Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан мурожаатлар билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси изчил таъминланмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлардан тушаётган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида қўмитанинг customs.uz сайтидаги “Савол йўллаш” хизмати негизида “Виртуал қабулхона” ташкил қилинди. Бундан ташқари, қўмита ва ҳудудий божхона бошқармалари раҳбарларининг шахсий қабули ташкил этилмоқда.
Қўмита ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2016 йилнинг ўн ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан қўмитага мингга яқин мурожаат келган. Шунинг деярли ярми Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тушган. Юздан зиёд жисмоний ва юридик шахсларнинг вакили қўмита раҳбарлари томонидан қабул қилинган.
Мурожаатлар таҳлилига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг кўпчилигини божхона назоратини ўтказиш ва расмийлаштирув, божхона тўловларидан озод қилиш ва имтиёзлар, мусодара этилган товар-моддий бойлик ёки жарималарни қайтариш, ишдан ноқонуний бўшатилганлиги, ўқишга тиклаш, божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ масалалар ташкил этган. Мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилиб, ҳал этилган.