланиб, таққа тўхтади. Агар яна бир қадам қўйса, йиқилишидан қўрқди. Шу важдан оёқлари қалт-қалт титраб, узоқ туриб қолди. Пастга кўз ташлади – оёқ ости қирмизи гилам тус олибди. Ярасидан қон оқиши тўхтамаганди. Ит шунчалик чуқур тишлайди, деб ким ўйлабди дейсиз!
Бош айланиши ўтиб кетгач, жароҳатини текширмоқ учун энгашди. Оппоқ қор унга ташланаётгандай туюлди ва у мушт егандай орқага тисланди. Ваҳима бутун вужудини эгаллаб олди – қулаб тушмаса гўрга эди – у зўр бериб қаддини ростлади. Милт-милт йилтиллаётган оппоқ қор рангга кирди.
Ўзига келганда Моргансон қорда ётарди. Боши айланмас, кўз олдини қоплаган туман тарқалиб кетибди. Шундай эса-да, ўрнидан туролмади: мажоли етмади. Жисми жонсиз эди. Минг машаққат-ла ёнига ағдарилди. Чана ва серрайиб ётган қорасоқол Жон Томсонни кўрди. Йўл бошловчи кўппак кўндаланг ётган эгасининг юзини ялаб-юлқарди. Моргансон қизиқсиниб кузатаверди.
Ит бетоқат бўларди. Ора-сира ўликни уйғотмоқчидай вовулларди. Ахийри ўтириб, калласини кўкка чўзди-да, увиллади. Ортидан бутун гала мотам куйини бошлади.
Қорда узала тушиб ётган Моргансон ортиқ ҳеч нарсадан қўрқмасди. У ўзининг ўлик танасини қай йўсинда топиб олишларини тасаввур қилди. Хўрлиги келиб кўзидан ёш оқди. Лекин ваҳима уни тарк этганди. Жанг тугади. Кўзини очмоқчи бўлди. Аммо музлаб қолган киприкларини бир-биридан ажратолмади. Қайтиб кўзини очишга уринмади. Энди барибир эмасми?! Жон таслим қилиш бунчалик енгил кечади, деб ўйламаган экан.
Азоб-уқубатларга тўла шунча умрини кураш ва қийноқда ўтказганига ўзидан аччиқланди. Ўлимни рўкач қилиб, уни лақиллатишибди. Ўлим ҳеч нарса эмас экан. Барча тортган азоблари ўлим деб аталмиш неъматни бошлаб келди. Ҳаёт ўлимга туҳмат қилди. Қандай бедодлик!
Кейин эса қаҳр-ғазаб чекинди. Энди, ҳақиқат аён бўлгач, ёлғон ва мунофиқлик аҳамиятсиз эди. Уни мудроқ енга бошлади, ором ва озодликни ваъда қилиб, ширингина уйқу босди. Олислардан итларнинг улиши элас-элас қулоғига чалинди. Вужудини чирмаб олган аёз зиғирча-да оғриқ бермаяпти, деган ўй шууридан йилт этиб ўтди. Кейин шуури хира тортди, ортидан киприкларидаги дур оралаб қабоқларини ёриб ўтаётган нур ҳам сўнди. Сўнгги оғир хўрсиниқ ила руҳи енгиллашиб, абадий уйқу салтанатига кўчди.
_______________
Бекон – дудланган чўчқа гўшти
Зангила – милк касаллиги.
Парка – шимолий халқларнинг қишлик мўйнали кийими.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

    Бошқа янгиликлар